Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:24

Ўқувчи қанча юк кўтариши мумкин?


Саида Маълумотларга қараганда, шўролар даврида Соғлиқни сақлаш ва Халқ таълими вазирликлари томонидан мактаб ўқувчилари ўқишга қатнаш давомида қанчагача юк кўтариши мумкинлиги уларнинг ёшига қараб белгиланган, шу ҳақда меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилган.

Ушбу меъёрий ҳужжатга кўра, 1-3-синф ўқувчилари 2 килограммгача, 3-5-синфлар 2,5 килограммгача, 5-8-синф ўқувчилари 3,5 килограммгача оғирликдаги ўқув қуролларини кўтариши мақсадга мувофиқ бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги мутахассиси Неля Солиҳованинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда бундай нормативларга ҳали ҳам амал қилинади. Масалан, ўқув анжомларини 3 километр масофагача кўтариб борадиган 1-3 синф ўқувчилари учун бу меъёр 1,5-2 килограммни ташкил этади. Бошқа синф ўқувчилари учун ҳам бу меъёрлар шўролар давридаги нормативлардан фарқ қилмайди.

Н.Солиҳованинг таъкидлашича, бир ўқувчи учун мўлжалланган ўқув қуролларининг оғирлиги аслида меъёрда белгиланганидан камдир. Аммо ўқитувчилар ўқувчиларни қўшимча ўқув қуроллари олиб юришга ундаётгани ота-оналарнинг эътирозига сабаб бўлаётир.

Тошкент педиатрия институти мутахассиси Учқун Каримовнинг айтишича, агар бола соғлом ривожланаётган бўлса, белгиланган меъёрдагидан бирмунча ортиқ юк кўтарса ҳам унинг саломатлигига зиён етмайди. Бироқ ортиқча юк кўтариб юриш давомий бўлмаслиги керак.

У.Каримовнинг қўшимча қилишича, Марказий Осиё шароитида ўқувчилар фақат мактаб анжомлари кўтариш билан чекланмайди. Улар қишлоқ хўжалик ишларига жалб қилинганда анча оғирликни кўтаришига тўғри келади. Масалан, Ўзбекистонда мактаб ўқувчиларини ҳатто 4-синфдан пахта теримига жалб қилиш ҳолати кузатилади. Шунинг учун болаларнинг мактабда эмас, далада қанча юк кўтаришини меъёрлаш керак.

Ота-оналарнинг эътирофича, болалар учун тайёрланган сумкалар анча оғир.
Фарзандлари кўтарадиган юк вазни қиш фаслида янада ошади. Бошланғич синф ўқувчиларининг мактаб учун зарур анжомлари ва ўқув қуролларининг оғирлиги баъзан 4 килограммгача етиши мумкин.

Бошланғич синф ўқитувчилари эса бундан 1-2 йил илгари биринчи синф ўқувчиларига берилган сумканинг анча енгил ва сифатсиз бўлгани, бу йил эса залворли бўлса-да, сифатли сумкалар тарқатилганини таъкидлади. Уларнинг фикрича, бола сумкани кун бўйи кўтариб юрмаслиги назарда тутилса, мактаб анжомларининг оғирлиги унинг соғлиғига унчалик таъсир этмайди.
XS
SM
MD
LG