Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 12:57

Ўзбекистонда қатағон қурбонлари ёд этилди


Шайбон 31 август куни Тошкентда қатағон қурбонларини ёд этиш тадбири ҳамда мамлакат Мустақиллигининг 13 йиллигига бағишланган тантаналар ўтказилди. Ҳар икки тадбирда ҳам Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов иштирок этди.

Қатағон қурбонларини ёд этишга бағишланган расмий тадбир одатдагидек Тошкентнинг Юнусобод туманида жойлашган Шаҳидлар хотираси майдонида бўлиб ўтди. Қатағон қурбонлари хотирасига Қуръон тиловат қилиниб, наҳорги ош тортилди. Майдон марказидаги ёдгорлик тоши ёнидаги яна бир тиловатдан сўнг Президент Шаҳидлар хотираси музейини кўздан кечирди.

“Шаҳид бўлганлар қандай армон билан дунёдан ўтган, ким учун ўзини қурбон қилган? Улар ҳам анча қийноқларга солинган. Лекин уларнинг йўлидан қайтмаганига мен ишонаман. Шунинг учун биз бу ерга келиб зиёрат қиламиз, уларни эслаймиз, арвоҳларини шод этишга уринамиз. Улар ўз иродаси, имони, эътиқоди билан бизларга ўрнак бўляпти”, - деди Президент музейда журналистлар ва жамоатчилик вакиллари билан суҳбат чоғида.

И.Каримов майдонда ҳозир бўлган дин уламоларига мурожаат этиб, уларни ислом динини ниқоб қилиб олган оқимларга қарши курашишда ўз билим ва салоҳиятини ишга солишга чақирди. Унинг айтишича, киши ўз уйини қандай ҳимоя қилса, муқаддас динини ҳам шундай муҳофаза этиши шарт. Агар дин ҳимоя қилинмаса, ўзаро курашлар жараёнида бўшлиқ пайдо бўлади. Бу бўшлиқни эса диндан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлган нопок кучлар эгаллайди.

Куннинг иккинчи ярмида Тошкент марказидаги Мустақиллик майдонига элтувчи барча йўллар тўсиб қўйилиб, уларда транспорт ҳаракати тўхтатилди. Кечки соат 19:30 да майдонда Ўзбекистон Мустақиллигининг 13 йиллигига бағишланган байрам тантаналари бошланди. Тантаналаридан олдидан Президент Ислом Каримов мамлакат халқини байрам билан табриклаб, нутқ сўзлади.

“Вақт ўтиши, замон ўзгариши билан ҳар қандай холис кузатувчига бир ҳақиқат аён бўлмоқдаки, биз ички ва ташқи сиёсатимизни амалга оширишда кимнингдир тазйиқ ёки амрига итоат қилиб, турли ўйинларга, ноғораларга қўшилган эмасмиз ва доимо мустақил сиёсат олиб борганмиз. Биз учун ягона ва устивор мақсад бу Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбекистон манфаатидир”, - деди Президент ўз нутқида.

Ислом Каримов “Ўзбекистон кўзлаган орзу-мақсадларга, албатта, етишини, эркин ва фаровон жамиятни, албатта, қуришини”, бу сўзларни “Ўзбекистонга, Она Ватанга қарши ғаразли мақсадда юрган кимсалар қулоғига қўрғошиндек қуйиб олиши” лозимлигини таъкидлади.

Шундан сўнг майдонда байрам концерти бошланди. Аммо бу сафарги концертда ҳар вилоят санъаткорлари алоҳида чиқишлар қилмади. Норасмий манбалардан олинган маълумотларга кўра, ҳар бир вилоят санъаткорларига ўз вилоятида Тошкентдаги каби концертлар ўтказиш топширилган.

1 сентябрь эрта тонгдан пойтахт маркази сари элтувчи барча йўллар яна тўсиб қўйилди. Шу кун оддий фуқаролар учун халқ сайли ўтказилди. Албатта, бу сайлни 31 августдаги тантаналар билан солиштириб бўлмайди. Шундай бўлса-да, сайил жойлари гавжум, концертлар ўтказилмоқда.
XS
SM
MD
LG