Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:08

Ёйма бозорнинг ташвиши камроқ


Зикрилло Ишонч Ўзбекистонда майда тадбиркорлар турғун савдо дўконлари қуриб, савдо-сотиқ қилгандан кўра, негадир ёйма бозорда ишлашни афзал кўряпти. Савдо-сотиқнинг бу шакли мамлакатда кун сайин равнақ топмоқда.

Майда тадбиркорларнинг таъкидлашича, ёйма бозорларда нарх-наво нисбатан арзон. Шунинг учун бу ерда харидорлар ҳам кўп.

Яна бир сотувчи аёлнинг сўзларига қараганда, турғун савдо дўконлари жуда қиммат туради. Бунинг устига, бу дўконлар учун тўланадиган ҳақ ҳам жуда баланд. Шунингдек, дўконларда доимий ишлашга кафолат йўқ. Маҳаллий маъмурлар хоҳлаган пайтда дўконларни бузиб ташлаши мумкин. Масалан, Чорсудаги бозорда беш ой ҳам ишлаб улгурмаган савдогарларнинг дўконларини бузиб ташлашган.

Сотувчилардан бирининг айтишича, дўконда савдо қиладиганларнинг ишига халақит берадиганлар кўпчилик. Гоҳ жой пули сўраб келишади, гоҳ солиқчи келиб, пул талаб қилади. Натижада савдогарлар фойда кўра олмай қолади. Бундан ташқари, дўкон очиш учун турли ҳужжатлар керак бўлади. Бюрократик тўсиқлар савдогарларни савдонинг маданий шаклини танлашига йўл бермайди.

Иқтисодчи Жаҳонгир Шосалимовнинг билдиришича, илгари Чорсуда 1500-2000 савдо ўрни бўлган эса, ҳозирги кунда дўконлар қурилиши сабабли 500-600 та ўрин қолган. Ёйма бозорда дўконлардагидан фарқли ўлароқ, касса аппарати ва сертификатларсиз савдо қилинсада, фаолият кўрсатиш учун шароит йўқ. Савдогарлар 40 даражадан ортиқ иссиқда кун бўйи ишлайди. Лекин ҳукумат қўйган талабларни бажара олмагани учун кишилар шу шароитда савдо-сотиқ қилишга ҳам рози.

Иқтисодчи олим Иброҳим Ҳакимов майда тадбиркорлар катта маблағ сарфлаб дўкон сотиб олиш имкониятига эга эмаслигини айтади.

“Бундан ташқари, дўконда ишлаётган тадбиркор савдо-сотиқдан тушган пулни банкларга топшириши керак. Бироқ тадбиркорлар фаолияти учун нақд пул зарур. Банкдан эса улар нақд пул ола олмайди”, дейди иқтисодчи олим.
XS
SM
MD
LG