Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:00

Ҳукуматни ёқласа – яхши журналист, ёқламаса эса...


Тўлқин 3 май куни Тошкентда Жаҳон матбуот эркинлиги кунига бағишланган анжуман бўлиб ўтди. Унда таниқли журналистлар, Ўзбекистон ОАВ раҳбарлари, турли вазирликлар, халқаро ташкилотлар, хорижий ваколатхоналар вакиллари иштирок этди. Тадбирда Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият муҳокама қилинди.

Анжумандаги дастлабки маърузачи - БМТнинг “Симера” лойиҳаси вакили Александр Хамагаевнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда матбуотни эркинлаштириш борасида бироз ижобий ўзгаришлар кўзга ташланган. Аммо мамлакатда март ойи охири - апрель ойи бошида содир бўлган террорчилик ҳаракатларидан сўнг бу ижобий силжишлар барҳам топган.

А.Хамагаевнинг фикрича, Ўзбекистон ҳукуматининг бюрократик аппарати журналистиканинг эркин ривожланишига тўсқинлик қилаётир.

Мазкур маъруза муҳокамасида қатнашганлар уни бирмунча силлиқ тайёрланган, деб баҳолади. АҚШнинг “Юнайтед пресс интернешнл” агентлиги вакиласи Марина Козлованинг айтишича, маърузада Ўзбекистон ҳукумати томонидан журналистларга ўтказилаётган тазйиқлар ҳақида фикр билдирилмаган.

“Трибьюн.уз” сайти раҳбари Аъло Хўжаевнинг таъкидлашича, аслида Ўзбекистонда сўз ва матбуот эркинлиги умуман йўқ. Матбуотда кечаётган жараённи, айниқса, портлашлардан кейин “Халқ сўзи” газетасидаги чиқишларни ўзбек матбуотининг ўсиши эмас, балки инқирози сифатида баҳолаш мумкин.

Анжуманда “Журналистика тараққиётининг Германия тажрибаси” мавзуида маъруза қилган Фридрих Эберт жамғармаси вакили Райнхард Крумм Ўзбекистон матбуоти хусусида тўхталиб, қуйидаги фикрни билдирди:

“Ўзбекистонда журналистлар ёки ҳукуматга қарши ёки уни ёқлашни танлаши керак. Агар қарши бўлса, бу журналист ўйиндан чиқарилади. Агар ёқласа, яхши журналист ҳисобланади. Бу эса мутлақо нотўғри”.

Анжуманда маърузалар юзасидан бўлиб ўтган муҳокама жараёни жуда қизқин кечди. Ҳар ким ўз мулоҳазасини билдириш имконига эга бўлди.

“Озод овоз” сайти раҳбари Бобомурод Абдуллаев Ўзбекистонда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият йилдан йилга ёмонлашиб бораётганини таъкидлади.

“Ўйлайманки, ўзбек матбуотининг шундай аҳволга тушиб қолишига сабаб бизда сиёсий тузум диктатурага, яъни фақат бир кишининг хоҳиш-иродасига асосланганидир. Ҳокимият диктатурага асослангач, тузум ҳамма нарса устидан монополия ўрнатишга, эга бўлишга даъво қилади. Фақат диктатор ва унинг атрофидагилар бойиши керак. Фақат диктатор ва унинг гумашталари мамлакатнинг барча бойликларига эгалик қилиши керак. Улар ҳақиқатга ҳам эгалик қилишни табиий ҳисоблайди. Диктатор фақат ўзининг гапини ҳақиқат деб, бошқалар, айтайлик, мустақил журналистнинг гапини нотўғри деб билади”, - деди Б.Абдуллаев.

Б.Абдуллаевнинг фикрича, Ўзбекистонда ҳокимият, сиёсий тузум ўзгармас экан, матбуотнинг аҳволи яхшиланмайди.

Б.Абдуллаевнинг ушбу сўзларидан сўнг Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги бош директори Рустам Шоғуломов сўз олди. Унинг айтишича, матбуот эркинлиги дегани ҳар нарсани гапириш мумкин дегани эмас.

“Бобомурод Абдуллаевнинг маркази анча вақтдан буён ишлаб турибди. Ҳеч ким унга индагани йўқ. Ҳозир Бобомурод чиқиб, диктатор деб айтди. Диктатор дейишга сенинг қандай ҳаққинг бор? Ахир бу ҳақорат-ку”, - деди бош директор.

Р.Шоғуломов анжуманда ўзбек матбуотига нисбатан фақат танқидий фикрлар билдирилиши холислик эмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига қараганда, мустақилликдан кейин Ўзбекистонда 90 та оммавий ахборот воситаси фаолият кўрсатган бўлса, бугунга келиб улар сони 800 тага етган. Бу каби ўзгаришлар мамлакатда матбуот ривожланаётганидан дарак беради.
XS
SM
MD
LG