Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 18:10

Пилла боқсанг, тилла эмас, бир қоп ун оласан


Ўзбекистонда пилла ҳосилини йиғиштириб олиш жараёни ниҳоялаб қолди. Бундан бир ойча муқаддам ипак қурти уруғи олиб, ундан қимматбаҳо хомашё етиштирган пиллакорлар бугун ўз қилган меҳнати натижасидан мамнунми? Тўланаётган ҳақ уларни қониқтиряптими?

Наманган вилоятининг Тўрақўрғон туманидаги “Ғайрат” жамоа хўжалиги пиллакори Солиҳа Имомалиева бу йил 38 грамм, яъни икки қути ипак қурти олди. Ундан 91 килограмм ҳосил кўтарди. С.Имомалиеванинг таъкидлашича, топширган пилласи учун икки қоп ун ва 10 килограмм ёғ беришган. Гарчи пиллакорлар арзимаган ҳақ олишини билса-да, пилла боқишга мажбур бўлган. Чунки рўзғор тебратиш учун бу ҳам бир имконият.

Фарғона вилояти Ўзбекистон туманидаги “Ғаниобод” ширкатлар уюшмаси пиллакорларининг кўпчилиги ҳам давлатга топширган пилла ҳосили учун арзимаган ҳақ олишини билсаларда, ипак қурти боқишга ўзлари хоҳиш билдирганини маълум қилди.

“14 грамм ипак қурти олдим. Асосан, ўтини ўзимга қолиши учун қурт боқдим. Топширилган пилла учун 13 минг 200 сўм пул ва тўрт метр атлас беришди”, - дейди ғаниободликлардан бири.

Тўрақўрғонлик Мақсуда аянинг ёши 78 да. Ая нафақага чиққунгача пилла бригадири бўлиб ишлаган. Унинг айтишича, илгари (совет даврида) пилла топширгани учун кишиларга пул, ун, гуруч, ҳатто кўмиргача беришган.

Наманган вилояти пилла мутасаддиларидан бирининг айтишича, пиллакорларга бир неча йиллик хизматлари учун ҳам ҳақ берилмаётганига кўплаб сабаблар бор. Хусусан, сўнгги йилларда пиллачилликда катта муаммолар юзага келган. Пилла хомашёси сотилмагани туфайли омборхоналарда йиғилиб қолмоқда. Пиллани қайта ишловчи корхоналар хомашёни сотиб олишга қурби етмаётир. Айни пайтда пиллага тўланаётган маҳсулотлар ҳам фермер хўжаликлари ва турли ташкилотлардан олинган қарз ҳисобига олиб берилмоқда.
XS
SM
MD
LG