Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:02

Ўрта турк тили: қаршилар ва тарафдорлар


Зикрулло Ишонч Истиқлол бошларида Ўзбекистонда барча туркий халқлар учун ягона ўрта турк тилини яратиш ғояси илгари сурилганди. Бу назарияни ёқлаб чиққан физик ва файласуф олим Бахтиёр Каримов туркий халқларнинг барчаси учун муштарак бўлган сўзларни йиғиб, ўрта турк тилини яратиш ва ҳаётга татбиқ этишни назарда тутганди.

Ўшандан буён ўрта турк тилини яратиш ғояси тарафдорлари ва қаршилари ўртасида баҳс ва мунозаралар тинмайди. Мазкур ғояга қарши бўлганлар 19-асрда славян тилларини ўрталаштириш муваффақиятсизликка учраганини далил келтириб, туркий тилларни ҳам сунъий равишда ўрталаштириб бўлмаслигини таъкидламоқда.

Ўзбек тилшунос олими Бердиёр Юсупов ўрта турк тили тарафдори ҳисобланади. Унинг фикрича, бу назарияни ўрганиш ва тадқиқ этиш керак. Ўрта турк тили туркий халқларнинг бир-бири билан алоқа қилиш воситаси бўлиши лозим. Бу ғоя фан ва илм объекти сифатида яшашга ҳақлидир. Бу борадаги илмий изланишлар туркий тилларни янада чуқурроқ ўрганишга ёрдам беради.

Тилшунос олим, академик Ғани Абдураҳмоновнинг таъкидлашича, бу назария оммага сингмагани учун истиқболсиздир. Чунки у моҳиятан илмий асосга эга бўлмаган.

Тилшунос олим Бахтиёр Исабеков ҳам ўрта турк тилини яратиш назарияси тарафдори.

“Ўрта турк тилини яратиш туркий тилда гаплашувчилар учун муштарак бўлган адабий тил яратиш деганидир. Тарихда араб адабий тилини яратиш тажрибаси бор. Туркий миллатлар ўз-ўзини англаб етгандан сўнг ўрта турк тилига эҳтиёж пайдо бўлади”, деди Б.Исабеков.

Б.Юсуповнинг айтишича, туркий тилларнинг энг фаол ва етакчисини танлаган ҳолда ўрта турк тилини яратиш мумкин. Ўзбек ва турк тиллари ана шундай тиллардан саналади.

Ғ.Абдураҳмоновнинг билдиришича, ўзбек тили ўрта турк тили бўлиши мумкин эмас. Чунки уни бошқа туркий халқлар қабул қилмайди. Умуман, бу назарияни амалга ошириш учун бирорта тилни асос сифатида олиб бўлмайди. Тарихда шундай уринишлар бўлган, лекин амалга ошмаган.

Б.Исабеков таъкидлашича, ўрта турк тили аввалдан мавжуд. Шунинг учун уни қайта яратишга эҳтиёж йўқ. Аҳмад Яссавий ҳикматларининг тили ўрта турк тилидир. Бу тил барча туркий халқлар учун муштарак. Уни фақат замонавийлаштириш керак, холос.

Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёда туркий халқлар сони 200 миллиондан ортиқ бўлиб, улар 30 дан ошиқ туркий тилда сўзлашади.

Б.Юсуповнинг фикрича, ўрта турк тилининг яратилиши туркий халқлар ўртасида маданий ва адабий интеграцияга олиб келади.
XS
SM
MD
LG