Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 08:00

Муваққат ҳукуматнинг фавқулодда чоралари


Ироқ Муваққат ҳукумати раҳбари Ийяд Алавий чоршанба куни имзолаган қонунга биноан мамлакат хавфсизлигини таъминлаш учун фавқулодда чоралар кўрилиши мумкин. Янги қонунга асосан ҳукумат комендантлик соати жорий қилиши, назорат-ўтказиш пунктлари қуриши, шубҳали шахсларни қўлга олиши мумкин.

Хўш, бундай қонуннинг қабул қилинишига қандай зарурат бор эди? Оддий ироқликларнинг янги қонунга муносабати қандай?

Сарвар Усмон билан суҳбатимизни мана шу саволлар атрофига қурмоқчиман.

***

АИ: Келинг, аввал, ҳозиргина айтганим саволларнинг биринчисига тўхталайлик. Муваққат ҳукумат қандайдир изоҳладими ўз қадамини?

Сарвар Усмон: Ҳа, Ироқ Муваққат ҳукумати вакилларининг мазкур масала юзасидан изоҳи бугун кун давомида пайдо бўлди. Ироқ Адлия вазири Малик ал-Хасаннинг баёнотини назарда тутаяпман. Ўша баёнот билан таништиришдан аввал, янги қонун тўғрисида сиз айтганларингизга қўшимча қилмоқчиман. Демак, чоршанба куни Ийяд Алавий имзолаган қонунга кўра, сиёсий гуруҳлар тузиш ва намойишлар ўтказиш таъқиқланади, почта жўнатмалари кўздан кечирилади, телефон сўзлашувлари хавфсизлик хизмати томонидан эшитилади, мамлакат бўйлаб чет эл фуқароларининг ҳаракатланиши чеклаб қўйилади.

Мана энди бундай кескин чоралар кўрилаётганини Ироқ Адлия вазири қандай изоҳлаганини эшитайлик.

"Янги Ироқ демократик мамлакат бўлуви керак, мамлакатдаги энг муҳим вазифалардан бири инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашдир. Тўғри, янги қонун бу вазифани ҳал қилиш қилиш жараёни билан зиддиятга киришиши мумкин, бироқ, шу бугунги шароитда бундай қонун ўта зарурдир. У осойишталикни таъминлаш учун зарур",-
деб баёнот берди Адлия вазири Малик ал-Хасан.

AИ: Ироқнинг янги ҳокимияти мамлакат хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кўрмоқчи бўлаётган чоралар қандай амалга оширилишини вақт кўрсатар. Бироқ, қонун мазмунининг ўзиданоқ бир қатор жиддий чекловлар жорий қилиниши кўриниб турибдики, навбатдаги савол ўз-ўзидан пайдо бўлади: хўш, ироқликларнинг муносабати қандай янги қонунга?

CУ: Ироқда ишлаётган журналистлар, сиз айтганингиздай бу табиий саволга жавоб излаб кўплаб оддий ироқликлар билан суҳбатлашдилар. Шуни айтиш керакки, урушдан чарчаган маҳаллий аҳоли вакилларининг аксарияти хавфсизликни таъминлаш мақсадида кўрилаётган чораларни қўллашини билдираяпти.

Мана бағдодлик Солиҳ деган йигитнинг айтганлари:
"Ироқ хавфсиз мамлакат бўлиши учун бундай қонун зарур. Хавфсизлик мамлакатдаги ҳар бир киши учун зарур. Бу қонун муҳим объектларга ва тинч аҳолига қилинадиган ҳужумларнинг олдини олишга ёрдам беради".

Мана бу эса, Яссим исмли бағдодлик аёлнинг айтганлари:"Янги қонуннинг қабул қилинишини мен қўллаб-қувватлайман, у одамларнинг кўчада юришини чеклаб қўймаса бўлди. Умуман, янги ҳукумат хавфсизлигимизни таъминлаш учун нимадир қилиши керакда, ахир".

АИ: Янги қонун қачон кучга киради? Комендантлик соати мамлакат бўйлаб жорий этиладими?

СУ: Балки, гапни шундан бошлаш керакмиди...
Йўқ, Абдулла, хавфсизликнии таъминлаш мақсадида назарда тутилаётган чоралар тўғрисидаги ҳужжатни боя айтганимиздай, Бош вазир Ийяд Алавий имзолади холос, ҳозирча. Ироқ ҳокимиятидаги тартибга кўра, кучга кириши учун уни ҳукумат аъзолари қўллаб-қувватлаши, мамлакат Президенти тасдиқлаши лозим. Бу биринчидан. Иккинчидан, чекловлар муайян муддатгагина, айрим ҳудудлардагина жорий этилиши мумкин. Айтаётганимиз муддат ҳам чекланган – 60 кундан ортмаслиги лозим.

***
XS
SM
MD
LG