Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:25

АҚШ Президенти Миллий аксилтеррор маркази тузилишини эълон қилди.


АҚШ ҳукумати ал-Қайда тармоғи ва бошқа террор гуруҳларига қарши курашда янги чоралар қўллашни режаламоқда. Душанба куни Оқ Уйда АҚШ Президенти Жорж Буш Миллий разведка директори лавозимини жорий қилганини ва у мамлакат ўзи ва ташқарисида аксил-террор ҳаракатлари доирасида амалга ошириладиган барча разведка операциялари учун масъул бўлишини билдирди.

Ҳ.Б.: Ҳасанжон, нима сабабдан Президент Жорж Буш айнан ҳозир Миллий разведка директори лавозимини жорий этди?

Ҳ.: Ҳурмат, ёдингизда бўлса 2001 йил 11 сентябр воқеаларини ўрганган АҚШдаги мустақил комиссия ўтган ой ўз ҳулосаларини эълон қилган эди. Ушбу комиссия АҚШга қарши янги террор ҳужумларининг олдини олиш бўйича Оқ Уй маъмуриятига ўзининг қатор тавсияларини берган. Улар орасида мамлакатнинг разведка тизимида ислоҳотлар ўтказиш кераклиги ҳам алоҳида урғуланган эди.

Жорж Буш комиссия ҳисоботида келтирилган тавсияларни амалга оширишга ваъда берди ва орадан кўп ўтмай, 2 август куни у Миллий разведка директори лавозимини жорий қилди. Бушга кўра, бундан кўзланган асосий мақсад – АҚШ разведка тизими фаолиятини яхшилаш, жипслаштириш, турли разведка органлари ўртасида маълумот алмашинувини йўлга қўйиш орқали терроризмга қарши ҳаракатларни фаоллаштиришдан иборат:

”Миллий разведка директори Президентнинг разведка масалалари бўйича асосий маслаҳатчиси вазифасини бажаради. У мамлакат ташқариси ва ичида олиб борилаётган разведка фаолиятларини назорат қилади ва мувофиқлаштиради” - дейди Жорж Буш.

АҚШ Миллий разведка директори ҳар куни Президентга терроризм масалалари бўйича ҳисобот беради. У мамлакат Президенти томонидан тайинланади ва уни АҚШ Сенати тасдиқлаши керак бўлади.

Ҳ.Б.: Ҳасанжон, маълумотларга кўра, Президент Буш Миллий аксилтеррор маркази тузилишини ҳам эълон қилган. Ушбу янги Марказ нима билан шуғулланади?

Ҳ.: Тўғри айтасиз, Ҳурмат. Президент Жорж Буш 2 август куни Миллий разведка директори лавозимини жорий этиш билан бир пайтда Миллий аксилтеррор маркази ташкил этилишини ҳам эълон қилди. Бу қарор ҳам махсус комиссия тавсияси асосида қабул қилинган.

АҚШ раҳбарига кўра, Миллий аксилтеррор маркази маълумотларни таҳлил қилиш билан шуғулланган Террористик Тахдид Маркази негизида тузилади. Янги ташкилот АҚШ ҳукумати учун террорчилар ва террорчиликда гумон қилинаётган шахслар ҳақидаги маълумотларни йиғиб беради.

Амалга оширилиши режалаштирилган ислоҳотлар бўйича Марказий Разведка Бошқармасини Миллий разведка директори эмас, балки бошқа шахс бошқариши кўзда тутилган.

Маълумотларга кўра, АҚШ ташқариси ва ичида фаолият юритаётган разведка ташкилотлари фаолиятини назорат қилиш ва мувофиқлаштиришда Миллий разведка директори зиммасига кўпроқ масъулият юклатилади.

Махсус комиссия Миллий разведка директори ва аксилтеррор маркази бевосита Президент маъмурияти қошида фаолият қилишини тавсия қилган эди. Аммо Президент Буш ҳар иккиси Оқ Уй ташқарисида фаолият юритишини эълон қилди.

Раҳмат Ҳасанжон.
XS
SM
MD
LG