Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:19

Ҳақиқий мусулмон жинсий йўл билан ОИТСга чалинмайди


Зикрилло Ишонч Мутахассисларнинг эътирофича, Ўзбекистонда ОИТС ва ВИЧ инфекцияси кенг тарқалиш хавфи жуда катталигича қолмоқда. Фоҳишаларнинг кўпайиши, уларнинг мижозлар билан сақлаш воситаларисиз жинсий алоқага киришиши мазкур хавфни янада кучайтирмоқда.

Жинсий муносабатлар пайтида турли хил жинсий касалликлар, шунингдек, ОИТС ва ВИЧ инфекциясини юқтирмаслик учун сақлаш воситалари, жумладан, презервативларни қўллаш қанчалик тарғиб қилинмасин, кишилар бундай воситалардан фойдаланиш маданиятини тўла қабул қила олмаётир.

Республика ОИТС маркази директори Гўзал Манноповнанинг сўзларига қараганда, ҳозирги кунда марказ фоҳишалар орасида иш олиб бораётганда уларни мазкур сақланиш воситаларидан фойдаланишга даъват этмоқда. Зеро, бу фоҳишани ҳам, унинг мижозини ҳам касалликка чалинишдан асрайди.

Аммо Ўзбекистонда айрим диний уламолар мусулмонларнинг презерватив қўллашини маъқулламайди, баъзилари эса бу мавзуни муҳокама қилишни маъқул кўрмайди.

Маълумотларга кўра, Ўзбекистон мусулмонлари диний идораси презервативни қўллаш ёки қўлламаслик борасида қатъий қарорга кела олгани йўқ. Зеро, презервативдан фойдаланишни маъқуллаш диний нуқтаи назардан зино, яъни никоҳдан ташқари жинсий алоқани маъқуллашга тенглаштирилиши мумкин. Бу каби ҳимоя воситасини инкор қилиш эса, ўз навбатида, ҳаётий воқеъликни тан олмасликни англатиши эҳтимоли бор.

“Озодлик” мухбири собиқ муфтий, шайх Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуфга мурожаат қилиб, шаръий-фиқҳий манбаларда ҳимоя воситалари бўйича кўрсатмалар бор-йўқлиги билан қизиқди.

Шайх ҳазратларининг таъкидлашича, жинсий таносил касалликларининг, жумладан, ОИТС сингари хавфли хасталикларнинг келиб чиқиши, асосан, шариат қоидаларига, кўрсатмаларига риоя қилмасликдан келиб чиқади. Шу боис, бу масала шаръий нуқтаи назардан тўла-тўкис кўриб чиқилгани йўқ. Чунки бундай касалликлар зино қилиш оқибатида келиб чиқади. Мусулмон инсон, дин қоидаларига амал қилган кишилар, албатта, соғлом жинсий ҳаёт кечиради. Демак, унинг ҳимоя воситаларини ишлатишга мутлақо эҳтиёжи йўқ.

Шайхнинг сўзларига қараганда, ҳомиладорликдан вақтинчалик сақланиш мақсадида илгарилари ўз даврига хос услублар қўлланилгани китобларда айтилган. Яъни эмизикли гўдакли аёлнинг яна ҳомиладор бўлиши олдини олишга ҳаракат қилишлар бўлган. Ҳозирги замонда эса она ва боланинг саломатлигини ўйлаб, эҳтиёж бўлган тақдирда замонавий сақланиш воситаларини вақтинчалик қўллаш мумкин.
XS
SM
MD
LG