Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:12

Камбағални урма, сўкма, шоли эктиргани қўймасанг бас…


Меҳрабон Маълумотларга кўра, Хоразм вилояти ҳокими деҳқон ва фермерларга шоли экишни тақиқлаб қўйган. Рухсатсиз экилган шоли майдонлари эса бузиб, пайҳон этилмоқда.

Янгибозор туманидаги “Боғолон” хўжалигининг иккинчи ва учинчи бўлимларида яшовчи фуқароларнинг кўпчилиги шахсий томорқаларига буғдой етиштириб, ҳосилни ўриб-йиғиб олгач, ўрнига шоли эккан эди. Бироқ, фуқароларнинг айтишича, яқинда уларнинг шоли экилган майдонлари бузиб ташланган. Бу ишга милиционерлар ҳамроҳлигида келган ҳокимнинг шахсан ўзи бошчилик қилган.

Боғолонлик Ортиқбой Яхшимуродовнинг сўзларига қараганда, фуқаролар томорқаларига шоли экишдан аввал хўжалик раҳбари Азамат Матқурбоновдан рухсат олган. Энди эса шоли майдонлари бузиб ташланиб, кишилар нима қилишини билмай ўтирибди.

Боғолонликларнинг таъкидлашича, эндиликда шоли экилган бошқа майдонларга ҳам сув бериш тўхтатилган. Бундан аҳоли катта миқдорда зарар кўрмоқда. Томорқасига шоли эккан 141 кишидан 91 нафарининг майдони пайҳон қилинган. Уларнинг барчаси катта пул сарфлаб шоли эктирган эди. Боғолонликлар шу вақтгача томорқасида экилган шолининг орқасидан тирикчилик ўтказиб келарди. Кишилар гуруч сотиб, коммунал хизматлар ҳақини тўлар, болаларига кийим-кечак, ўзларига егулик харид қилар эди. Энди эса қўшимча ва ягона даромад манбаидан ҳам маҳрум бўлишди.

Вилоятдаги фермерлар пахта ўрнига шоли экишни афзал кўради. Зеро, шолидан олинадиган даромад фермернинг харажатларини қоплай олади. Маълум бўлишича, уларнинг шоли экилган майдонлари ҳам пайҳон этилган. Бироқ фермерлар бу ҳақда “Озодлик” мухбири билан гаплашишни истамади. Уларнинг айтишича, агар раҳбарлар бундан норози бўлса, йўлини қилиб ерни тортиб олади.

Янгибозор тумани ҳокимлиги вакилларининг таъкидлашича, шоли экилган майдонларни бузиш бўйича барча ишлар қонуний асосда олиб бориляпти. Чунки вилоят ҳокими қарори билан шоли экиш тақиқланган.

Вилоят ҳокимлигидан бу қарор ҳақида маълумот олишнинг иложи бўлмади. Баъзилар шоли экиш тақиқланиши боиси вилоятда минерал ўғитлар тақчиллигида эканини айтса, бошқалар шоли экилиши оқибатида ер ости суви кўтарилиб, ер шўрланаётганини сабаб қилиб кўрсатди.
XS
SM
MD
LG