Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 23:38

Бухорода “жамоат”чилар суд қилиняпти


Шайбон Шу кунларда Бухоро вилояти жиноят ишлари судида жорий йилнинг март-апрель ойларида Тошкент шаҳри ва Бухоро вилоятида содир этилган портлашларда алоқадорликда айбланаётган шахслар устидан суд жараёнлари бўлиб ўтмоқда.

Хабарларга кўра, бу ерда 6 сентябрь куни 16 нафар эркак устидан суд бошланган. Бу шахслар Бухоро вилоятининг Ромитан туманидаги Қаҳрамон қишлоғида истиқомат қилувчи Нурмат Раззоқов хонадонида содир этилган портлашда алоқадорликда гумон қилинмоқда. Уларга конституциявий тузумга тажовуз қилиш, терроризм каби бир неча айблар қўйилган.

Мазкур жараён муносабати билан суд биносига элтувчи барча йўллар тўсиб қўйилган ва бошқа хавфсизлик чоралари кўрилган.

Бухоро вилояти жиноят ишлари судида мана шу суд жараёнига параллел равишда яна бир суд бўлиб ўтмоқда. Унда 8 нафар аёл судланяпти. Улар ҳам Қаҳрамон қишлоғидаги портлашда алоқадорликда гумон қилиняпти.

Таъкидлаш керакки, баҳордаги портлашлар юзасидан илк суд жараёни Ўзбекистон Олий судида бўлиб ўтган эди. 15 нафар шахс, жумладан, икки аёл устидан ўтказилган бу суд жараёнида судланувчилар 6 йилдан 18 йилгача бўлган муддатларга озодликдан маҳрум этилганди.

Олий суддаги жараёндан сўнг айни кўринишдаги судлар мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиб келиняпти.

Судланувчиларнинг барчаси “Ҳизб ут-таҳрир” диний оқими ва “жамоат”ларга аъзо экани айтилмоқда.

Ўз вақтида Ўзбекистон Бош прокурори Рашид Қодиров баҳорда портлашлар содир этган шахслар айнан шу оқимлар аъзолари эканини таъкидлаган эди.

Эслатиб ўтамиз, Қаҳрамон қишлоғидаги портлаш натижасида 10 киши, жумладан, ёш қизча ҳам ҳаётдан кўз юмган эди.
XS
SM
MD
LG