Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:40

Сўх анклавининг аҳволи


Турғунбек Фарғона вилоятининг Сўх тумани тўрт томондан Қирғизистон ерлари билан ўралган. “Озодлик” мухбири хизмат сафари билан Сўхда бўлиб, аҳолининг муаммоларини ўрганишга ҳаракат қилди.

Риштон тумани марказидан тахминан 2 километрлар чамаси юрилгандан сўнг Ўзбекистон ҳудуди тугаб, Қирғизистон чегаралари бошланади. Ўзбекистондан Қирғизистон орқали Сўхга етиб боргунча ҳар икки давлат томонидан ўрнатилган божхона ва чегара постларини санашга киши адашиб кетади. Тахминан саккизтача постдан ўтиб, “Ўзбекистон – келажаги буюк давлат” деган шиорга кўзингиз тушганидан сўнг яна Ўзбекистон ҳудудига – Сўх туманига етиб келганингиз аён бўлади.

Сўх анклавида яшовчи аҳолининг энг катта муаммоси йўллардаги постлардан “катта ер”га бир амаллаб ўтиб олишдир. Чунки, сўхликларнинг айтишича, постлардан “қуруғини” бермай ўтиш амри маҳол.

Сўхлик Маннон Султоновнинг сўзларига қараганда, ўзлари етиштирган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини Ўзбекистонга олиб ўтиш ҳам катта муаммо. Сўхликлар бу маҳсулотларни Фарғона, Қўқон, Марғилон каби шаҳарларга олиб бориб сотиб тирикчилик қилади. Бироқ маҳсулотни олиб ўтишнинг чиқими кўплиги сабабли баъзан фойда ўрнига зарар ҳам кўрилади. Масалан, машинага бир тонна картошкани Сўхдан Риштонга олиб ўтиш учун камига 20-30 минг сўм харажат қилиш керак. Постдагилар барча ҳужжатлар қонуний бўлгани билан уларга эътибор бермайди. Аксинча, ҳужжат бўлмаса ҳам пул берсангиз, бемалол ўтиб кетишингиз мумкин. Шунда ҳам божхоначи ва чегарачилар сўраган пулни бериш керак. Бўлмаса, ўтказмайди. Бу йил сўхликлар бир килограмм картошкани ўн сўмдан ҳам сота олмайди. Ўтган йилда йиғиб қўйилган ҳосил чириб кетгани сабабли чорвага берилган.

“Бизнинг Демирсад қишлоғимиз Сўх туманининг энг чеккасида – Қирғизистон билан чегарада жойлашган. Ҳозир аҳоли кўпайиб кетди. Экинларни суғоришга сув етишмай қолди. Агар бир йилда экинни 20 марта суғориш керак бўлса, биз нари борса бор-йўғи уч марта суғорамиз. Экин айни сувга зор бўлган пайтда сув бўлмайди. Ҳокимликка арз қилсак, улар ҳам қандай қилиб сув билан таъминлашни билмайди”, - дейди бир фуқаро.

Фидиркон қишлоғилик фуқаронинг таъкидлашича, туманда завод-фабрикалар йўқ. Шунинг учун аҳоли ўртасида ишсизлик даражаси жуда катта. Тумандаги деярли барча хонадондан кимдир Россияга иш излаб кетганига гувоҳ бўласиз.

Демирсад қишлоғилик суҳбатдошнинг билдиришича, бир хонадондан беш киши Россияга ишлашга кетган. Хонадон бошлиғи бўлмиш 74 ёшли отахон вафот этгандан уч кун ўтибгина бир ўғил етиб келган, холос.

Манбаларнинг маълум қилишича, бугунги кунда Сўх туманида ҳокимлик, мактаб ва болалар боғчасини ҳисобга олмаганга аҳоли ишлайдиган бирор муассаса йўқ. Туманнинг 53 минг аҳлидан деярли ярми Россия ва бошқа мамлакатларга иш излаб кетган. Уларнинг 7 мингга яқини охирги 8-10 йил давомида бирор марта уйига келмаган. 2 йил давомида 500 га яқин фуқаро оиласи билан Россияга кўчиб кетган. Сўхликлар худди уруш даврида яшаётганлар сингари ёнида доимо паспорт олиб юришга мажбур, жаннатмакон қишлоқлари атрофига кўмилган миналардан эҳтиёт бўлиши шарт.
XS
SM
MD
LG