Линклар

Шошилинч хабар
29 январ 2020, Тошкент вақти: 22:47

Халқаро хабарлар

Ироқдаги қуролли гуруҳ вакиллари гаровга олинган филиппинлик фуқарони ўлдиришга таҳдид қилмоқдалар.

Уларнинг шартига кўра, гаровга олинган фуқаро омон қолиши учун Филиппин давлати Ироқдаги қўшинларини 20 июлга қадар мамлакатдан олиб чиқиб кетмоғи шарт. Бугун Филиппин Ташқи Ишлар вазири Ироқдаги 50 нафардан сал кўпроқ ҳарбий қўшин режалаштирилгани каби 20 августда олиб чиқилишини ма’лум қилди.
Гаровга олинган яна икки нафар болгариялик ҳайдовчининг ҳаёти эса ҳануз хавф остида қолмоқда. Уларни қўлга олган қуролли гуруҳ Ироқ полицияси томонидан ҳисбга олинган исёнчиларнинг озод этилишини талаб қилмоқда.

Кун янгиликлари

АҚШ сенаторлари Трамп импичменти доирасида ёзма савол беришни бошлайди

Бугун АҚШ Сенатида АҚШ президенти Дональд Трампни лавозимидан четлатиш доирасида ўтказилаётган жараённинг тўққизинчи куни бошланади.

Сенаторлар кейинги икки кун давомида Намояндалар палатасининг етти нафар вакилига ҳамда Трамп адвокатларига ёзма равишда савол бериши мумкин бўлади.

Сенаторлар ўз саволларини тўғридан-тўғри бермайди, балки бош судья Жон Робертсга орқали сўрайди.

Сўроқ қилиш тугаганидан кейин, сенаторлар гувоҳларни чақириш ёки бунга тўсқинлик қилиш бўйича овоз беради.

28 январь куни Сенатдаги кўпчилик етакчиси Митч МакКоннелл демократлар гувоҳ чақиришига тўсқинлик қилиш учун ҳали етарлича овоз йўқлигини айтди.

Демократлар АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ҳамда бошқа муҳим гувоҳлар кўрсатма беришини хоҳламоқда.

Покистон Афғонистон билан чегарасини ёпди

Покистоннинг Хайбар минтақаси билан Афғонистоннинг Нангарҳор вилояти ўртасидаги Торхам чегара пунктидан (суратда) кунига минглаб одам ўтади.

Покистонга Афғонистондан миномёт снарядлари келиб тушиши ортидан икки давлат ўртасидаги Торхам чегара пункти ёпилди.

Покистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ойша Фаруқий 29 январь куни:

- Масала Афғонистон расмийлари билан кўриб чиқиляпти, — деди.

Котиб чегара тез орада очилишини қўшимча қилди.
Покистон хавфсизлик ходимлари снарядлар тунда келиб тушганини, ҳеч ким жароҳат олмаганини билдирди.

Покистоннинг Хайбар минтақаси билан Афғонистоннинг Нангарҳор вилояти ўртасидаги Торхам чегара пунктидан кунига минглаб одам ўтади.

Покистон ва Афғонистон ўртасидаги муносабатлар танг бўлиб, Кобул Исломободни Толибон жангариларни қўллашда айблаб келади. Икки давлат чегарасида тез-тез отишма содир бўлиб туради.

Трампнинг Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича таклифи олқишга сазовор бўлмади

АҚШ президенти Дональд Трамп Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху билан. Вашингтон, 2020, 28 январь.

АҚШ президенти Дональд Трампнинг Яқин Шарқда тинчлик ўрнатиш бўйича таклифи Европа ва БМТ расмийларини қойил қолдирмади, мусулмон давлатлар эса президент режасини танқид қилди.

Президент Трамп Яқин Шарқда тинчлик ўрнатишга доир анчадан буён кутилаётган режасини тақдим этди. Трампга кўра, Қуддус Исроилнинг бўлинмас пойтахти бўлади.

Аммо Трамп таклиф қилаётган ечим фаластинликлар бир неча шартга рози бўлишига боғлиқ бўлиб, таҳлилчилар мазкур талаблар бажарилиши мушкул эканлигини айтмоқда.

Фаластин раҳбари Маҳмуд Аббос Трамп режасини “аср тарсакиси” дея мазах қилди.

- Халқимиз бу режани тарих ахлатдонига улоқтиради, — деди Аббос.

Брюсселда юқори лавозимли Европа Иттифоқи дипломати Жозеп Боррелль Трампнинг таклифи кўриб чиқилишини билдирди.

Россия Федерация Мажлиси Халқаро алоқалар бўйича қўмитаси раиси Константин Косачев ҳам таклиф қилинган режа “яқиндан кўриб чиқилиши” кераклигини билдирди.

Хитойда тожли вирусдан ўлганлар сони 132 нафарга етди

Хитойнинг Хубэй вилоятида сўнгги бир кеча кундузда тожли вирусни юқтирган яна 26 киши вафот этди. Шу тариқа ХХР Соғлиқни сақлаш Миллий комиссияси маълумотига кўра, қурбонларнинг умумий сони 132 нафарга етди.

Вафот этганларнинг кўпчилиги 60 ёшдан катталар бўлиб, улар аввал хам соғлиқларидан шикоят қилган эди, дея хабар беради South China Morning Post газетаси.

Бундан ташқари сўнгги бир кеча-кундузда пневмонияга чалиниш билан боғлиқ 1459 та ҳолат қайд қилинди. Шу тариқа Хитойда 6000 га яқин кишининг янги вирусга чалингани маълум бўлди.

Янги турдаги коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 2002-2003 йиллардаги пневмония билан оғриган беморлар сонидан ошиб кетди. Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, ўшанда Хитойда вирус туфайли 349 киши ҳалок бўлган, 5327 киши эса вирусга чалинган эди.

Хитойлик шифокорларнинг фикрича, янги турдаги коронавирусга чалинишнинг авж палласи яқин ўн кунда қайд қилинади, шундан сўнг вазият барқарорлаша бошлаши керак. Бироқ, Ҳонконг университети мутахассислари Хитойда вирусга чалиниш апрель-май ойларида юқори чўққига чиқишини айтишмоқда.

Коронавирус нафақат Хитойда, балки Япония, Жанубий Корея, Сингапур, Германия, АҚШ, Франция ва бошқа мамлакатларда ҳам қайд қилинди. Айрим давлатларнинг расмийлари ўз фуқароларини янги кўринишдаги коронавирус қайд қилинган Хитойнинг Ухань шаҳридан эвакуация қилишларини эълон қилди.

Чоршанба куни эрталаб Ухань шаҳридан бортида 240 нафар америкалик бўлган самолёт ҳавога кўтарилди, дея хабар беради Associated Press. АҚШ ҳукумати Ухандаги Бош консулхонада ишловчи америкалик дипломатларни, шунингдек бу шаҳарда бўлган айрим америкаликларни олиб чиқиш учун самолёт буюртма қилди.

Қирғизистонда хитойликлар билан логистика маркази қурилишига қарши митинг ўтказилди

"Отбоши" саноат-савдо-логистика маркази лойиҳаси.

Қирғизистоннинг Норин вилояти Отбоши туманида 28 январь куни логистика маркази қурилишига қарши митинг бўлиб ўтди.

Ҳукуматнинг Норин вилояти бўйича мухтор вакили матбуот котиби Назгул Мусуралиеванинг Озодлик қирғиз хизматига билдиришича, митингда аксариятини маҳаллий савдогарлар ташкил қилган 50-60 киши қатнашган.

“Улар хитойлик инвесторлар иштирокида логистика маркази қурилишига қарши чиқишди. Агар марказ қирғизистонлик инвесторлар томонидан қуриладиган бўлса, бунга рози эканларини билдиришди. Норозилар орасида тушунтириш ишлари олиб борилиб, уларнинг талаби раҳбариятга етказилиши айтилганидан сўнг митинг иштирокчилари тарқалишди”, деди Мусуралиева.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил июнида Қирғизистон-Хитой бизнес-форуми бўлиб ўтиб, форум якунида 24 та ҳужжат имзоланган. Улар орасида “Нур Строй Монтаж” ва One Lead One (HK) Trading Limited компаниялари ўртасида қиймати 280 миллион доллар бўлган қўшма савдо-логистика маркази бунёд этиш тўғрисидаги шартнома ҳам бор.

Лойиҳа эркин иқтисодий ҳудудлар талаб ва шартлари доирасида амалга оширилмоқда. Қирғизистонда бу каби худудлар турли солиқ ва божхона имтиёзларига эга.

Отбоши туманидаги ер участкаси “Отбоши” саноат-савдо-логистика маркази қуриш учун 49 йил муддатга ижарага берилган.

Россия конституциясига “олий ҳукмдор” лавозими киритилиши таклиф қилинди

Россия Конституциясига тузатишлар ҳозирлаш бўйича ишчи гуруҳ қомусга юздан зиёд янги модда киритишни таклиф қилди, дея хабар қилади "Коммерсант" нашри.

Таклиф қилинаётган тузатишлар орасида президент лавозимини "олий ҳукмдор"га ўзгартириш, православ динини мамлакатнинг асосий дини ўлароқ тасдиқлаш ҳамда Россияга Иккинчи жаҳон урушининг “ғолиб мамлакат”и мақомини бериш кабилар бор.

Президент сўзини “олий ҳукмдор”га ўзгартириш, устига устак “олий” сўзини катта ҳарф билан ёзиш исталаётгани ҳақида журналистларга ишчи гуруҳ аъзоси, Давлат думасининг давлат қурилиши ва қонунчилик қўмитаси раиси Павел Крашенинников маълум қилди.

Россия Конституциясига ўзгартишлар киритиш режаси ҳақида Владимир Путин 15 январь куни Федерал Йиғинга йўллаган мурожаатида билдирган эди. Ўшанда Путин Россия Конституциясига халқаро қонунларга нисбатан устуворлик берилиши ва қомусда қайта тикланган Давлат кенгашининг мақоми ва роли мустаҳкамлаб қўйилишини таклиф қилган эди. Мухолифат Путин 2024 йилда президентлик ваколат муддатлари тугаганидан сўнг Давлат кенгашини бошқариш ва шу тариқа ҳокимиятда қолишни мўлжаллаётганидан хавотир изҳор қилмоқда.

Айни пайтда Путин таркибига 75 киши кирган конституцияга тузатишлар ҳозирлаш бўйича ишчи гуруҳ тузди. Ишчи гуруҳга кирганлар орасида ҳокимиятни ҳақорат қилганларни жазолаш ва суверен интернет тўғрисидаги қонунлар муаллифи сенатор Андрей Клишас, "Донецк халқ республикаси" жангарилари қўмондони, ёзувчи Захар Прилепин, Умумроссия казаклар жамияти атамани Николай Долуда, спортчи Елена Исинбаева, таниқли артистлар ва режиссёрлар, Давлат думаси депутатлари ва Федерация кенгаши аъзолари бор.

Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Россия Давлат думасида биринчи ўқишда бир овоздан қабул қилинган. Иккинчи ўқиш 11 февралга белгиланган.

Ўзгартишлар бўйича умумхалқ овоз беришини апрел ойида ўтказиш режаланмоқда. Айни пайтда овоз бериш формати тўғрисида қонун лойиҳасида ҳеч нарса айтилмаган. Тахминларга кўра, у махсус ташкил этилган ишчи гуруҳ ва Марказий сайлов комиссияси томонидан ишлаб чиқилади.

Қримда айирмачиликда айбланган Озодлик мухбирини суд тўла оқлади

Озодлик радиоси мухбири Микола Семена.

Қримда “айирмачиликда” айбланган Озодлик мухбири оқланди
Россия аннексия қилиб олган Қрим яриморолида Озодлик радиоси мухбири Микола Семенага қўйилган барча жиноий айбловлар бекор қилинди.

14 январь куни Симферополь шаҳри суди “айирмачиликда” айбдор деб топилган Семенага чиқарилган шартли қамоқ жазоси ҳукмини бекор қилиб, унга қўйилган барча жиноий айбловларни бекор қилувчи қарор чиқарган.

Суд қарори акс этган ҳужжат журналистга 28 январь куни берилди.

70 ёшга тўлган Семена 2016 йилда қўлга олинган эди. Унинг қўлга олинишига мухбир 2015 йилда Озодлик радиосининг Крым.Реалии вебсайти учун ёзган мақоласи асос бўлган. Қримдаги рус расмийлари мақола Россиянинг “ҳудудий бирлигини бузишга чорлашини” иддао қилган эди.

2017 йил суд Семенани айбдор деб топиб, 2,5 йил шартли қамоқ жазосига ҳукм қилган, шунингдек, журналистга уч йилга “оммавий фаолият“ юритишни ман этган эди.

Семена унга қўйилган айбловлар сиёсий мотивга эга эканлигини айтиб, уларни кескин рад этиб келади.

Болгарияда украиналик фаолнинг юзига кислота сепганликда гумонланаётган шахс қўлга олинди

2018 йилнинг июлида ҳужумга учраган фаол Катерина Ҳандзюк (суратда) ўша йилнинг ноябрида вафот этган эди.

27 январь куни Болгария суди Украина фуқароси Олексий Москаленкони қўлга олди. Украина расмийлари Москаленкони украиналик фаолга кислота билан қилинган ҳужум тергови доирасида халқаро қидирувга берган эди.

2018 йилнинг июлида ҳужумга учраган фаол Катерина Ҳандзюк ўша йилнинг ноябрида вафот этган эди.

42 ёшдаги Москаленко 24 январь куни Қора денгиз бўйидаги Бургас шаҳрида қўлга олинган. Болгария прокурорлари расмий Киев гумонланувчини Украинага экстрадиция қилиш бўйича сўров жўнатганини билдирди.

Болгария полицияси маълумотларига кўра, Москаленко 2018 йилда Руминиядан Болгарияга пиёда ўтган.

2018 йилнинг 31 июлида Херсон шаҳрида номаълум шахс Ҳандзюк устига кислота сепиб юборган эди. Ҳужум ортидан фаол танасининг 30 фоизи куйган, уч ой ўтиб у жароҳатларидан жон берган.

Херсон мэри маслаҳатчиси ўлароқ ишлаган Ҳандзюк шаҳардаги оммавий коррупцияни фош қилишга курашиб келган.

Эрон Ер орбитасига сунъий йўлдош чиқаришга ҳозирланаётгани хабар қилинди.

2009 йилдан бери Эрон орбитага бир неча йўлдош чиқарган.Семнан вилоятидаги Имом Ҳумайний космик маркази.

27 январь куни Эрон Ахборот ва коммуникация технологияларии вазири Муҳаммад Жавод Азарий-Жаҳромий “Ҳа, “Зафар” сунъий йўлдошини орбитага чиқаришга тайёргарлик кўриляпти, деб ёзди.

Азарий-Жаҳромий жорий йилда беш йўлдошни орбитага чиқариш режалаштирилганини билдирди.

Аввалроқ АҚШ матбуоти Семнан вилоятидаги Имом Ҳумайний космик марказида сунъий йўлдош учиришга тайёргарлик кўрилаётганини хабар қилган эди.

Ўтган йилда Теҳроннинг йўлдош учиришга уринишлари уч марта муваффақиятсизлик билан якунланган эди.2009 йилдан бери Эрон орбитага бир неча йўлдош чиқарди.

АҚШ Теҳронни мазкур технология ёрдамида ядровий каллаклар билан учириладиган ракета тайёрлашга уринишда айблаб келади.

27 январь кечқурун Хитойда тожли вирусдан ўлганлар сони 106 кишига етди

Хитойда тожли вирусдан вафот этганлар сони 27 январь кечқурунигача 106 кишига етди. Бу ҳақда хабар қилган Хитойнинг давлатга қарашли Синьхуа ахборот агентлигига кўра, мамлакатнинг 30 минтақасида тожли вирус туфайли пневмонияга чалинганлар сони 4515 кишига етган, яна 6973 кишининг ушбу вирусни юқтириб олгани шубҳа қилмоқда.

Хабар қилинишича, 976 беморнинг аҳволи оғир, 60 бемор касалхонадан чиқарилган,

Бир кунда 1771 та касалликка янги чалиниш ҳолати тасдиқланган, 26 киши вафот этган. Вафот этганларнинг 24 нафари Хэбей вилоятида, Пекинда 1, Хайнань вилоятида 1 киши.

Беморлар билан яқин алоқада бўлган 44,1 минг киши шифокорлар назорати остида қолмоқда.

Шунингдек, Гонконгда 8, Макаода 7киши ва Тайванда 5 кишининг касаликка чалингани тасдиқлангани хабар қилинди.

Амалдорларга кўра, вирус туфайли ҳаётдан кўз юмганларнинг кўпчилиги 50 ёшдан ошган одамлардир. Айрим пайтларда хасталик асоратлари деярли кўзга ташланмаяпти, бошқа пайтларда эса шамоллашга ўхшаш белгилар (масалан, йўтал ва титроқ каби) намоён бўлмоқда. Оғир ҳолатларда эса нафас олишда қийналиш каби белгилар аниқланган.

Хитойдан қайтган 4 нафар қозоғистонлик касалхонага ётқизилди

Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов.

Янги вирус тарқалаётган Хитойдан Қозоғистонга яқинда қайтган 23 кишининг ҳарорати баландлиги аниқланди, улардан 4 нафари ўткир юқумли касалликни юқтириб олганлик гумони билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда 28 январь куни Нур-Султонда ўтган учрашувда Қозоғистон соғлиқни сақлаш вазири Елжан Биртанов маълум қилди.

Вазирга кўра, касалхонага ётқизилганлардан таҳлил учун қон олинган.

“Уч сутка мобайнида тафсилотли диагностика олиб борилади. Тегишли даволаш муолажалари бошлатилган”, деди Биртанов.

Соғлиқни сақлаш вазири сўнгги икки ҳафта ичида Хитой ва унга қўшни мамлакатлардан қайтганларга шифокор кўригидан ўтишни тавсия қилган ва бу иш уларнинг фойдасига бўлишини урғулаган.

Хитой расмийлари маълумотига кўра, мамлакатда номаълум коронавирусдан ўлганлар сони 106 кишига етган. Вирусни юқтириб олганлар умумий сони эса 4,5 минг кишидан ошган. Вируснинг тарқалиш маркази ўлароқ Хубэй вилоятидаги Ухан шаҳри кўрилмоқда.

Туркманистонлик шифокорларга иш вақтида уяли телефондан фойдаланиш тақиқланди

Иллюстратив сурат.

Туркманистон пойтахтида тиббиёт ходимларидан уяли телефонларини уйда қолдириш ёки иш вақтида бош шифокорга топшириш талаб қилинмоқда. Бу ҳақда Озодликнинг туркман хизмати хабар қилади.

Аввалроқ Туркманистон ўқув юртларида ҳам уяли телефонлардан фойдаланиш тақиқлангани ҳақида хабар қилинган. Аввалига бу тақиқ фақат Ашхободдаги мактабларда жорий қилинган, бироқ кейинчалик бу каби чекловлар Балкан, Лебап ва Дашоғуз вилоятларидаги мактабларга ҳам киритилган.

Таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларида мобиль жиҳозлардан фойдаланишнинг тақиқланиши Туркманистонда аҳолининг интернет ва ахборотдан фойдаланишини чеклаш ва назорат қилиш қабатида амалга оширилмоқда.

Чеченистон полицияси Кремль расмийсини алдагани маълум бўлди

Татьяна Москалькова.

27 январь куни “Новая газета” Чеченистон полицияси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил Татьяна Москальковани алдаган бўлиши мумкинлигини хабар қилди. Хусусан, Чеченистон расмийларини рейдлар кўлами ҳақидаги хабарларни рад этиш мақсадида сохта гувоҳларни тақдим қилгани тахмин қилинмоқда.

Газета мақоласида ёзилишича, Москалькова Чеченистонда ўнлаб одам умрига зомин бўлган рейдлар бўйича тергов доирасида 2017 йилда республикада йиғин ўтказган.

Йиғинда рейдда ҳалок бўлгани айтилган икки шахс аслида тирик эканлигини айтиб, кўриниш берган. “Новая газета” хабарига кўра, йиғинда қатнашган шахслар аслида чиндан ҳалок бўлган шахсларнинг ака-укалари бўлган.

Мақола муаллифлари ижтимоий тармоқлардаги суратлар ҳамда ўша пайтдаги хабарлар асосида юқорида тилга олинган икки гувоҳ аслида бошқа шахслар бўлганини аниқлаган.

Москалькова Чеченистонда 2016 йилнинг декабрида ва 2017 йилнинг январида ўтказилган рейдларни тергов қилган эди. Рейдлар давомида 27 нафар одам ҳалок бўлгани хабар қилинган.

Москалькованинг офиси “Новая газета” хабари “жуда жиддий” эканлигини айтиб, у кўриб чиқилишини билдирди.

Покистонда пуштунлар ҳуқуқларини ҳимояловчи гуруҳ етакчиси қўлга олинди

“Пуштунларни ҳимоя қилиш ҳаракати” (Pashtun Protection Movement, PPM) етакчиси Манзур Паштин.

Покистонда мамлакат ҳарбийларининг амалиётларини танқид қилиб келган фуқаровий гуруҳ етакчиси қўлга олинди. “Пуштунларни ҳимоя қилиш ҳаракати” (Pashtun Protection Movement, PPM) етакчиси Манзур Паштин 27 январь куни Пешовар шаҳрида қўлга олинди.

Аввалроқ 12 январь куни Банну шаҳрида ўтказилган акция ортидан Паштинга қарши жиноят иш қўзғатилган эди.

Депутат ҳамда PPM аъзоси Муҳсин Давор Паштиннинг қўлга олинишини “ҳуқуқларимизни тинч ва демократик тарзда талаб қилгани учун унга берилган жазо”, дея таърифлади.

“Аммо Манзурнинг қўлга олингани бизнинг қатъиятимизни оширади, холос”, деб ёзди Давор.

PPM гуруҳи 2018 йилдан бери пуштунлар ҳуқуқлари ҳимояси учун курашиб келади. Гуруҳнинг минглаб аъзоси бўлиб, улар Покистон армиясининг зўравон амалиётларини кескин қоралаб келади.
Ҳарбийлари Паштинни армияни сохта айбловлар билан танқид қилишда ва хоинликда айбламоқда.

Тожикистонда 3,8 миллион SIM-карта қайта қайддан ўтмади

Тожикистонда 1996 йилги паспортлар асосида берилган тахминан 4 миллионга яқин SIM-карта аҳоли томонидан ҳамон фойдаланилмоқда.

Янги намунадаги паспорт асосида SIM-картларни қайта рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги ҳукумат қарори билан белгиланган муддат 15 февралда якунланади. Қайта регистрация қилинмаган фойдаланувчиларнинг телефон рақамлари ёпилади.

Тожикистон Алоқа хизмати раҳбарнинг ўринбосари Адолат Абдураҳмонзода Душанбеда бўлиб ўтган матбуот анжуманида журналистларга 3,8 миллион фойдаланувчи янги паспорт асосида ўзларининг мобил телефонлари рақамларини ўзгартирмаганликларини айтди

Экспертларнинг фикрича, янги ҳужжат асосида аҳоли салкам ярим ой давомида қайта рўйхатдан ўтишга улгура олмайди.

Ҳукумат қарори аҳоли ўртасида норозиликларга сабаб бўлди, кўпчилик ҳукумат шаънига танқидий фикрларни айтишди, улар ҳукумат аҳоли ҳисобидан бойишни мақсад қилганини айтишди. Танқидчиларнинг фикрича, биометрик паспортлар асосида қайтадан рўйхатдан ўтишнинг ҳожати йўқ. Жамоатчилик норозиликлари тўлқинида ҳукумат сим-карталарни қайтадан рўйхатдан ўтказиш муддатини 2020 йилнинг 15 февралига қадар узайтирди. Алоқа хизмати раҳбарияти 27 январь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида февралнинг иккинчи ярмидан кейин қайтадан рўйхатдан ўтмаганлар билан нима бўлади деган саволга жавоб қайтармади.

Аҳолининг норозиликларига янги намунадаги паспортнинг қиммат экани сабаб бўлди. Ҳукуматнинг қарорига танқидий ёндашган Тожикистон парламентининг айрим аъзолари аҳолининг янги паспортга тўла ўтиши учун камида 4 йил кераклигини айтишади.

Болтон китоб ёзиб, унда Трампни хизмат ваколатларини суиистеъмол қилишда айблади

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон.

АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон ёзган китобида президент Дональд Трамп Украина унинг сиёсий рақибларини тергов қилмаса, мамлакатга ёрдам беришни музлатиб қўйишга ҳаракат қилгани ҳақида ҳикоя қилди. Бу ҳақда 26 ноябрь куни The New York Times​ нашри хабар қилди.

Болтон ҳали чоп этилмаган китобида ёзишича, Трамп унга Киев сиёсий рақиблари, жумладан, собиқ вице-президент Жо Байден ва унинг ўғлини тергов қилмаса, Украинага ваъда қилинган юзлаб миллион ҳарбий ёрдамни тўхтатиб қўйишни исташини айтган.

Трамп ҳуқуқшунослари президент Киевга босим ўтказмаганини таъкидлаб келади.

Болтоннинг китоби ҳақида хабар тарқалиши ортидан демократлар уни Трампга нисбатан импичмент тергови доирасида кўрсатма беришга чақирди.

Демократлар назоратидаги Намояндалар палатаси 2019 йил декабрида АҚШ тарихида учинчи марта президентга импичмент эълон қилиш бўйича овоз берган эди. Намояндалар палатасидаги Демократик партия аъзолари 18 январь куни Трампни президент ваколатларидан ўз шахсий сиëсий манфаати учун фойдаланганлик ва ўз кирдикорларини яшириш учун Конгресс терговига халақит берганликда айбловчи ҳужжатни расман Сенатга тақдим қилди.

27 январь куни Сенатда импичмент эшитувлари давом этади.

Афғонистонда 83 киши кетаётган самолёт ҳалокатга учради

Иллюстратив сурат

Афғонистоннинг Ғазни вилоятида учоқ ҳалокатга учрагани тўғрисида мамлакат расмийлари хабар қилди.

Ғазни вилоят ҳокими, дастлабки маълумотларга таяниб, самолёт бортида 83 киши бўлганини маълум қилди.

Вилоят ҳокимлиги матбуот котиби Ориф Нурийнинг Озодлик радиосига айтишича, учоқ 27 январь, маҳаллий вақт билан соат 13.10 да ҳалокатга учраган. Ҳалокат сабаби ҳозирча номаълум.

"Ходимларимиз воқеа содир бўлган жойга етиб боришга ҳаркат қилмоқда. Бироқ масофа катта бўлгани учун хавфсизлик кучларимиз ҳозирча етиб боролгани йўқ", - деди Нурий.

Вилоят ҳокимлиги матбуот котибига кўра, самолёт Деҳи Ғазни тумани марказидан жануби-шарқда, 20 километр узоқликда.

Хитойда янги коронавирусдан ўлганлар сони 80 кишига етди

Иллюстратив сурат.

Хитой расмийлари янги коронавирус тез тарқалаётгани, вирусни юқтириб олганлар сони ошиғич ошиб бораётгани ҳақида билдирмоқдалар. Сўнгги маълумотларга кўра, мамлакатда вирусга чалинганлар сони 2300 нафардан ошиб кетган, 80 киши эса нобуд бўлган.

Хитой соғлиқни сақлаш вазири Ма Сяовэй 26 январь куни мамлакат “критик босқич”га кираётгани, чунки “афтидан, янги вируснинг тарқалиш имконияти кучаяётгани” ҳақида баёнот берди. Сяовэйга кўра, ҳаракатланишга қўйилган чекловлар ва назоратнинг бошқа кескин чоралари “минимал харажат ва максимал тезликда” натижа бериши керак.

26 январь куни Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори коронавирус тарқалишига оид вазиятни хитойлик амалдорлар ва тиббиётчилар билан муҳокама қилиш учун Пекинга боришни режалаётганини маълум қилган.

Вирус юқтириб олиш билан боғлиқ ҳолатлар бошқа мамлакатларда ҳам кузатилмоқда. Сўнгги маълумотларга кўра, ўлим ҳолатлари фақат Хитойдагина қайд этилган. Бироқ Таиланд, Австралия, АҚШ, Канада ва Францияда вирусга чалинганлар сони ортиб бораяпти. АҚШ, Франция ва Япония ўз фуқароларини шаҳардан эвакуация қилишга тайёр эканларини билдирганлар.

Президент Си Цзинпин 25 январь куни Хитой “янги коронавируснинг тез тарқалиши билан боғлиқ жиддий вазият билан қарама-қарши қолгани”ни айтган. Аввалроқ мамлакатдаги бир неча шаҳар ёпиб қўйилгани, жамоат транспорти ва авиақатновлар тўхтатилгани ҳақида хабар қилинган.

Хитой Саёҳат хизматлари уюшмаси сайёҳлик агентликларига одамларнинг гуруҳ бўлиб саёҳат қилишини тўхтатиш зарурлигини билдирган.

Амалдорларга кўра, вирус туфайли ҳаётдан кўз юмганларнинг кўпчилиги 50 ёшдан ошган одамлардир. Айрим пайтларда хасталик асоратлари деярли кўзга ташланмаяпти, бошқа пайтларда эса шамоллашга ўхшаш белгилар (масалан, йўтал ва титроқ каби) намоён бўлмоқда. Оғир ҳолатларда эса нафас олишда қийналиш каби белгилар аниқланган.

Тожикистон: Исёнчи маҳкумлардан 70 нафарининг қамоқ муддати узайтирилди

Иллюстратив сурат.

Тожикистонда 70 нафар маҳкум жазони ижро этиш муассасасида оммавий тартибсизлик келтириб чиқаришга урингани боис янги қамоқ муддатларига ҳукм қилинди, яна 30 нафарига оид жиноят иши кўриб чиқилмоқда.

Бу ҳақда Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон ўтган ҳафта Тожикистон парламенти юқори палатасининг навбатдан ташқари сессиясида маълум қилди.

Бош прокурор қайси маҳкумларнинг қамоқ муддати узайтирилганига ойдинлик киритмади.

Ўтган бир ярим йил мобайнида Тожикистондаги колониялардан иккитасида - Хўжанд колониясида 2018 йил 7 ноябрь куни ва Ваҳдатдаги колонияда 2019 йил 19 май куни исён чиққан.

Расмий маълумотларга кўра, “Ислом давлати” террор ташкилотига алоқадор дея Вахдатда тутиб турилган 30 нафар маҳкум қочиш мақсадида пичоқ ва бошқа тиғли буюмлар билан қуролланган ҳолда муассаса ходимларини гаровга олган, сўнг улардан уч нафарини ўлдирган. Ҳодиса чоғида умумий ҳисобда 32 киши - 29 нафар маҳбус ва қамоқхонанинг 3 ходими ўлган.

Хўжанд колониясида рўй берган исён чоғида эса, расмий маълумотларга кўра, 21 нафар маҳбус ҳалок бўлган. Қамоқхонанинг икки нафар ходими ўлдирилган, беш нафар қўриқчи жароҳат олган.

Ўтган йил ёзида эса Душанбедаги қамоқхонанинг 20 га яқин маҳбуси жазони ижро этиш муассасасида оммавий тартибсизлик уюштиришга уринган. “Экстремистик ташкилотларга аъзолиги учун узоқ муддатларга ҳукм қилинган йигирма нафар маҳбус исёнга тайёргарлик кўришган – махфий жойдан арматура ва темир бўлаклари топилган”, дейди Озодлик тожик хизматининг ўз исмини ошкор қилишни истамаган манбаси.

Ўтган йил октябрида Тожикистон Олий суди Ваҳдатдаги колониянинг 26 нафар маҳкумига янги қамоқ муддатини қўшди. Улар Тожикистон Жиноят кодексининг 16 моддаси бўйича, жумладан террорчилик, экстремизм ва қотиллик бўйича айбдор, дея топилганлар. Янги ҳукмга мувофиқ, маҳкумлар колонияда 19 йилдан 29 йилгача ўтиришлари керак бўлади. Маҳкумларнинг ўзлари исёнда иштирок этганларини рад этиб, ҳукм адолатсиз бўлганини таъкидлашган.

Human Rights Watch халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилоти томонидан яқинда эълон қилинган йиллик ҳисоботда Тожикистонда қамоқхона ва тергов ҳибсхоналарида қийноқ қўллаш муаммо бўлиб қолаётгани таъкидланади. Хўжанд ва Ваҳдатдаги колонияларда исён чиқишига ҳам айнан шу муаммо сабаб бўлгани айтилади.

АҚШнинг Бағдоддаги элчихонаси яна ракета зарбаларига нишон бўлди

Бағдоддаги АҚШ элчихонаси биноси.

Ироқ пойтахтидаги АҚШ ва бошқа мамлакатларнинг элчихоналари жойлашган “яшил ҳудуд” 26 январь куни ракета ҳужумига нишон бўлди. Қаттиқ қўриқланадиган мазкур ҳудудга ҳужум оқибатида уч киши жабрлангани айтилмоқда.

AFP ва Reuters ахборот агентликлари хабарига кўра, бир неча ракета АҚШ элчихонаси ҳудудига тушган, улардан бири ошхона биносига шикаст етказган.

Ироқ бош вазири Одил Абдул Маҳдий элчихонага ҳужумни қоралаб чиқди. Ўз баёнотида бош вазир Ироқ расмийлари мамлакатдаги “барча дипломатик миссиялар”ни ҳимоя қилиш қарорида қатъий эканини билдирди.

Бу жорий ойда АҚШнинг Бағдоддаги элчихонасига уюштирилган ҳужумларнинг учинчисидир. 21 январь куни элчихона яқинига учта ракета тушган. Ҳодиса чоғида ҳеч ким жабрланган эмас.

31 декабрь куни эронпараст намойишчилар АҚШ элчихонаси биносини штурм қилгандилар. Улар бу ҳужумни Эрон дастаклаётган қуролли гуруҳнинг камида 25 нафар аъзоси америкаликлар берган ҳаво зарбасидан ўлгани ортидан бошлагандилар. Ироқ хавфсизлик кучлари ўшанда намойишчиларни тарқатиш учун кўздан ёш сиздирувчи газ ва шовқинли гранаталарни ишга солгандилар.

Мазкур ҳужумдан кейин 3 январь куни Бағдод яқинида АҚШ ҳаво зарбаси билан эронлик генерал Қосим Сулаймоний ўлдирилган. Бунга жавобан Эрон Ироқда жойлашган АҚШ базаларига ракета отган.

Трампнинг ёзувдаги овози: “Россияга қарши уруш”да Украина қанча вақт туриб бериши мумкин?

АҚШ президенти Доналд Трамп 2018 йили донорлар, жумладан, Лев Парнас билан ўтган тушлик чоғида ёзиб олинган аудиоёзувда қайд этилишича, меҳмонлардан, Украина Россия тажовузига қанча вақтгача қаршилик кўрсата олиши мумкин, деб сўраган.

АҚШ оммавий ахборот воситалари, жумладан, “Associated Press” ва ABC News 24-25 январда қўлга киритган видеодан олинган аудиони эълон қилди.

Аудиода Трамп “Улар Россияга қарши урушда қанча вақт туриб бера олади?” деган саволни беради.

Ёзувда кимдир, “Бизсиз, узоқ вақт туриб бера олмайди”, дейди.

Трамп эса, “Бизсиз”, дея такрорлайди.

Президент яна, расмий Киев Россия билан можарода “ҳамма нарса яхши бўлади”, деб ўйлаганми, деб сўрайди. “Улар, агар сиз қўллаб-қувватласангиз, ҳамма нарса яхши бўлади, деб ўйлайди”, деб жавоб беради кимдир.

“Ҳаммани қўллаб-қувватлаган доим фақат бизмиз ўзи”, дейди Трамп ва Европа мамлакатларини харажатни қоплашда етарлича иш қилмаётганидан шикоят қилади.

Киев 2014 йилдан бери Украина шарқидаги Россияга суянган айирмачиларга қарши уришиб келмоқда, айни уруш чоғида 13 мингдан ошиқ киши ҳалок бўлди.

Россия Украинанинг Қрим ярим оролини босиб олди, аммо унинг бу қадамини халқаро ҳамжамият тан олгани йўқ.

Хитой президенти Си Цзинпин вазият оғир, аммо муаммони енгиш мумкин деб баёнот берди

Хитой президенти мамлакатидаги вазиятни “жуда оғир” деб атади, чунки тез тарқалаётган коронавирус – тожсимон вирус кўп одамларнинг умрига зомин бўлди, яна кўпчиликка юқди.

Айни чоқда дунёнинг бошқа мамлакатларида ҳам коронавирусни юқтирган кишилар борлиги аниқланмоқда.

Президент Си Цзинпин 25 январда Коммунистик партия раҳбарлари мажлисида мамлакат “янги вируснинг тарқалишини тезлаштираётган оғир вазиятга дуч келгани”, шу пайтгача бунинг оқибатида 56 киши нобуд бўлгани, вирус яна 1 минг 975 кишига юққанини айтди.

Бироқ Си, мамлакат “ушбу жангда ғолиб бўлиши”ни айтиб, ватандошларини тинчлантирмоқчи бўлди. Айни дамда тобора кўпроқ шаҳарларга транспорт воситаларининг кириши ва чиқиши тўсиб қўйилаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда.

Бўҳрон Хитойдаги энг катта байрам – ой тақвими бўйича янги йил кенг миқёсда нишонланишига халақит берди.

Мамлакатнинг Саёҳат хизматлари уюшмаси сайёҳлик агентликларига одамларнинг гуруҳ бўлиб саёҳат қилишини тўхтатиш зарурлигини билдирган.

Афғонистондаги никоҳ тўйига ташланган граната оқибатида камида 20 киши яраланди

Афғонистон расмийларига кўра, мамлакат жанубидаги Хост вилоятида номаълум кишилар никоҳ тўйи бўлаётган жойга граната ташлаши оқибатида камида 20 киши ярадор бўлган.

Вилоят ҳукумати матбуот котиби Толиб Мангал 26 январда маълум қилишича, Алишир шаҳрида рўй берган фожиа юзасидан тергов олиб борилмоқда.

Қўшимча қилишича, ҳужумга нима сабаб бўлгани аниқ эмас. 25 январда рўй берган ҳужум учун ҳозирча ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.

Афғонистон пойтахти Кобулда ҳам полиция автомобили қўлбола портловчи қурилмани босиб олиши оқибатида ўша жойда турган бир киши нобуд бўлди, яна тўрт киши яраланди, дейилади полиция тарқатган хабарда.

"25 январь кечқурунги портлаш оқибатида полиция машинаси парчаланиб кетди", деди мамлакат Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Нусрат Раҳимий.

Бу ҳужум учун ҳам ҳеч ким масъулиятни зиммасига олмади.

Бироқ “Толибон” ҳаракати тез-тез ҳукумат хавфсизлик кучларини нишонга олиб туриши кузатилади.​

Пентагон: Эрон ракета ҳужумлари оқибатида 34 нафар АҚШ аскари бош мия жароҳати олган

АҚШ Мудофаа вазирлиги Эроннинг Ироқдаги Америка базасига ракета ҳужумлари оқибатида 34 нафар ҳарбий ҳизматчиси бош мия жароҳати олганини маълум қилди.

Ҳарбий хизматчиларга мия чайқалиши ташхиси қўйилган.

Бу америкалик расмийлар аввал келтирган рақамлардан кўпдир.

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Пентагон расмийлари Эроннинг ракета ҳужуми оқибатида америкалик аскарлар жабр кўрмаганини айтган.

Оқ уй раҳбари кўрилган талафот жуда кичик бўлганини айтганди.

7 январь оқшомида Эрон Ироқдаги икки ҳарбий базага ракета зарбаси берган эди.

Мазкур базаларда “Ислом давлати” экстремистик гуруҳига қарши амалиётлар олиб борган америкалик ҳарбийлар бўлган.

АҚШ Мудофаа вазирлиги баёнотига кўра, Ироқдаги ал-Асад ва Эрбил базаларига ўндан зиёд баллистик ракета отилган.

Хитойда  коронавирусдан ўлганлар сони 41 нафарга етди

Хитойда коронавирусдан ўлганлар сони 41 нафарга етди. Касалланганлар сони эса 1300 нафардан ошди.​ Бу ҳақда Reuters агетлиги Хитой соғлиқни сақлаш расмийларига таяниб хабар берди.

Хитой касаллик ўчоғи ҳисобланган Ухан ва яна 9 шаҳарни ёпиб қўйди. Хитойнинг ёпиб қўйилган Ухан шаҳрида 30 ўзбекистонлик талаба қамалиб қолгани ҳақда Озодлик хабар берган эди.

Хитойдан ташқари Таиланд, АҚШ, Тайван, Шимолий Корея, Япония, Вьетнам, Франция ва Сингапурда ҳам ушбу касалликка чалинган беморлар қайд қилинди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG