Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 10:51

Европа Иттифоқи Афғонистонда ўтадиган сайловларга қўшимча ёрдам пули ажратганини билдирди


Афғонистонда 9 октябрга белгиланган Президентлик сайловларини ўтказишни қўллаб-қувватлаш учун Европа Иттифоқи шу ҳафтада қўшимча ёрдам пули ажратди. Аммо Иттифоқ, Афғонистонда хавфсизлик билан боғлиқ вазият ёмонлашгани сабабли сайловларга ўз кузатувчилар миссиясини юбормаслигини билдирмоқда.

29 июл куни Европа Комиссияси Афғонистонда яқинлашиб келаётган Президентлик сайловларини ўтказиш учун қўшимча 9 миллион евро ажратди.

Комиссия вакилига кўра, шу билан Афғонистондаги Президентлик сайловларини қўллаб-қувватлаш учун Иттифоқ ажратган маблағ миқдори 24 миллион еврони ташкил этган. Агар бунга Европа Иттифоқига аъзо давлатларининг Афғонистонга берган маблағи қўшиб ҳисобланса, умумий молиявий ёрдам қарийб 80 миллион еврони ташкил этади.

Иттифоқининг Ташқи алоқалар бўйича матбуот вакили Умма Удвиннинг Озодлик радиосига айтишича, берилган маблағ сайловлар билан боғлиқ ҳаражатларнинг ярмини ташкил этади:

”Биз Афғонистон сайловлари учун қўшимча маблағ ажратдик. Европа Комиссияси ва аъзо давлатлар ажратган молия икки асосий лойиҳани амалга ошириш учун зарур бўлган маблағнинг ярмини ташкил этади. Улардан бири Афғонистондаги овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларни рўйҳатга олиш, иккинчиси, бевосита сайлов ўтказиш ” - дейди Европа Иттифоқи вакили.

Умма Удвин Афғонистонда ўтадиган Президентлик сайловларига Европа Иттифоқи ўз кузатувчиларини жўнатилмаслиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлади. Унга кўра, тузилма бирон бир давлат ёки ташкилотн кузатувчилар гуруҳини Афғонистонга жўнатмоқчи эканидан хабардор эмас.

Европа Иттифоқи расмийсига кўра, Иттифоқга аъзо давлатлар Афғонистонга вазият беқарорлашгани президентлик сайловлари жараёнини кузатиш ишларини жуда қийинлаштиради, деган фикрга келган. Одатда, Европа Иттифоқининг кузатувчилар гуруҳи сайловлар бошланишидан бир неча ҳафта олдин белгиланган мамлакатга боради. Шундан сўнг, улар мамлакат бўйлаб эркин ҳаракат қилиб, сайлов кампанияси ва овоз бериш жараёнини кузатадилар.

Удвинга кўра, мунтазам ҳарбий ҳимоянинг зарурлиги кузатувчиларнинг мамлакат бўйлаб эркин ҳаракатини чеклайди. Бундан ташқари бу ҳолат Европа Иттифоқи кузатувчилари обрўсига ҳам путур етказади.

Умма Удвиннинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Европа Иттифоқи Афғонистонда бўладиган Президентлик сайловлари натижаларини халқаро андозаларга асосланган ҳолда баҳоламайди. Аксинча, агар овоз берувчилар сайлов натижаларини адолатли, деб ҳисобласа, Европа Иттифоқи буни ғалаба, деб кўради.

Европа Иттифоқи расмийсига кўра, ҳозиргача Афғонистонда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган 10 ярим миллион фуқародан тахминан саккиз миллиони рўйхатга олинган.

“Агар улардан 41 фоизи аёллар экани ҳисобга олинса, Афғонистонда бўлажак Президентлик сайловлари муваффақиятли ўтишига умид бор”, - дейди Европа Иттифоқи вакили Умма Удвин.
XS
SM
MD
LG