Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:59

“Кассини” Титанга совчи бўлди


Тўлқин Яқинда космонавтика тарихида илк маротаба Америка фазовий тадқиқотлар агентлиги - NАSА томонидан 1997 йилда учирилган “Кассини” сайёралараро фазо кемаси Қуёш тизимидаги олтинчи сайёра бўлмиш Сатурнга яқинлашди ҳамда сайёра ва унинг йўлдошлари фотосуратларини ерга жўнатди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, бу чиндан ҳам оламшумул воқеа бўлиб, Ердан учирилган фазо кемаси илк бор шу қадар узоқ масофага етиб борган. “Кассини”нинг Сатурн орбитасига яқинлашуви ҳамда маълумотлар ва ахборотлар юборишга киришгани мазкур сайёранинг ерликлар томонидан забт этила бошлаганидан даракдир.

Ўзбекистон Фанлар академияси Астрономия институти директори ўринбосари Собит Илёсовнинг сўзларига қараганда, Сатурн ва ундан кейинги гигант сайёраларни забт этишга уринишлар бундан олдин ҳам бўлган. Лекин ҳеч қайси фазо кемаси Сатурнга бу қадар яқинлашмаган.

Астрономия институти илмий ходими Абдумутал Бойжуматовнинг билдиришича, “Кассини” NАSА томонидан Қуёш тизимидаги Юпитер, Сатурн, Уран, Нептун, Плутон каби сайёраларни тадқиқ этиш мақсадида 1997 йилда учирилган.

С.Илёсовнинг таъкидлашича, “Кассини”нинг Сатурнга яқинлашуви Қуёш тизимидаги энг узоқ сайёралар бўлмиш Уран, Нептун ва Плутонни ўрганишда ҳам катта аҳамиятга эга. Фазо кемаси юборган энг муҳим маълумотлардан бири Сатурннинг Ердан икки баробар кичик бўлган йўлдоши Титаннинг фотосуратларидир. Титан айни пайтда Ерда бундан бир қанча муқаддам юз берган жараёнларни бошдан кечирмоқда. Уни кузатиб, Ернинг ўтмишини ўрганиш мумкин. Бундан ташқари, Титанда ҳаёт учун зарур бўлган сув ва бошқа моддалар бор-йўқлигига ойдинлик киритилади.

Шу ўринда Сатурн ҳақида икки оғиз сўз. Ўтмишда Шарқда Зуҳал ёки “қора сайёра” деб номлаган бу гигант Ерга нисбатан деярли ўн баробар катта. Сайёра инсониятга қадимдан маълум бўлса-да, уни телескоп ёрдамида илк бор 1610 йилда машҳур астроном Галилео Галилей кузатган. Сатурн ҳақидаги энг қадимги тасаввурлар мифологик қарашлар билан боғлиқ. Қадимги юнонлар учун Сатурн маъбудлардан бири ҳисобланган. Аммо Шарқда Зуҳалга “ёмонлик келтирувчи сайёра”, “қора сайёра” каби таърифлар берилган. Сатурннинг Феба, Титан каби йўлдошлари мавжуд. Қуёшдан 1,5 миллиард километр узоқликда жойлашган Сатурнда ҳарорат минус 150 даражани ташкил этади. Шунга қарамай, мутахассислар фикрича, унинг йўлдоши Титанда ҳаёт аломатлари ҳам бўлиши мумкин. Титанда углеводород ва метан гази борлиги бунга умид туғдиради.

“Кассини” Сатурн орбитасида 4 йил давомида тадқиқотлар олиб боради. Кейинги йил январда эса тадқиқотлар олиб бориш учун Титан сатҳига махсус аппарат туширилади. Шундан сўнг фазо кемаси Қуёш тизимидаги навбатдаги гигантларни ўрганишга йўл олади ва дастур тўла якунлангач, юлдузлар уммонига сингиб кетади.
XS
SM
MD
LG