Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:10

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво “Халқ сўзи” газетасининг 3 сентябрь сонида журналист Абдунаби Ҳайдаровнинг “Бирликсиз тириклик бўлмас…” сарлавҳали мақоласи чоп этилди.

Муаллиф бугунги кунда маҳаллалар ўз бурч ва вазифаларини қандай уддалаётганлари ҳақида мулоҳаза юритиб, жумладан, бундай ёзади:

“Аксарият фуқаролар йиғини кенгашлари илгаригидек, асосан, кўкаламзорлаштириш-ободонлаштириш, ҳашарлар уюштириш, тўй-маросимлар ўтказиш, кам таъминланган ва болали муҳтож оилаларга моддий ёрдам кўрсатиш-у нафақалар тайинлаш билангина кифояланиб қолмоқдалар…”.

Шунингдек, мақола давомида журналист газета-журнал ва китоб дўконлари нафақат маҳаллалар, балки бутун бошли қишлоқларда ҳам топилмаслиги, замонавий видеосалонларда намойиш этилаётган кинолар ўсиб келаётган авлод руҳиятига салбий таъсир кўрсатиши, туман-шаҳар теледастурлари маҳаллий аҳамиятга молик 10-15 дақиқалик ахборотлар-у сийқаси чиққан пулли табриклардан ташқари хорижнинг миллий менталитетга тўғри келмайдиган, моҳиятан зўравонликни, ваҳшийлик ва бузғунчиликни тарғиб қилувчи жангари фильмларини эфирга узатиш билан андармонлиги ҳақида ёзади.

“Ажабланарлиси, маҳаллалар оқсоқоллари ва фаоллари бу ҳолатларни кўра-била туриб, негадир лом-мим демайдилар. Масалани атрофлича муҳокама қилиб, эътирозлари ва таклиф-мулоҳазаларини тегишли идораларга етказмайдилар”, дейди журналист.

“Моҳият” газетасининг 3 сентябрь сонида республика “Маънавият ва маърифат” маркази бўлим мудири Шамсиддин Жумаевнинг “Бозор ва ҳалоллик – азалий анъана” сарлавҳали мақоласи эълон қилинди. Муаллиф бугунги кун бозорларидаги маънавий-маърифий аҳвол ҳақида мулоҳаза қилар экан, жумладан, бундай дейди:

“Бугунги кунда айрим харидорлар бозорларга ўз торозилари билан боришни одат қилишган. Бир жиҳатдан бу - яхши. Харидор олган нарсасини ўз торозиси билан тортиб кўриб, ишонч ҳосил қилади. Бошқа жиҳатдан эса бозор торозиларига ишончсизлик белгисидир. Бунга бевосита сотувчиларнинг харидор ҳақидан уриб қолиши асосий сабабдир. Харидорларда ишончсизлик уйғотаётган яна бир сабаб, ҳунузгача кўпгина бозорларда маҳсулотлар нархи кўрсатилмаган. Кўрсатилган бўлса ҳам ҳаммаси эмас”.

“Ўзбекистон овози” газетасининг 4 сентябрь кунги сонида журналист Носиржон Деҳқоновнинг Наманган вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи, тарих фанлари номзоди Дилшодахон Дадажонова билан суҳбати “Мактаб ўзгаради, муаллим-чи?” сарлавҳаси остида босилди. Суҳбат мамлакатда мактабларга, ўқитувчи-мураббийларга эътибор ҳақида бўлиб, мухбирнинг таълим масканларида қайси фан мутахассислари етишмаслиги тўғрисидаги саволига қуйидагича жавоб берилади:

“Мактабларимизда чет тили, информатика фани ўқитувчилари, ҳуқуқшунос педагоглар, психолог мутахассислар етишмайди. Ўзингиз ўйланг, ҳафтасига 40 соатдан дарс ўтадиган инглиз тили ўқитувчиси дастурий сабоқни ўқувчига тўлақонли етказа оладими? Айниқса, ёшларда тил ўрганиш истаги ортган, Ватан ўз болалари учун дунё кенгликлари сари кенг йўл очиб турган бир даврда чет тили ўқитувчиси етишмаслиги аччиқ оғриқ эмасми?”
XS
SM
MD
LG