Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:24

Урганчликлар ALC ни соғиняпти


Меҳрабон Урганч шаҳрида фаолият кўрсатган “Эй-Эл-Си” (ALC) мустақил телекомпаниясининг ёпилганига беш йил тўляпти. Телекомпаниянинг ёпилиши вилоятда катта шов-шув ва миш-мишларга сабаб бўлганди.

Урганчликлар мазкур телекомпания фаолияти ҳақида ҳали ҳам ижобий фикрлар билдиради. Уларнинг эътирофича, ALC доимо ҳаққоний кўрсатувлар тайёрлаган, мақтовлар, алдашлар бўлмаган. Айниқса, ALC нинг янгиликлар дастури тезкорлиги ва ҳаққонийлиги билан томошабинларга манзур бўлган. Урганчликлар ҳали ҳам бу телекомпания фаолиятини соғинч билан эслайди.

Журналист Қудрат Бобожонов телекомпаниянинг бош муҳаррири лавозимида ишлаганди. Унинг айтишича, беш йиллик фаолияти давомида ALC га жуда кўп таъналар бўлган. Телекомпания ходимлари дипломатияни билмасликда, сиёсий йўл танлаганликда айбланган. Шундан сўнг сайлов арафасида - 1999 йилда бу телекомпания ёпилган. Жорий йил декабрдаги сайловлар арафасида ҳам баъзи телевидениелар ёпилаётганини кузатиш мумкин.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ҳайитбой Ёқубовнинг таъкидлашича, ALC нинг ёпилиши ноқонуний бўлган. Бу ишда ҳозир Ҳазорасп тумани ҳокими бўлган Ботир Раҳимовнинг қўли бор.

ALC телекомпанияси фақат беш йилгина фаолият юритди. Урганчлик ака-ука Бобожоновларнинг телевидениега қизиқишлари натижаси ўлароқ пайдо бўлган ALC мана шу давр мобайнида профессионал даражага кўтарила олган эди.

“Олтин мерос” халқаро жамғармасининг Хоразм вилояти бўлими раиси Комил Нуржоновнинг фикрича, телекомпания фаолиятини қайта тиклаш лозим.

Маълум бўлишича, ALC Хоразм тарихида ягона хусусий телекомпания бўлиб қолмоқда. Истиқлол шарофати билан ташкил этилган бу телевидение фаолиятига мустақиллик йилларида нуқта қўйилди. Қонун бўйича хусусий ОАВ ташкил этишга ҳеч қандай тўсиқлар бўлмаса-да, негадир Хоразмда бугунги кунда бирорта хусусий телекомпания ёки радиостанция йўқ.

Вилоят матбуот ва ахборот бошқармаси бошлиғи Улуғбек Исмоилов хусусий оммавий ахборот воситалари сиёсатга умуман аралашмаслиги керак, дегувчилардан бири.

“Хусусий телевидениеми, радио ёки газета очадими, вилоятда бирорта тўсиқ йўқ. Улар тегишли ҳужжатларни расмийлаштириб, бемалол ишлайверсин. Таклифимиз шуки, улар мамлакат сиёсатига аралашмасин. Агар аралашадиган бўлса, газета ҳам, телевидение ҳам сиёсийлашиб қолади. Менимча, сиёсатдан узоқроқда бўлиб, қизиқарли материалларни бериб борса, яхши бўлади”, деди У.Исмоилов.

Кузатувчиларнинг маълум қилишича, ҳозир вилоятда бор-йўғи битта хусусий нашр бор. У ҳам У.Исмоилов айтган кўрсатмалардан четга чиқмаслик билан жон сақлаётир.
XS
SM
MD
LG