Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:34

Тирикнинг нархи 13 минг сўм, ўликники – 20 минг


Турғунбек Андижон вилояти Марҳамат туманидаги “Истиқлол” ширкат хўжалигида яшовчи Ёқубжон Холмуродов бир йилдан буён иш ҳақи олмаётгани сабабли қўл томирларини кесиб, ўз жонига қасд қилди.

Марҳумнинг турмуш ўртоғи Муборак Холмуродованинг сўзларига қараганда, 14 майдан 15 майга ўтар кечаси эри ўз қўл томирларини кесган ва ҳаётдан кўз юмган.

М.Холмуродованинг айтишича, эрига 2003 йил давомида 124 минг 803 сўм иш ҳақи ёзилган. Бу рақамларни тасдиқловчи ҳужжатга ширкат хўжалиги раиси, бош ҳисобчи ва техник ҳисобчи имзо чеккан. Лекин эр-хотиннинг ойлар давомида иш ҳақини сўраб қилган мурожаатлари натижа бермаган. Иккинчи гуруҳ ногирони бўлган хотинининг, беш жоннинг сурункали равишда оч қолаётгани, турмуш оғирлигидан руҳан қаттиқ қийналган Ё.Холмуродов соғлиғини йўқотган. Дастлаб Полвонтошдаги шифохонада даволанган. Прокурор ва ширкат раҳбарига мурожаатлардан сўнг унга яна 10 минг сўм берилган. Шифохонадан келиб уйида ҳам ўн беш кун давомида ётиб қолган. Қийин аҳволда бўлса-да, пул сўраб яна раҳбарларга мурожаат этган. Бу сафар унга 3 минг сўм берилган. Марҳаматдаги шифохонада ётган пайтда ҳам пул йўқлигидан анча қийналгандан сўнг уйга қайтиб келган. Аҳвол яхшиланавермагандан сўнг шунча ишласамда ойлигимни ола олмасам, бу кунимдан ўлганим яхши, деган ва қўл томирини кесган.

М.Холмуродованинг билдиришича, эри ўлганидан сўнг ширкат раҳбарлари оилага беш килограмм гуруч, уч килограмм пахта ёғи ва 20 минг сўм пул берган.

“Эрим-ку ўлим кетди. Қишлоғимизда саксон фоиз аҳоли танг аҳволда яшаяпти. Эримнинг куни бошқаларнинг бошига тушиши хавфи бор”, - деди.

Мазкур воқеани ўрганган Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташкилоти аъзоси Муҳаммадқодир Отахоновнинг таъкидлашича, ўз жонига қасд қилиш ҳар доим қораланади. Бироқ инсонни ўзини ўлдиришгача олиб келган сабаблардан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Меҳнат ҳақидаги қонунчиликда бир ойда камида икки марта иш ҳақи тўлаш белгилаб қўйилганига қарамай, нафақат бир йил, балки икки йиллаб маош олмаётган кишилар учрайди. Ҳалол ишлаб топган иш ҳақини талаб қилганларга айбдор сифатида қарайдилар.

“Истиқлол” ширкат хўжалиги раиси ўринбосари Ёрқиной Мухторова хўжаликда 1800 нафар аъзо борлигини, иш ҳақи уларга маҳсулот билан тўланаётганини билдирди.
XS
SM
MD
LG