Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:54

Баъзи мамлакатлар АҚШнинг террорчи давлатлар рўйхатида қолмоқда


2003 йилда аввалги йиллар сингари бир қатор террор ҳужумлари уюштирилди. Хусусан, Истанбулда содир этилган иккита террор ҳужуми оқибатида 61 одам, Жакарта меҳмонхонасидаги бомба ҳужуми оқибатида эса 12 одам нобуд бўлди. Бироқ, АҚШ Давлат Департаменти маълумотига кўра, ўтган йил яширин халқаро террор тармоғини ташкил этган гуруҳлар томонидан уюштирилган ҳужумлар сони камайган. Эктремистик гуруҳларга қарши курашда давлатлараро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилгани бунга асосий сабаб, дейилмоқда.

АҚШ Давлат Департаментининг халқаро терроризм ҳақидаги янги ҳисоботига кўра, 2003 йили дунё бўйича, сўнгги 34 йил давомида энг кам террор ҳужумлари содир этилгани қайд этилган.

Ҳужжатда айтилишича, 2002 йили дунё бўйлаб 198та террор актлари содир этилган бўлса, ўтган йил бу кўрсаткич 190тани ташкил этган. Ҳисоботга кўра, 2003 йили террор ҳужамлари оқибатида 307 одам нобуд бўлган, 1 минг 593 одам жароҳатланган. 2002 йилги террор ҳужумлари оқибатида эса 725 одам нобуд бўлган ва 2013 одам яраланган.

АҚШ Давлат Департаментининг халқаро терроризм ҳақидаги йиллик ҳисоботига Ироқдан ташқари дунёнинг барча давлатларига оид маълумотлар киритилган. Айтилишича, Ироқдаги ҳужумлар, асосан, ҳарбий характерга эга.

АҚШ Президенти Жорж Буш ва унинг юқори лавозимли мулозимлари Ироқдаги исёнчиларни террорчилар, деб атаётган бўлсалар-да, Ироқдаги ҳужумлар ва уларда кўрилган талафотлар сони ҳисоботга киритилмаган. АҚШ Давлат Департаментига кўра, 2002 йилда дунё бўйлаб АҚШ объектларига қарши 77та ҳужум уюштирилган бўлса, 2003 йилда улар сони бештага кўпайиб, 82тани ташкил этган.

Давлат Департаментининг терроризмга қарши кураш масалалари бўйича юқори лавозимли расмийси Кофер Блэк терроризмга қарши курашда етарли чора кўрмаётганликда айбланган Саудия Арабистони, эндиликда бу борада жиддий чоралар кўра бошлаганини билдирди.

Айни пайтда, Блэк Яқин Шарқ ва Осиё давлатларида терроризмга қарши кураш сезиларли яхшиланганини таъкидлади:

“2003 йилда давлат ҳомийлигидаги террор ҳаракатлар камроқ кузатилди. Ливия терроризмни қоралади. Судан глобал терроризмга қарши курашда ўз ҳамкорлигини сезиларли оширди. Шунингдек, Афғонистон ортиқ террорчилар ўчоғи бўлмай қолди.”, - дейди Давлат Департаменти расмийси.

Шунга қарамай, Ливия АҚШ Давлат Департаментининг терроризмни қўллаб-қувватлаётган давлатлар рўйхатида қолмоқда. Кофер Блэк, Ливия ва Судан терроризмни қўллаб-қувватламаётганини исботлаш бу мамлакатлар раҳбарларига боғлиқ эканини таъкидлади.

Эълон қилинган ҳисоботда Ироқ терроризмни қўллаб-қувватлаётган давлатлар рўйҳатида қолаётгани маълум қилинган. Бироқ Давлат Департаменти расмийсига кўра, Ироқ муваққат ҳукумати иш бошлаб, мамлакат ўз суверенлигини қайта қўлга киритганидан кейин, Ироқ қора рўйҳатдан ўчирилади.

Кофер Блэкка кўра, Куба, Эрон, Шимолий Корея ва Сурия ҳукуматлари халқаро террорчилар билан алоқани узиш йўлида етарлича чора кўрмагани сабабли бу давлатлар қора рўйҳатда қолаверади.

Блэк, ҳозирда Ал-Қайданинг аввалгидек халқаро хавфсизликка таҳдид сололмаётганини айтиб, бу терроризмга қарши курашда давлатлараро ҳамкорлик яхши йўлга қўйилгани натижаси эканини урғулади. АҚШ расмийсига кўра, ўтган йили дунё бўйлаб 3 минг 400дан ортиқ Ал-Қайда аъзоси қўлга олиниб озодликдан маҳрум этилган.

АҚШ Давлат Департаменти эълон қилган халқаро терроризм ҳақидаги йиллик ҳисоботда Пхенян расмийларининг 1987 йилдан бери террорчилар билан алоқаси борлигига оид янги далиллар қўлга киритилмагани билдирилган. Матбуот конференциясида Шимолий Корея ҳақида сўралганида Блэк:

“АҚШ узоқ хотирага эга ва вақт ўтиши билан АҚШ террорчилар ҳомийларини ўз рўйхатидан шунчаки чиқариб ташламайди”, - деди Давлат Департаменти рамийси Кофер Блэк.
XS
SM
MD
LG