Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:35

“Интерньюс” судга тортилди


Шайбон Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри адлия бошқармаси “Интерньюс” ташкилотининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси устидан шаҳар фуқаролик судига мурожаат қилган. Ушбу мурожаат натижаси ўлароқ, 6 сентябрь куни Тошкент шаҳри фуқаролик ишлари судида томонларнинг ўзаро мунозараси бўлиб ўтди.

Тошкент шаҳри адлия бошқармаси вакили Ҳасан Саидовнинг мунозара чоғида маълум қилишича, “Интерньюс” фаолиятида бир неча қонунбузарликлар аниқланган. Жумладан, “Интерньюс” шаҳар нодавлат нотижорат ташкилоти сифатида рўйхатдан ўтганига қарамай, “Интерньюс-Ўзбекистон” номи остида фаолият кўрсатиб келган. Ташкилот рамзи Адлия вазирлиги тасдиғидан ўтказилмаган. Ташкилот низомида белгиланганидек, ҳар йилда бир марта ўтказилиши назарда тутилган муассислар йиғилиши ўтказилмай келинган.

Ҳ.Саидовнинг сўзларига қараганда, бу қонунбузарликлар жорий йилнинг июнь ойида Адлия вазирлиги ва шаҳар адлия бошқармаси томонидан “Интерньюс”да ўтказилган текширувда аниқланган. Ташкилот раҳбариятига аниқланган камчиликларни август ойининг охирига қадар бартараф этиб, адлия бошқармасини огоҳлантириш мажбурияти юкланган. Аммо бу талаблар бажарилмаган. Шу сабабли бошқарма “Интерньюс” фаолиятини олти ой давомида тўхтатиб қўйишни сўраб, судга мурожаат этган.

“Интерньюс” ҳуқуқшуноси Фарид Абдршиннинг суддаги мунозара чоғида билдиришича, текширув давомида аниқланган барча камчиликлар ўз вақтида бартараф этилган ва Адлия вазирлиги бу ҳақда огоҳлантирилган. Ташкилот рамзи ҳам Адлия вазирлиги тасдиғидан ўтказилган.

Ҳ.Саидов “Интерньюс” адвокатининг бу ҳақдаги маълумотига муносабат билдирар экан, Адлия бошқармаси ва Адлия вазирлиги алоҳида-алоҳида ташкилот экани, жавоблар эса бошқармага юборилиши лозимлигига урғу берди.

Томонлар келтирган фактлар билан танишиб чиққан судья бошқарма вакилига Адлия вазирлигидан “Интерньюс” адвокати айтган ҳужжатлар топширилганми ёки йўқлигини аниқлаш ва судга маълум қилишни топширди ҳамда суднинг биринчи мажлисини 8 сентябрь кунига белгилади.

Мунозара якунига етгач, адлия бошқармаси вакили Ҳ.Саидов мавзу юзасидан “Озодлик” мухбири билан суҳбатлашишни истамади.

“Интерньюс”нинг Тошкентдаги ваколатхонаси директори Холида Анорбоевнинг таъкидлашича, адлия бошқармасининг текширув натижалари ўлароқ, ташкилотни ярим йил давомида ёпиб қўйиш талаби билан бирданига судга мурожаат қилиши мутлақо асоссиздир. Чунки “Интерньюс” бошқарма томонидан аниқланган майда-чуйда камчиликларни ўз вақтида бартараф этган.

“Интерньюс” адвокати Ф.Абдршин ҳам ташкилот фаолиятини тўхтатиш талаби билан судга мурожаат этишга асос йўқлигини билдирди.

“Интерньюс” раҳбарияти юзага келган ҳолат юзасидан аниқ муносабат билдирмаётир. Шунга қарамай, Х.Анорбоеванинг эътирофича, ташкилотга қарши қандайдир хатти-ҳаракатлар бошлангани хусусидаги айрим хавотирлар ҳам йўқ эмас.
XS
SM
MD
LG