Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:26

Гаровдаги италиялик икки аëл озод этилди


Арол Ироқда бундан уч ҳафта олдин гаровга олинган италиялик икки аëл озод этилди. Симона Пари ва Симона Торрета исмли ушбу аëллар сешанба куни соғ-саломат ватанларига қайтиб келишди. Бағдодда инсонпарварлик ëрдамлари билан шуғулланиб келаëтган бу икки аëл 7 сентябр куни бир гуруҳ қуролли шахслар томонидан ўғирлаб кетилган эди. Гаровга олган гуруҳ бошида уларни озод этиш учун Ироқ қамоқхоналаридаги барча маҳбус аëллар қўйиб юборилишини талаб қилиб чиққан эди. Ҳозир ана шу мавзу хусусида ҳамкасбим Азизулло Арол билан суҳбатлашамиз.

Италиялик ушбу икки аëл қандай шартлар асосида озод этилган?

Айрим ахборот воситалари¸ жумладан¸ Кувайтдаги баъзи газеталарннинг хабарига кўра¸ бу икки аëлни озод этиш учун уларни гаровга олган гуруҳга бир миллион доллар пул талаб қилган. Аммо сешанба куни Италия мухбирларидан бирининг бу борадаги саволига мамлакат Бош вазири Силвио Берлускони аниқ жавоб бермади. У аëлларни озод этишда фаол қатнашган Италиянинг инсонпарварлик ëрдами ташкилотларига миннатдорчилик билдирди.

"Бу бутун мамлакатимиз¸ жумладан барча италиялик қизларнинг ота-оналарини қайғуга солган даҳшатли ҳодиса бўлди. Хайрият¸ воқеа ижобий шаклда якун топди"¸ - деб баëн қилди Бош вазир Берлускони.

Кузатувчиларга кўра¸ гаровдаги икки аëл ҳақиқатан ҳам катта пул эвазига озод этилгани тасдиқланса¸ ҳукумат қаттиқ танқидга учраши мумкин. Ўтган баҳор ойларида озод этилган Италиянинг уч фуқароси тўғрисида ҳам худди шундай овоза тарқалган эди. Лекин маълумотлар бугунга қадар ўз исботини топмади.

Италиялик таҳлилчи Жан-Пьер Дарнис Озодлик радиосига айтишича¸ италияликлар учун гаровдагиларни озод қилиш мақсадида пул тўлангани-тўланмагани унчалик муҳим эмас.

"Фикримча¸ бу муаммо эмас. Италияликлар жуда ҳам прагматик. Улар учун инсон ҳаëти қимматбаҳо. Албатта¸ босимга ëн бериб пул тўлаш яхши иш эмас. Франция ва бошқа мамлакатларда бу катта муаммо бўларди. Аммо Италияда ҳаттоки пул эвазига бўлса ҳам¸ қизларнинг қайтиб келганидан ҳамма хурсанд"¸ - деб таъкидлади таҳлилчи Дарнис.

Бошқа бир хабарга кўра¸ гаровдаги икки аëлни озод этиш мақсадида Италия мусулмонлари раҳбари Муҳаммад Нур Дахан Бағдодга бориб¸ маҳаллий руҳонийлар билан учрашган.

Италиялик бу икки аëл Ироқда қандай ишлар билан шуғулланган?

Ҳар иккаласи ҳам 29 ëшда бўлган Симона Пари ва Симона Торретталар "Бағдодга кўприк" номли Италиянинг инсонпарварлик ташкилоти ходималари бўлган. Ташкилот асосан мактабларга ëрдам кўрсатиш ва тоза ичмлик суви билан таъминлаш лойҳалари билан шуғулланган. Ироқдаги инсон ҳуқуқлари ташкилоти вакили Исмоил Довуд ушбу аëлларни тинчлик элчиси¸ касалхона¸ мактаб ва муҳтожларга ëрдам кўрсатувчилар¸ деб таърифлаган эди. Ироқлик руҳоний Шайх Анвар Хатиб эса уларнинг ўғирланганини Ироқ халқига қарши қилинган амал¸ деб баҳолаган.

Биласизки сўнгги бир неча ой давомида Ироқда гаровга олиш ҳолларикўпаймоқда. Ироқ уруши бошланганидан буëн тахминан қанча чет эллик гаровга олинди ва уларнинг тақдири нима бўлди?

Жорий йилнинг апрел ойидан буëн 140дан зиëд чет эллик ўғирлаб кетилган. Уларнинг кўпчилиги гаровга олувчилар талаби бажарилганидан кейин озод этилди. Айрим ҳолларда гаровга олинган чет элликлар пул эвазига қўйиб юборилган. Ҳозирги пайтда яна камида 18 хорижлик гаровда ушланиб турилибди. Гаровга олинган одамларнинг 30 нафари ўлдирилган. Ўтган ҳафта иорданиялик жанггари Абу Мусаб аз-Зарқавий раҳбарлигидаги "Тавҳид ва Жиҳод" гуруҳи Американинг икки фуқаросини қатл қилганини акс эттирувчи видео тасвирни интернет орқали тарқатди. Америкаликлар билан бирга гаровга олинган 56 ëшли Британия фуқароси тақдири ҳозирча номаълум. Гаровдаги икки франциялик журналист тақдирига оид ҳам маълумот йўқ. Аммо Франция ҳукумати уларни озод қилиш борасидаги ҳаракатларини давом эттиряпти.
XS
SM
MD
LG