Линклар

Шошилинч хабар
24 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:33

Ўзбекистонлик ўқитувчилар Қозоғистонда ишлашни маъқул кўряпти


Феруза Хабарларга кўра, Жанубий Қозоғистоннинг биргина Мақтаорол тумани мактабларида ўзбекистонлик 32 нафар ўқитувчи ноқонуний равишда ишламоқда. Қозоғистон мактабларида ишлаётган ўзбекистонлик муаллимлар сони эса кундан-кунга ошиб боряпти.

Яқиндагина Қозоғистонда ўқитувчилик қилиб қайтган Бахтиёр Исабековнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистонда муаллимларнинг маоши садақа даражасида бўлгани учун улар қўшни давлатда ишлашни маъқул кўрмоқда. Зеро, бу ерда ўқитувчиларнинг иқтисодий ва маънавий имкониятлари анча катта.

Б.Исабековнинг таъкидлашича, ўзбек ўқитувчилари Қозоғистонда, асосан, рус тилида таълим беради. Ўзбек тилида дарс ўтиладиган мактаблар ва олий ўқув юртлари факультетларида ҳам уларга иш топилади. Бундан ташқари, айни пайтда Қозоғистонда ўзбекзабон муаллимларга эҳтиёж бор. Чимкентда ўзбек тилида дарс ўтиладиган мактаблар учун тайёрланаётган мутахассислар сифат ва касбий маҳорат жиҳатдан талабга жавоб бермайди.

Қозоғистондаги университетда дарс бераётган, ўзини таништиришни истамаган ўқитувчилардан бирининг таъкидлашича, бу мамлакатга бориб ишлашни истаётган ўзбек муаллимлари сони кўпайган. Бунинг натижаси ўлароқ, улар ижарада яшаши мумкин бўлган уйларнинг нархи ҳам ошган. Қолаверса, Қозоғистон ҳукумати ўзбекистонлик ўқитувчилардан мамлакатда доимий яшаш учун рўйхатдан ўтишни ҳам талаб қилмоқда.

Ўқитувчининг эътирофича, қозоқлар ўртасида ўзбекларга қарши кайфият кучли. Бунинг устига, мактабларларда ҳам аҳвол яхшимас. Қозоғистондаги хусусий университетларда ишлаётган ўзбек муаллимлари орасида фан номзодлари, профессорлар бор. Улар бир неча жойда ишлайди. Ҳар бир иш жойидан эса ўзбек сўмида ҳисоблаганда 200 мингдан ортиқ маош олади.

Чимкент вилояти таълим департаменти вакили Айдар Такшанов Қозоғистонда ўзбек ўқитувчиларига катта эҳтиёж борлигини тасдиқлади.

“Бизда ўзбек тилида дарс бериладиган мактаблардан ташқари қозоқ-турк, қозоқ-ўзбек университетлари ҳам бор. Шунинг учун ўзбекистонлик муаллимларга эҳтиёж катта. Бироқ кўпгина ўзбек ўқитувчилари хусусий мактаб ва университетлар раҳбарлари билан ўзаро келишиб ишлайди. Ўқитувчилар билан таъминлаш юзасидан давлатлараро шартнома бор-йўқлиги хусусида эса маълумотга эга эмасман”, деди А.Такшанов.

Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги вакили эса Қозоғистондаги ўзбек мактаблари учун кадрлар етказиб бериш бўйича давлатлараро шартнома борлигини билдирди.
XS
SM
MD
LG