Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 17:43

АҚШда Демократлар партиясининг қурултойи давом этмоқда


Аввал хабар берганимиздек, АҚШда ноябр ойида бўлиб ўтадиган Президентлик сайловларига тайёргарлик доирасида 26 июл куни Бостонда бошланган Демократлар партиясининг қурултойи давом этмоқда. Тўрт кунлик мазкур қурултойда Жон Керри партия номидан расман Президент лавозимига, Жон Эдвардс эса вице-президент лавозимига номзод қилиб кўрсатилади. Йиғилишнинг дастлабки кунида Демократлар партиясининг қатор таниқли намояндалари чиқиш қилдилар. Ҳозир ана шу ҳақда ҳамкасбим Ҳасанжон билан суҳбатлашамиз.

А.И.: Ҳасанжон, қурилтойнинг биринчи кунида кимлар сўзга чиқди ва қандай масалалар кўратилди?

Ҳ.: Йиғилишни партия раиси Терри Мак Ўлиф ўзининг кириш нутқи билан очди. Сўнг минбарга АҚШнинг собиқ Президенти Билл Клинтон ва Жимми Картер ҳамда Клинтон маъмуриятида Вице-президент лавозимини эгаллаган Эл Гор чиқди.

Демократлар президент ва вице-президент лавозимларига партиянинг синалган ва тажрибали аъзоларини номзод қилиб кўрсатаётганларини баён қилдилар. Билл Клинтон:

”Жон Керри ва Жон Эдвардснинг рақиблари сизга, улардан қўрқишимиз керак, чунки улар террорчиларга қарши тура олмайдилар, дейишади. Сиз бундай гапларга ишонгманг” - деди АҚШ собиқ раҳбари.

1977 – 81 йилларда АҚШ Президенти бўлган Жимми Картер эса Республикачи Президент Жорж Бушнинг Ироққа қарши бошлаган уруши ва у олиб бораётган ташқи сиёсатини жиддий танқид қилди. Айни пайтда, Картер Жон Керрининг ҳарбий соҳадаги хизматларига алоҳида эътибор қаратиб, Керри Вьетнам уруши ветерани экани, Буш эса ўша пайтда мамлакатда чегара қўшинлари сафида хизмат қилганини таъкидлади:

”Жон Керри иккиланмай ҳаракат қила олишини Вьетнам урушида кўрсатди. Жон Керри миллий хавфсизлигимизнинг синалган ҳимоячиси сифатида асоссиз урушларни четлаб ўтиб, терроризмга қарши халқаро иттифоқни мустаҳкамлайди” - деди АҚШнинг собиқ раҳбари Жимми Картер.

2000 йилги Президентлик сайловларида Жорж Бушга бой берган Эл Гор ҳам сайловчиларни Керри учун овоз беришга чақирди.

А.И.: Қурултойда Жон Керрининг ўзи ҳам қатнашяптими?

Ҳ.: Ҳозирча йўқ. Чунки Кэрри ҳозирда Флорида штатида ўз сайловчилари билан учрашувлар ўтказяпти. Аммо пайшанба куни у Бостонга бориб, қурултой ишида қатнашади ва махсус чиқиш қилади.

Вице-президентликка номзод бўлган Жон Эдвардс ҳам ҳозирда ўзи туғилиб ўсган Шимолий Каролина штатида сайловолди кампанияси олиб бормоқда. У ҳам чоршанба куни Бостонга боради.

А.И.: Бундай катта йиғинлар ўтказилганда одатда хавфсизлик чоралари кўрилади. Демократлар партияси қурултойи қандай шароитда ўтказиляпти?

Ҳ.: Демократларнинг бу сафарги йиғилиши 2001 йил 11 сентябр террор ҳужумларидан кейин ўтказилаётган биринчи қурултой. Унда қатнашаётган 5 минг делегат, бир неча минг меҳмон ва анжуман ишини ёритаётган тахминан 15 минг журналист хавфсизлигини таъминлаш учун Бостон шаҳри ва Массачуссетс штатининг қарийб уч минг нафар полиция ходими жалб этилган.

Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG