Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 22:31

Жиноий гуруҳлар ҳар доим имконият топади


Феруза Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) хорижлик аёлларга мамлакатга кириш визаси беришни қисқартиришга қарор қилди. БАА Ички ишлар вазирлиги вакили Саиф ал-Жаъфарнинг “Рейтер” ахборот агентлигига билдиришича, бундан мақсад фоҳишабозликка қарши курашишдир. Бу қарор, асосан, собиқ Совет Иттифоқи республикаларидан келувчи аёлларга нисбатан қўлланилади.

“Озодлик” мухбири БААда қабул қилинган қарорнинг ўзбекистонлик аёлларга қанчалик тааллуқлигини ўрганиш максадида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига мурожаат қилди. Вазирлик матбуот хизмати вакилининг сўзларига қараганда, БААда шунга ўхшаш қарор анча вақтлардан бери мавжуд. Яъни БААга борувчи аёллар 30 ёшдан ошган ва ёнида ҳамроҳи бўлиши лозим.

Вазирлик вакилининг айтишича, Ўзбекистонда ҳам одам савдоси муаммоси мавжуд. Бироқ бунинг олдини олиш учун БААга борувчи ёш қиз-жувонларга бирор тўсиқ қўйиб бўлмайди. Чунки бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳисобланади. Шунга қарамай, муаммони ечиш учун мунтазам тарғибот-ташвиқот ва тушунтириш ишларини йўлга қўйиш лозим.

Аёллар ресурс маркази раҳбари Марфуа Тўхтахўжаеванинг таъкидлашича, БААда чиққан қарор ўзбекистонлик одам савдоси билан шуғулланувчи гуруҳлар учун бироз йўқотишга олиб келиши мумкин. Аммо уларда бу ноқонуний бизнес тури билан бошқа мамлакатларда шуғулланиш имконияти бор.

БАА ҳукумати қабул қилган қарор Ўзбекистонга тўғридан-тўғри алоқадор бўлмаса-да, мамлакатда одам савдоси қурбонига айланаётган аёллар бор. Чунки аёллар траффиги бизнеснинг сердаромад тури ҳисобланади. Мазкур қарор туфайли бу иш билан шуғулланувчи жиноий гуруҳлар БААдаги кўплаб бойвачча мижозлардан маҳрум бўлиши мумкин. Бироқ улар ишнинг қаловини топишига шубҳа қилмаса ҳам бўлади. Чунки Ўзбекистонда хорижга чиқиш эркин. Фақат вояга етмаган қизларни четга олиб чиқиб кетишда бироз қийинчилик бўлиши турган гап. Аммо буни ҳам пора орқали ҳал этиш йўллари бор.

Журналист Шаҳноза Соатованинг таъкидлашича, фоҳишабозликнинг олдини олиш, одам савдосини тўхтатиш учун БААда чиқарилган қарор билан иш битмайди. Бунинг учун давлатлараро шартномалар, қонунлар даркор.

“Озодлик” мухбири Ўзбекистондан БААга борадиган аёллар учун сайёҳлик фирмаларида қандай муаммолар бўлиши мумкинлигига қизиқиб, сайёҳлик фирмалари ва агентликларига қўнғироқ қилди. Уларнинг айримлари БААга умуман саёҳат уюштирмаслигини айтган бўлса, баъзилари 30 ёшгача бўлган аёллар учун бироз муаммо борлигини, бироқ бунинг ечимини офисга келиб ҳал қилиш мумкинлиги билдирди.
XS
SM
MD
LG