Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:12

Қозоғистон яширин иқтисодиётга қарши кураш эълон қилди


Тўлқин Қозоғистон ҳукумати Матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатда яширин иқтисодиётга қарши кураш дастури ишлаб чиқилади. Куни кеча Республика Бош Вазири Даниал Ахметов иштирокида бўлиб ўтган йиғилишда мазкур дастур лойиҳасини ишлаб чиқиш масаласи муҳокама этилди. Хўш, Қозоғистонда йиллик ялпи ички маҳсулотнинг неча фоизи яширин иқтисодиётга тўғри келади? Яширин иқтисодиётга қарши давлат дастури асосида курашиш мумкинми?

Собиқ Иттифоқ таркибида бўлган республикаларнинг барчасида яширин иқтисодиёт у ёки бу даражада мавжуд. Баъзи маълумотларга кўра, Қозоғистонда яширин иқтисодиётнинг умумий ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизини ташкил қилади.
Қозоғистон ҳукумати матбуот хизмати маълумотига кўра, шу кунларда Қозоғистонда 2005-2010 йилларга мўлжалланган яширин иқтисодиётга қарши кураш дастури лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.
Ҳукумат йиғилишида яширин иқтисодиётнинг ривожланишидаги асосий омиллар муҳокама этилди. Йиғилишда шундай омиллар сифатида, жумладан, корхоналарининг моддий-техник базасининг пастлиги, маҳсулотларнинг рақобатбардош эмаслиги, кичик ва ўрта бизнес учун кредит олиш муолажаси қийинлиги, давлат хизматчилари савиясининг етарли даражада эмаслиги, ҳисоб ва статистика муаммолари ҳамда ноқонуний экспортнинг ўсиши кабилар қайд этилди.
Хўш, давлат дастури ёрдамида беш йил ичида Қозоғистонда яширин иқтисодиётни бартараф этиш учун қандай чора-тадбирлар қўлланилиши керак? Шундай савол билан биз Қозоғистонлик сиёсатчи Амиржон Косиновга мурожаат қилганимизда у шундай жавоб қилди:

“Биринчидан, иқтисодиётга оид кўпгина масалалар ёки ҳукумат томонидан қабул қилинадиган ҳужжатлар кенг жамоатчилик муҳокамасидан ўтказилмайди. Агар бу каби қарорлар жамоатчилик ўртасида муҳокама этилса, бевосита ўша соҳага тегишли аҳоли вакиллари ҳам муҳокамада иштирок этган бўлур эди” .

Амиржон Косиновга кўра, яширин иқтисодиётни бартараф этиш учун аввало ушбу масалаларни ҳал қилиш керак:

“Биринчидан, тегишли қонунчилик базаси бўлиши керак, яъни тадбиркорларга нисбатан амалдорларнинг ролини имкон қадар камайтириш ва тадбиркорларга кўпроқ эркинлик бериш керак, иккинчидан, бизда яхши қонунлар кўп бўлсада, улар бажарилмайди ёки амалдорнинг махсус йўриғи асосида қонундан фойдаланилади. Қонунлар ҳамма учун бир хилда ишлаши ва тадбиркорлар буни ҳис қилишлари керак .

“Учинчиси, солиқ солиш муаммоси. Солиқ муаммоси, афсуски, бизда ҳали ечим топмаган ва шу боисдан кўпгина тадбиркорлар яширин иқтисодиётга кетиб қолишмоқда” .

Қозоғистон Бош Вазири Даниал Ахметовга кўра, мамлакатда солиқлар МДҲга аъзо давлатлар ичида энг паст бўлса-да, бу яширин иқтисодиёт ҳажмининг камайишига ёрдам қилмаяпти. Аммо Сиёсатчи Амиржон Косиновга кўра, гарчи Қозоғистонда солиқлар энг паст дейилса-да, аслида бу фақат қоғозда:

“Мен бу фикрга қўшилмайман, чунки бизда икки хил статистика. Биринчиси - реал аҳволни ифодалайдиган статистика, иккинчиси - давлат идоралари томонидан тайёрланадиган статистика. Иккинчи статистика бўйича солиқлар энг паст кўрсаткичда бўлса-да, аслида тадбиркордан олинадиган солиқ ва тўловлар ҳажми анча кўп миқдорни ташкил этади” .

Хўш, Қозоғистонда яширин иқтисодиёт вакиллари асосан кимлар? Кичик бизнес вакилларими ёки сохта корхоналарми? Бу саволга Амиржон Косинов шундай жавоб қилди:

“Яширин иқтисодиёт вакиллари, биринчи навбатда, бир қатор табиий ресурсларни қайта ишлайдиган миллий компаниялар, чунки бу компанияларнинг фаолияти жамоатчилик назоратида эмас. Иккинчиси, бу бир қатор катта даромад келтирувчи спиртли ичимликлар, тамакини қайта ишлаш корхоналар. Яширин иқтисодиётга мансуб учинчи гуруҳ эса ҳар хил қимор ўйинлари ўтказувчи расмий-норасмий тадбиркорлардир” .

Айрим маълумотларга кўра, Қозоғистонда яширин иқтисодиётнинг умумий ҳажми ялпи ички маҳсулотнинг 30 фоизини ташкил этса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич, Вашингтондаги Халқаро хусусий тадбиркорлик марказининг Марказий Осиёдаги лойиҳаси раҳбари Елена Суҳирга кўра, 60 фоизга тўғри келади. Яъни Ўзбекистонда яширин иқтисодиёт Қозоғистонга нисбатан деярли икки баробар кенг ривожланган. Хўш, яширин иктисодиётга карши кураш бўйича Қозоғистон ишлаб чиқаётган лойиҳани Ўзбекистонда ҳам қўлласа бўладими? Шундай савол билан биз америкалик тадқиқотчига мурожаат қилдик:

Суҳирга кўра, Ўзбекистонда солиқлар катта ва нопропорционал шаклда, улар тадбиркорнинг ўсишига йўл бермайди. Ўзбекистонда яширин иқтисодиётнинг ривожланиши учун асосий омиллар, бу биринчи навбатда, солиқларнинг баландлиги, банк тизимининг талабга жавоб бермаслиги ва лицензиялаш ва бошқа ҳужжатбозликка оид жараёнларнинг ўта мураккаблигидир. Ўзбекистонда нолегал секторни бартараф этиш учун аввало ана шу уч йўналишда ислоҳот ўтказилиши керак, дейди Суҳир.
XS
SM
MD
LG