Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:04

Донор давлатлар Грузияга 1 миллиард долларлик ёрдам кўрсатишга ваъда қилди


16 июн куни Брюсселда бўлиб ўтган йиғилишда донор давлатлар вакиллари Грузияга 1 миллиард доллар ҳажмида ёрдам кўрсатишни ваъда қилдилар. Мутахассислар фикрича, бу маблағ Грузиядаги иқтисодий-ижтимоий вазиятни яхшилашга сарфланади ва мамлакатда олиб борилаётган демократик ислоҳотлар жараёнини тезлаштиради.

Йиғилиш ташкилотчиларидан бири, Жаҳон банкининг минтақа бўйича Вице-президенти Шигео Катсу натижа кутилганидан ортиқ бўлганини айтди:

“Натижа шундан иборатки, донор давлатлар 2004 – 2006 йил мобайнида 1 миллиард доллар - тахминан 850 миллион евро ҳажмида ёрдам кўрсатишни ваъда қилдилар. Бу кутилганидан анча кўп.”, - деди Жаҳон банки расмийси.

Грузияга энг катта ёрдамни АҚШ ваъда қилди. Йиғилишда Вашингтон расмийларининг Тбилисини қўллаб-қувватлаш учун 360 миллион доллар ҳажмида ёрдам бериши эълон қилинди. Бу маблағнинг 53 миллион доллари хавфсизлик масалаларига сарфланади. АҚШ делегацияси томонидан тарқатилган баёнотга кўра, Грузияда ишчи ва хизматчилар ойлик маошлари ўз вақтида берилишини таъминлаш учун Вашингтон Грузия ҳукумати буджетига тўғридан-тўғри пул ҳам ўтказади. Халқаро ёрдам Грузияда янги иш жойлари яратиш, мамлакатнинг энергетика соҳасига техник ёрдам кўрсатиш ва грузиялик деҳқонларни қўллаб-қувватлашни ҳам ўз ичига олади. АҚШ эълон қилган баёнотда Грузия ҳукумати коррупцияга қарши курашни “ошкора” олиб боришга чақирилган.

Донорлар йиғилишида Европа Комиссияси Грузияга 125 миллион долларлик ёрдам кўрсатишни ваъда қилди. Бундан ташқари Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда Грузия ҳукуматига ёрдам беришни ваъда қилдилар.

Европа Иттифоқи ажратадиган маблағнинг бир қисми Грузиянинг сепаратчи ўлкалари ҳисобланган Абхазия ва Жанубий Осетияда юз берган қуролли можаро оқибатларини тугатиш ишларига сарфланади.

Жаҳон банки вакили Грузия Президенти лавозимини эгаллаганига эндигина олти ой бўлган Михаил Саакашвилига ёрдам беришга донор давлатларни ундаган асосий омил – у олиб бораётган ислоҳотлар эканини алоҳида урғулади. Катсуга кўра, донор давлатлар Грузия ҳукумати бошлаган ислоҳотларни бир овоздан қўллаб-қувватлаган.

Жаҳон банки расмийсига кўра, донор давлатлар Грузия ҳукумати дуч келаётган муаммолар масаласини ҳам муҳокама қилганлар:

“Грузия яқин тарихида пайдо бўлган муаммолар хусусан бошқарув, коррупция, жамоатчилик тизими имкониятлари, хусусий сектор ривожланишига тўсқинлик қилаётган омиллар, ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ барча масалалар, инфраструктура ва шу каби бошқа муаммолар Грузия ҳукумати хал этиши лозим бўлган муаммолар сирасига киришини биз ҳаммамиз биламиз. Айни пайтда Грузия ҳукумати олдида бир томондан тўлақонли адлия тизимини яратиш, иккинчи томондан тўғри иқтисодий сиёсат юритиш, қонун устиворлигини таъминлаш ва энг муҳими қарор қабул қилиш жараёнида иштирок этувчи фуқаролик жамиятини яратиш каби вазифалар турибди”, - дейди Жаҳон банкининг минтақа бўйича Вице-президенти Шигео Катсу.

Тбилиси расмийлари донор давлатларни Грузиянинг бошқарув тизимида олиб бораётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга, ҳуқуқ-тартибот органларини қисқартириш, инфраструктурани янгилаш ва энергетика соҳасини қайта тиклашда ёрдам беришга чақирди.

Катсу Грузия ҳукумати ва донор давлатлар вакиллари ёрдам маблағи фақат белгиланган мақсадларгагина сарфланиши борасида бир фикрга келганларини билдирди. Грузияга ёрдам кўрсатиш бўйича Брюсселга йиғилган 31 донор давлат вакиллари орасида Россия вакили ҳам бор эди. Расмийларга кўра, Россия Грузияга ёрдам кўрсатиш ҳақида ваъда бермаган. Аммо Грузиянинг Россияга тўлаши керак бўлган қарзлари муддатини кечиктиришга рози бўлган.
XS
SM
MD
LG