Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 14:50

Дарс ўтилмаса, кошона мактаб қурилганидан не фойда?


Тўлқин 2004 йил 19 февралда Ўзбекистон Президентининг “2004-2008 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш дастурини тайёрлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинганди. Мазкур фармойиш умумтаълим мактабларининг моддий-техникавий аҳволини яхшилаш ва кўрсатилган йилларда мактаб таълимини ривожлантиришга қаратилган дастур ишлаб чиқиш вазифасини қўяди.

Мазкур фармойишда белгиланган вазифалар ижроси бўйича Ўзбекистон телевидениеси ва маҳаллий матбуотдаги чиқишларда таъкидланишича, мустақилликдан кейин мутлақо хароб аҳволга келиб қолган кўплаб мактаблар аниқланган ва ҳозир бу мактабларни капитал таъмирлаш, янги мактаблар қуриш чора-тадбирлари кўрилмоқда.

Ўзбекистонда шу вақтгача Кадрлар тайёрлаш миллий дастури доирасида ўрта-махсус ўқув муассасалари - лицей ва коллежлар қуриш ва бу тизимни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Жамиятшунос Комрон Алиевнинг сўзларига қараганда, қабул қилинган фармойишнинг қай даражада бажарилиши кўпроқ мамлакатдаги иқтисодий аҳволга боғлиқ. 2003 йил охири 2004 йил бошидан буён Ўзбекистонда коммунал тўловлар ва ёқилғи маҳсулотлари баҳоси бир неча марта кўтарилди. Бу эса мактабларга маблағ ажратишнинг зарурлигини ва инфляциянинг кучайганини кўрсатади.

Самарқандлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Холиқназар Ғаниевнинг билдиришича, мамлакат Президенти Олий Мажлиснинг яқинда бўлиб ўтган сессиясида ўрта мактаблардаги аҳволни танқид қилган ва аҳволни ўнглаш ҳақида куюниб гапирган. Бироқ мактабларда дарс ўтилмаётган бир пайтда таълим-тарбиядаги самарадорлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. Дарс ўтилмайдиган мактабнинг биноси тиллодан қилинган бўлса ҳам бунинг ҳеч кимга кераги йўқ.

Х.Ғаниев айтган гапларини изоҳлар экан, Жомбой тумани мактабларининг юқори синфларида дарслар 9 майдан бошлаб тўхтатилиб, ўқувчилар пахта ягоналаш ва чопиққа жалб этилганини маълум қилди.

“Бу болалар ҳуқуқларининг жуда қўпол бузилишидир. Бундай ҳуқуқбузарликлар давом этар экан, мактабни таъмирлаш ёки янги бино қуриш билан аҳволни яхшилаб бўлмайди. Бу каби фармойишлар кўп марта чиққан ва яна чиқиши мумкин. Бу ҳақда қарор чиқариб, элга достон қилиш, уни алдаш фойдасиз. Мактаблардаги шароитни яхшилаш ҳукуматнинг кундалик вазифасидир”, - деди Х.Ғаниев.

Фармойишнинг сўнгги бандида ўқитувчиларнинг меҳнатига ҳақ тўлаш ва тариф ставкаларини тубдан қайта кўриб чиқиш лозимлиги белгиланган. Тошкент шаҳридаги 18-мактаб директори Назира Муҳаммаджонованинг сўзларига қараганда, тариф ставкалари ўқитувчилар фойдасигами ёки давлат фойдасига ўзгариши кўпчиликни ташвишга соляпти. Шунга қарамай, ўқитувчилар таълим тизимида катта ўзгаришлар бўлишига умид билдирмоқда.

Н.Муҳаммаджонованинг таъкидлашича, ҳозир ўқитувчилар оладиган маош яшаш минимумига тўғри келмайди. Ўқитувчига бериладиган ойлик рўзғорига, оиласига етарли бўлгандагина у бутун вужуди билан ишига киришиб кета олади. Ҳозир эса муаллимлар қўшимча даромад топиш ташвиши билан яшайди.

Расмий маълумотларга қараганда, бугунги кунда мазкур фармойиш асосида “2004-2008 йилларда мактаб таълимини ривожлантириш дастури” тўғрисида ҳукумат қарорини тайёрлаш борасида қизғин иш олиб борилмоқда. Бу қарор яқин ойларда қабул қилинади. Унга кўра, Ўзбекистондаги умумтаълим мактабларининг 90 фоизи қайта таъмирланади. Бунинг учун давлат бюджетидан катта маблағ ажратилади.
XS
SM
MD
LG