Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 02:31

Болани мактабга беришнинг ташвишлари бисёр


Феруза Фарзандлари илк маротаба мактаб остонасига қадам қўяётган ота-оналарнинг хурсандчилигини тушунса бўлади. Лекин улар боласини мактабга жойлаштириш йўлида учраётган муаммолар мана шу шоду хуррамликка соя солишга бемалол етиб ортади.

Назира Бурхонованинг сўзларига қараганда, унинг фарзанди бу йил биринчи синфга боради. Шу боис, боланинг ҳужжатларини кўтариб, бир ҳафта-ўн кундан буён мактабга қатнайди. Чунки директорни иш жойидан топиб бўлмайди. Фарзандлари илк бора мактабга борадиган ота-оналар унинг келишини кутиб ҳатто навбатга турибди. Директорнинг олдига киришдан мақсад эса фақат фарзанди шу мактабга ўқишга қабул қилинган-қилинмаганини аниқлаш, холос. Агар 1 сентябрь кунига қадар бола мактаб ёшига тўлмаган бўлса, ота-она поликлиникадан рухсат олиши керак. Бунинг учун эса анча маблағ сарфлашга тўғри келади. Мактабга қабул қилишдан олдин боланинг қобилиятини аниқлаш мақсадида ўтказиладиган тест ҳам пулсиз бўлмайди.

Яна бир ёш она 7 ёшга тўлган болаларни мактабга жойлаштиришда мактаб маъмурияти талаб қиладиган ҳужжатлар, уларни тўплаш учун кетадиган вақт, асаб ва маблағнинг адоғи йўқлигидан шикоят қилади.

“Биринчи боламни мактабга бердим. Бунинг ҳам ўзи бўлмас экан. Манзилингизни сўрашади. Манзил тўғри келмаса, дарҳол пул талаб қилишади”, дейди у.

Н.Бурхонованинг айтишича, сентябрдан кейин бир ёшга тўладиган болани мактабга қабул қилишда югур-югурни камайтириш учун унинг туғилганлик ҳақидаги гувоҳномасини сохталаштиришга тўғри келади.

Халқ таълими вазирлиги таълим муассасалари бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Дониёровнинг маълум қилишича, “Таълим тўғрисида”ги қонунда бола 6-7 ёшда мактабга қабул қилиниши белгилаб қўйилган. Мактаб ўз ҳудудидаги 7 ёшга тўлган барча болани қабул қилиши керак. Агар ўрин қолса, бошқа ҳудудлардаги болаларни ҳам қабул қилиш мумкин. Олти ёшли бола эса тиббий педагогик-психологик комиссия хулосаси бўйича ўқишга қабул қилинади.

Август ойида 7 ёшга тўлганини нишонлайдиган болалар билан сентябрда шу ёшга кирадиганлар ўртасида унча катта фарқ йўқ. Бироқ мактаблар маъмурияти уларни мактабга қабул қилишда қўяётган талаблар қанчалик асосли?

Халқ таълими вазирлигига қарашли Республика ташхис маркази директори Ҳикматилло Рашидов бундай талаблар қонунга мутлақо зидлигини билдирди. Унинг айтишича, бола сентябрь ойида 7 ёшга тўладиган бўлса, у ҳеч қандай тўсиқсиз мактабга қабул қилиниши шарт. Шу билан бирга, агар бола олти ёшга кирган бўлса, унинг ўқишга жисмоний ва ақлий тайёргарлигини аниқлаш учун тиббий-психологик кўрик тайинланади.

Б.Дониёровнинг таъкидлашича, агар мактабларда шу масалада порахўрлик ва таъмагирликлар кузатилса, она-оналар тегишли идораларга мурожаат этиши шарт. Мазкур иш юзасидан текшириб ўтказилиб, фактлар тасдиқланса, унга бош қўшган масъуллар жазога тортилади.
XS
SM
MD
LG