Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:14

Линкольн Блумфельд Ўзбекистонда нима масалани муҳокама қилди?


Шайбон 4 октябр куни АҚШ давлат котибининг ҳарбий ва сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Линкольн Блумфельд ва АҚШ Мудофаа вазирлиги вакили Энди Ҳоэн бошчилигидаги делегация Ўзбекистонга келди.

Расмий маълумотларга кўра, АҚШ делегацияси аъзолари 5 октябрь куни Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан музокара ўтказган. Музокарада ўзаро ҳамкорликнинг бугунги аҳволи ва истиқболи хусусида гап борган. Томонлар минтақавий хавфсизликни таъминлаш учун Афғонистонда тинчлик ва барқарорлик ўрнатилиши муҳим аҳамиятга эгалигини қайд этган.

АҚШ делегацияси Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов билан ҳам учрашди. Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг таъкидлашича, делегация ташрифи кун тартибида Президент билан учрашув кўзда тутилмаган эди.

Ҳозирча бу учрашув кимнинг таклифи билан ўтказилгани номаълумлигича қолмоқда. Унда муҳокама этилган мавзулар ҳам ошкор этилмаётир.

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати вакилининг сўзларига кўра, делегация ташрифи АҚШ Президентининг 16 августдаги чиқиши билан боғлиқ. Жорж Буш бу чиқишида мамлакатнинг хориждаги ҳарбий базалари жойлашувини қайта кўриб чиқиш ҳақида баёнот берган эди. Мазкур баёнотдан келиб чиқиб, делегация Ўзбекистондаги АҚШ ҳарбий базасининг мақоми юзасидан маслаҳатлашув ўтказиш мақсадида Тошкетга ташриф буюрган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегация ташрифидан кўзланган мақсад хусусида АҚШ элчихонаси тарқатган маълумотни инкор қилди. И.Зокировнинг фикрича, Президент сайлови арафасида Американинг ҳеч қайси маъмурияти муҳим масалаларни қайта кўриб чиқишга ҳаракат қилмайди. Яъни бундай йўл тутиш Америка сиёсати анъаналарига зид.

АҚШ Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлиги қўшма делегациясининг Ўзбекистон Президенти билан режадан ташқари равишда учрашгани сабаблари ҳақида Ташқи ишлар вазирлиги ва Президент девони вакилларидан аниқ жавоб олишнинг имкони бўлмади.

Шунингдек, ташриф арафасида делегациянинг Ўзбекистон мудофаа вазири Қодир Ғуломов билан музокараси кўзда тутилгани ҳақида хабар тарқатилганди. Бу учрашув ўтказилган-ўтказилмагани ҳам номаълум бўлиб турибди. Мудофаа вазирлиги бу ҳақда сукут сақламоқда.
XS
SM
MD
LG