Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 03:15

Қозоғистондаги сайлов натижалари соҳталаштирилгани айтилмоқда


19 сентябр куни Қозоғистонда мамлакат парламентининг қўйи палатаси бўлган Мажлисга сайловлари бўлиб ўтди. Ушбу сайловлар жараёнини Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилотининг 300дан ортиқ вакили кузатди. Халқаро ташкилот мазкур сайлов демократик талаблар даражасида ўтмаганини танқид қилди.

ЕХҲТ расмийлари сайловлар халқаро андозаларга мос келмаслигини маълум қилди. ЕХҲТнинг сайлов миссиялари бўйича координатори Игор Осташ 20 сентябр куни Алматида сўзлаган нутқида бу ҳақда шундай деди:

”19 сентябр куни Қозоғистонда ўтган Парламент сайловлари Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳамда Европа Кенгашининг демократик сайловлар тўғрисидаги талабларига жавоб бермади “ - деди ЕХҲТ расмийси.

23 сентябр куни Қозоғистондаги мухолифат партиялари вакиллари Қозоғистон ҳукуматини сайлов натижаларини соҳталаштирганликда айблади.

Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси 19 сентябр куни парламент қуйи палатаси, Мажлис учун бўлиб ўтган сайловлар натижаларини пайшанба куни эълон қилди. Расмий маълумотларга кўра, сайловларда Президент Нурсултон Назарбоевнинг “Ўтан” партияси парламентдаги 33 ўринни, Президент тарафдори бўлган “Аист” сиёсий блоки 10та ўринни ва Президентнинг тўнғич қизи Дариға Назарбоева раҳбарлигидаги “Асар” партияси вакиллари парламентдаги уч ўринни эгаллади. Бундан ташқари парламентдаги саккиз ўрин мустақил номзодларга тегди. Мухолифатдаги “Ақ Жўл” партияси эса Парламентдаги фақат битта ўринни эгаллади.

Пайшанба куни “Ақ Жўл” партияси раҳбарлари сайлов натижалари соҳталаштирилганини баён қилди. “Ақ Жўл” раисдоши Бўлат Абилов ўз партияси сайловчиларнинг 40 – 50 фоиз овозини олиши кераклигини айтди. Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси эълон қилган расмий маълумотларга кўра эса, “Ақ Жўл” сайловчиларнинг 12 фоиз овозини олган.

23 сентябр куни пойтахт Остонада уюштирилган матбуот конференциясида “Ақ Жўл” раиси Қалиаҳмет Бимаханов ҳукумат партия раисдоши Олтинбек Сарсенбаев парламент аъзоси бўлишига йўл қўймаслик учун сайлов натижаларини соҳталаштирганини таъкидлади:

”Биз сайлов натижаларидан қониқдик, дея олмаймиз. Бу адолатсизликнинг ёрқин мисоли. Биз ўтказган дастлабки таҳлил натижаларига кўра, биз парламентда камида икки ўринни эгаллашимиз керак эди. Расмийлар Олтинбек Сарсенбаевнинг парламентга аъзо бўла олмаслиги учун сайлов натижаларини соҳталаштирганига ишончим комил“ - дейди мухолифат вакили.

“Ақ Жўл” партияси раисдоши Алихан Байменов эса сайлов натижаларидан норозилигини шундай баён қилди:

”Марказий Сайлов комиссияси эълон қилган якуний сайлов натижалари халқ истагини акс эттирмайди. Расмий натижалар хақиқий натижаларига мос келмайди. Кўпгина ҳолларда йўл қўйилган камчиликлар сабабли сайлов участкалари ёпилиши керак эди. Минглаб ҳолларда сайлов тўғрисидаги қонун бузилган. Барча фактлар хақиқий сайлов натижалари соҳталаштирилганини тасдиқлайди “ - дейди Алихон Байменов.

Қозоғистонликлар орасида ўтказилган сўровлар, Президент Нурсултон Назарбоевнинг “Ўтан” партияси сайловчиларнинг 30 – 40 фоиз овозини олиши мумкинлигини кўрсатган. Бироқ Қозоғистон Марказий сайлов комиссияси бўлиб ўтган сайловларда “Ўтан” партиясига сайловчиларнинг 60 фоизи овоз берган, деб эълон қилди.

Қозоғистон парламенти қуйи палатаси, Мажлис раиси, “Ўтан” партияси аъзоси Жармахан Туяқбай Озодлик мухбири билан суҳбатда ўз партияси ғалабасини сайловчиларни ўз дастурига ишонтира олгани билан изоҳлади:

”Биз олдимиздаги беш йилга мўлжалланган амалий ҳаракат дастурини тақдим этишга муваффақ бўлдик. “Қозоғистон йўли 2009” деб номланган ушбу дастур бизнинг сайловолди платформамиз эди“ - деди “Ўтан” вакили Жармахон Туяқбай.

Президент Нурсултон Назарбоев қизи Дариға Назарбоева бундан атиги 10 ой олдин тузган “Асар” партияси сайловчиларнинг 11 фоиз овозини қозонгани кўплар учун кутилмаган ходиса бўлди. Кўпчилик Дариға отасининг ўрнини эгаллашга тайёргарлик кўряпти, деган фикрда. Қозоғистондаги қатор оммавий ахборот воситаларига раҳбарлик қилувчи Дариға Назарбаева сайловлардан олдин ўз партияси 40 фоиз овоз олишини башорат қилган эди.
XS
SM
MD
LG