Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:03

Коалиция аскарлари ироқлик маҳбусларни таҳқирлангани учун АҚШ Мудофаа вазирининг узр сўраганига оддий ироқликлар муносабати


АҚШ Мудофаа вазири Доналд Рамсфелд ўзининг бир неча генерали билан АҚШ етакчилигидаги коалиция аскарлари ироқлик маҳбусларни хўрлагани юзасидан жума куни Конгресс қўмитасида кўрсатма бергани ҳақида аввал маълумот берган эдик. Рамсфелд ўз чиқишида ироқлик маҳбуслар таҳқирланганини тан олиб, бунинг учун Мудофаа вазири сифатида масъулиятни ўз зиммасига олди ва бўлган воқеалар учун ироқликлардан кечирим сўради. Рамсфелднинг Конгресс Қўмитасига кўрсатма бериши шанба куни ғарб матбуоти диққат марказида бўлди. АҚШ Мудофаа вазирининг Конгресс қўмитасидаги кўрсатмаси билан боғлиқ воқеаларни ҳамкасбимиз Ҳасанжон яқиндан кузатиб боряпти.

А.А. Ҳасанжон аввало АҚШ мудофаа вазирининг чиқиши ҳақида ироқликлар қандай фикр билдирмоқдалар?

Ҳозирда жаҳон жамоатчилиги, жумладан, оддий ироқликлар ҳам Рамсфелднинг кечирим сўраганига ўз муносабатларини билдираяптилар. Абдул Карим Умар ироқлик маҳбусларни таҳқирлашда иштирок этган коалициянинг барча ҳарбийси жазоланиши кераклигини айтди:

“Биз Рамсфелд эмас, балки ироқлик маҳбусларни таҳқирлаган барча ҳарбийлар, хоҳ у оддий аскар бўлсин ёки юқори лавозимли зобит, уларнинг барча-барчаси жазоланишини истаймиз. Бу ердаги масъул ҳарбийлар, яъни, генералдан то зобитгача, маҳбусларга нисбатан ғайри инсоний муносабатда бўлганлари учун жазоланишлари керак”, - дейди Умар.

Бошқа бир ироқлик Аҳмад Хади Аббос ироқлик маҳбусларни таҳқирлаган коалиция аскарлари жазоланиши ва жабр кўрганларга товон пули тўланиши кераклигини айтади:

“Маҳбусларни қийнаш демократиями? Кечирим сўрашнинг ўзи етарли эмас. Масъул шахслар бунинг учун жавоб беришлари керак ва хўрланган маҳбусларга маънавий кўмак ва моддий товон пули тўланиши керак ”, - дейди оддий ироқлик Аҳмад Хади Аббос.

А.А. Ҳасанжон, мана шу воқеалардан кейин энди Рамсфелд қандай йўл тутиши мумкин? Бу ҳақда таҳлилчилар қандай фикр билдирмоқдалар?

Ғарб матбуотида тарқатилган айрим маълумотларга кўра, Мудофаа вазири лавозимида қолиш-қолмаслиги масаласини уч омил, яъни, Оқ Уй маъмурияти қарори, Республикачи конгрессменлар ёки Рамсфелднинг ўзи ҳал қилиши мумкин.

АҚШ Президенти Жорж Буш Рамсфелднинг истеъфога чиқишини хоҳламайди. Дамократик партия аъзолари эса жанжалли воқеалар хусусида якдил эмаслар. Аммо Рамсфелднинг республикачилар партияси аъзолари, хусусан Сенатор Линдсей Грахам Мудофаа вазири ўз вазифасини “яхши” бажараяпти, деган фикр билдирди.

Рамсфелднинг ўзи эса жума кунги чиқишида бўлиб ўтган воқеалар учун ўз лавозимидан истеъфога чиқмаслигини айтган.

А.А. Ҳасанжон, энди диққатни Ироққа қаратсак. Шанба куни Ироқда қандай воқеалар юз берди?

Бугун Ироқнинг иккинчи йирик шаҳри - Басра порт шаҳрида шиа уламоси Муқтадо ас-Садр тарафдорлари ва шаҳарни назорат қилаётган Британия аскарлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлди.

Гувоҳлар айтганига кўра, автомат ва гранатомётлар билан қуролланган ас-Садрга қарашли Меҳди армиясининг юзлаб аъзоси Басра кўчаларида патрул назоратида юрган британиялик аскарларга қарата ўт очган. Шаҳарнинг бошқа туманларидаги Британия аскарлари эгаллаган позицияларни ҳам ўққа тутилган.

А.А. Тўқнашувларда томонлар талафот кўрдими?

Хабарларга кўра, отишмаларда ас-Садр тарафдорларидан камида уч нафари нобуд бўлган, сакказ жанггари яраланган. Британия аскарларидан икки аскар енгил яраланган.

А.А. Басрадаги тўқнашувларга нима сабаб бўлди?

Маълумотларга кўра, Муқтадо ас-Садр ва унинг тарафдорлари Басрадан коалиция кучларини сиқиб чиқаришни ваъда қилганлар. 7 май кунги жума намозида Басрадаги масжидда ваъзхонлик қилган ас-Садрнинг ёрдамчиси шайҳ Абдул Саттор ал-Бахадли коалиция аскарларни асир олган ироқликларга мукофот беришни ваъда қилган:

“Агар кимда-ким коалиция кучларининг аёл аскарини асир олса 250 минг, эркак аскарни асир олса 100 минг Ироқ динори мукофот бераман.”, - деган шайх ал-Бахадли.
Шундан кейин Басрада қуролли тўқнашувлар содир бўлди.

А.А. Басрадаги отишмалар шаҳардаги вазиятга қандай таъсир этди?

Гувоҳларга кўра, шанба куни Басранинг аксарият кўчалари бўм-бўш бўлган. Одамлар отишмалардан қўрқиб қўчага чиқмай уйларида ўтирганлар. Шаҳардаги кўпгина дўконлар ҳам ёпиқ бўлган. Хуллас Ироқдаги қуролли тўқнашувлар тинч аҳоли ҳаётини янада оғирлаштирган.
XS
SM
MD
LG