Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:33

Террорга қарши кураш дунё бўйлаб давом этмоқда


Самандар 11 сентябр воқеаларига бағишланган туркум лавҳаларнинг бугун иккинчи қисмини эътиборингизга ҳавола этамиз.11 сентябр воқеалари 80дан ортиқ мамлакатнинг 3 мингга яқин фуқароси ëстиғини қуритди. Ҳужумлар ҳеч бир мамлакат¸ҳаттоки ер юзидаги энг қудратли мамлакат террор таҳдидидан ҳоли эмаслигини кўрсатди. Машъум санага бағишланган туркум лавҳаларнинг бугунги иккинчи қисмида “Ал-Қайда” ва бу террор тармоғини қўллаб –қувватловчиларга қарши уруш глобаллашаëтгани ҳақида ҳикоя қиламиз. Мавзуни Самандар давом эттиради.

11 сентябр воқеаларидан сўнг¸ террорга қарши уруш бошланганда мазкур ҳужумлар ортида турган “Ал-Қайда” АҚШга энг кўп таҳдид солувчи тармоқ бўлиб кўринган эди.


Аммо¸орадан уч йил ўтгач¸ ўз ғоялари ва услуби билан руҳланган халқаро террор ташкилоти ва мустақил гуруҳлар террор майдонини драматик равишда кенгайтириши хавф кўламини нақадар катта эканлигини кўрсатди:

“Мен иккита жуда ҳам даҳшатли портлашнинг гувоҳи бўлдим. Ўнлаб тез ëрдам машиналари¸полиция ходимлари ва ўт ўчирувчилар ҳодиса юз берган жойга етиб кела бошлади”.

Бу Мадридда йўловчи поездга ўрнатилган портловчи мосламанинг ишлаб кетиши натижасида 191 киши ўлимига сабаб бўлган террор ҳужуми гувоҳининг овози эди. Кейинчалик терговчиларнинг маълум қилишича¸ мазкур портлашда айбланган шахслардан бирининг “Ал-Қайда” билан алоқаси бўлган.

Испаниядаги портлаш “Ал-Қайда” томонидан Европада содир этилган катта миқëсдаги биринчи ҳужум эди.

Ундан кейин Тошкент ва Бухорода портлашлар содир этилди.
Ўшанда бир ҳафта давомида юз берган отишмалар чоғида камида 47 киши ҳалок бўлган эди.


Ўзбекистон расмийлари мазкур портлашлар Ўзбекистон исломий гуруҳ аъзолари томонидан уюштирилгани ва уларнинг “Ал-Қайда” билан алоқаси борлигини айтган эди. Ўзбекистон Бош Прокурори Рашид Қодиров мана бундай деганди:


“Қўлга олинган шахсларнинг айримлари илгари “Ал-Қайда” жанггариларини ўргатган араб инструктори бошчилигида террорчилар лагерида машқ қилганини тан олди”.

Ўзбекистон расмийларининг бу гаплари қўлга олинган жанггариларнинг қамоқдаги терговлар пайтида айтилган бўлиб¸ бу маълумот мустақил манбаалар томонидан тасдиқланмаган.


Тошкент ва Бухородаги ҳодисалардан сал ўтиб¸террор ҳужумлари Саудия Арабистонининг Хубар шаҳрида содир этилди.

Ўшанда қуролланган гуруҳ ҳорижий фуқаролар истиқомат қиладиган ҳудудга ҳужум уюштириши натижасида 22 киши ҳалок бўлган¸ “Ал-Қайда” тармоғи мазкур портлаш учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

Саудия қироли ҳужумларни қоралаган эди:


“Саудияликлар ва мамлакатда яшайдиган хорижлик фуқаролар бу каби ҳужумлар содир этилишига қарши. Ислом динига ва инсониятга алоқаси бор ҳеч бир кимса бундай қилмишларни кечирмайди”.


Бу ҳодисалар 11 сентябрдан сўнг амалга оширилган террор ҳаракатларининг энг йириклари эди.Шу орада Покистон Президенти Парвез Мушарраф жонига икки бор суиқасд уюштирилганини ҳам тилга олиб ўтиш мумкин.


Энди булар қаторига Беслан фожиасини ҳам қўшса бўлади. Бу сафар болалар ҳам террор қурбонига айланди.

Кузатувчиларга кўра¸ АҚШнинг Афғонистонда ҳарбий базаси мавжудлигига қарамасдан¸ дунëнинг турли бурчакларида содир этилаëтган террор ҳаракатлари “Ал-Қайда” фаолияти нақадар кенг кўламда давом этаëтганидан далолат беради.

Бунинг сабаби- 1980-90 йиллар давомида “Ал-Қайда”нинг Афғонистондаги лагерларида минглаб одам тайëргарликдан ўтиб¸ маҳаллий гуруҳ тузиш мақсадида ўз уйларига қайтган.


Бугунга келиб¸ ўша террор лагерларида ўқув-машғулотларини ўтаган юзлаб¸минглаб одам дунëнинг кўпгина давлатларида исломий давлат ўрнатиш учун курашмоқда.

Бундай гуруҳлар ҳатто Усама бин Ладен ëрдамисиз ҳам фаолият юритишга қодир эканлигини намойиш этди. Бин Ладеннинг ўзи эса¸ ҳамон озодликда юрибди.
“Женева Хавфсизлик сиëсати маркази” ходими Жулиан Линдлей гапиради:

“Террорга қарши кураш давлатлар ва гуруҳлар ўртасидаги курашга айланган.Чеченларга ўхшаб¸ ўзларини диний - экстремистик гуруҳларга боғлаб маҳаллий ҳукуматга қарши уруш олиб борадиганлар ҳам бор. Бу ҳолатлар эса илгарилари бир-бирларини рақиб¸ деб билган Россия¸АҚШ ва Хитойни террорга қарши курашда яқинроқ бўлишга ундамоқда”.
XS
SM
MD
LG