Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 09:36

АҚШ ва Покистон аксил террор курашида эришилган муваффақиятни олқишламоқда


Покистон ва АҚШ расмийлари терроризмга қарши курашда янги фронт очганларини айтмоқдалар. Маълумотларга кўра, Бирлашган Араб Амирликлари фаолияти таъқиқланган “Ҳаракат-ул Жиҳоди Исломий” номли покистонлик гуруҳ лидери Қори Сайфулло Ахтарни ҳибсга олиб, уни якшанба куни Покистонга экстрадиция қилган. АҚШ расмийларига кўра, сўнгги пайтларда бир қатор жанггарилар қўлга олингани “Ал-Қайда”нинг Америкага қарши ҳужум уюштириш режасига путур етказган.

Сўнгги ой ичида Покистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Британияда террорчиликда айбланган ва гумон қилинган қатор шахслар қўлга олинди. Хавфсизлик соҳаси расмийларига кўра, бу Покистон ҳукуматининг терроризмни йўқ қилиш масаласига жиддийроқ ёндашаётганидан далолат беради.

Покистон Ахборот Вазири Шайх Рашид Аҳмад қидирувда бўлган жанггари Қори Сайфулло Ахтар қўлга олинганини (якшанба куни) шундай эълон қилди:

”Биз Қори Сайфулло Ахтарни ҳибсга олганимиз ҳақидаги маълумотни тасдиқлаймиз. У анча вақтдан бери қидирувда эди. Аммо унинг қаердалигини билмас эдик. Мана энди Бирлашган Араб Амирликларидан маълумот олдик ва Амирлик расмийлари Ахтарни тутиб бизга топширдилар. Ҳозир у бизнинг ҳибсхонада ”.

Покистон хавфсизлик хизмати Ахтарни “Ал-Қайда” билан алоқада бўлган йирик террорчилардан бири, деб ҳисоблайди. Унинг қўлга олиниши эса, террор тармоғига йўл топишда эришилган муваффақият сифатида кўрилмоқда.

Покистон Ахборот Вазири Шайх Рашид Аҳмадбу ҳақда шундай деди:

”Биз бор имкониятимизни ишга соляпмиз. Биз энг муҳим одамларни қўлга олдик. Биз югурдаклар ёки воситачиларни қўлга олишга вақт кетказмаймиз, ташкилотчилар ва раҳбарларини қўлга олишга ҳаракат қиламиз. Менимча, ташкилотчилар ҳибсга олингани террорчиларнинг ҳужумлар уюштириш имконларини камайтирди”.

Ахтарнинг Покистон разведка хизмати билан 90-йилларда алоқада бўлгани маълум. Аммо кейинчалик Покистон ҳукумати у етакчи бўлган гуруҳ фаолиятини таъқиқланганидан кейин Ахтар мамлакатни тарк этган.

Яқинда Покистон хавфсизлик хизмати мамлакатда фаолияти таъқиқланган яна бир ташкилот “Ҳаракатул Мужоҳиддин” гуруҳи раҳбари Фазалур Раҳмон Халилни ҳам ҳибсга олди. Бу гуруҳ ҳам “Ал-Қайда” билан ҳамкорлик қилади. Шундай қилиб, сўнгги бир ой ичида Покистонда 20дан ортиқ террорчи қўлга олинди.

Покистон Ички Ишлар вазири Файсал Солиҳ Ҳаёт террор тармоғининг бошқа муҳим аъзолари ҳам қўлга олинишига умид билдилди:

”Биз келаси ҳафта ва ойлар ичида террор тармоғининг асаб марказлари, яъни, муҳим объектлари ва соҳаларига зарба беришни режалаяпмиз. Бу зарбадан “Ал-Қайда”га жиддий зарар етади” - дейди Покистон расмийси.

Сўнгги ҳафталар ичида террор ташкилотларига аъзо кўплаб одам қўлга олингани компютер бўйича мутахассис Муҳаммад Наим Нур Хоннинг июл ойида Покистонда қўлга олингани билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, Хон Покистон разведкаси билан ҳамкорлик қилишга рози бўлган ва кўпгина маълумотларни ошкор қилган. Шунинг натижасида қатор шахслар ҳибсга олинган.

“Нью Йорк Таймс” газетаси ва бир неча ахборот агентликлари тарқатган хабарларга кўра, Нур Хон берган кўрсатмалар шу ой бошида Америкада хавфсизлик чоралари кучайтирилишига асосий сабаб булган.

АҚШ Президенти Жорж Бушнинг ички хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Франсес Таунсенд фикрича, сўнгги пайтларда бир қатор шахсларнинг қўлга олингани “Ал-Қайда” гуруҳининг АҚШга қарши ҳужум уюштириш режасига путур етказган.
XS
SM
MD
LG