Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 23:05

Ўзбекистон дунёда Хотира ва бирдамлик куни нишонланишини истайди


Саида МДҲга аъзо мамлакатларнинг тўққизтаси БМТ Бош Ассамблеясига 8-9 май кунларини Хотира ва бирдамлик куни, деб эълон қилиш таклифи билан мурожаат этди. Бу мамлакатлар орасида Ўзбекистон ҳам бор.

БМТ Бош котиби номига шу мазмунда йўлланган қўшма мактуб Арманистон, Беларус, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакиллари томонидан тайёрланган.

МДҲ мамлакатлари мурожаатида БМТнинг сентябрь ойида бўлиб ўтадиган 59-сессияси кун тартибига қўшимча равишда 8 ва 9 май кунларини Хотира ва бирдамлик куни, деб эълон қилиш масаласини киритиш сўралган.

“Озодлик” мухбири ушбу ташаббусга ўзбекистонликларнинг муносабатини ўрганди.

“Шаҳидлар хотираси” хайрия жамғармаси раиси Наим Каримов айни ташаббусни қўллаб-қувватлар экан, унинг қабул қилиниши келажак авлод тарбияси учун муҳим аҳамиятга эгалигини таъкидлади.

“Иккинчи жаҳон урушидек даҳшатли воқеа янги-янги авлодларнинг дунёга келиши билан инсонлар хотирасидан кўтарила бошлайди. Ваҳоланки, бу уруш даврида, айниқса, собиқ иттифоқ таркибига кирган халқлар ўта катта талофат кўрган. Бу талофатни ўлган одамлар, вайрон бўлган шаҳар-қишлоқлар сонини келтириш билан тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун 8-9 май кунларининг Хотира ва бирдамлик куни сифатида нишонланиши, манфур уруш даҳшатлари тўғрисидаги тасаввурларнинг янги авлодлар миясига қуйилиб борилишининг катта тарбиявий, ижтимоий, маънавий аҳамияти бор”, деди Н.Каримов.

Аҳоли вакилларининг эътирофича, ўтмиш хотираларини ёдда сақлаш ўзбек халқининг миллий қадриятларидан бири. Бутун дунё халқларининг ҳам тарихга шундай муносабати ўтмишда йўл қўйилган хатоларни тузатишга катта ёрдам бўлади.

Рассом Абдужаббор Эрмўминовнинг таъкидлашича, бу ташаббус воқеъликка айланса, бевосита санъат соҳасига ҳам ўзгариш ясаши мумкин. Яъни уруш хотираларини акс эттирган санъат асарлари Ўзбекистонда ҳам намойиш этиш имкони пайдо бўларди. Ўзбекистонда уруш мавзусида жуда кўп асарлар яратилган. Лекин ўтиш даврига келиб буларнинг бир қисми унутилган. Агар улар яна музейларда, телевидениеда намойиш этила бошланса, маънавият учун катта фойдаси бор.

“Нуроний” жамғармаси раиси ўринбосари Шуҳрат Усмонов МДҲ мамлакатларининг ушбу таклифига муносабат билдиришни истамади. Унинг сўзларига қараганда, жамғарма раёсати бу ҳақдаги маълумот фақат маҳаллий матбуотда эълон қилингандан сўнггина фикр билдиради.

Эслатиб ўтамиз, МДҲ мамлакатларининг ушбу таклифи ҳақидаги хабар БМТнинг ахборот маркази томонидан тарқатилган.
XS
SM
MD
LG