Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:35

“Артикль-19”: Ўзбекистондаги ОАВ тўғрисидаги қонунларни ислоҳ қилиш керак


Феруза Яқинда “Одил сўз” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларидаги вазият юзасидан август ойи бўйича ўтказилган мониторинг натижаларини эълон қилди.

Мониторингдан Марказий Осиёда ОАВ аҳволини ўрганаётган мустақил тадқиқотчи Оливия Аллисоннинг Ўзбекистонда бу борадаги вазиятга муносабат билдирилган мақоласи ҳам ўрин олган.

О.Аллисон Ўзбекистонда ҳукуматнинг ОАВни цензура қилишига жудаям эҳтиёж қолмаганини таъкидлар экан, маҳаллий журналистлар тақиқланган мавзуларда ёзишдан манфаатдор эмаслигини англаб етганини, шунинг учун улар ўз-ўзини цензура қилиш йўлига ўтиб олганини таъкидлайди.

Мониторингда “Артикль –19” сўз эркинлигини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти меморандумидан парча келтирилади. Меморандумда ёзилишича, Ўзбекистонда мавжуд “Давлат сирларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги, “Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида”ги ва “ОАВ тўғрисида”ги қонунлар тезда ислоҳ қилиниши зарур бўлган меъёрий ҳужжатлардир. Зеро, “ОАВ тўғрисида”ги қонун асосида ОАВни рўйхатга олиш тартибидан цензурани амалга ошириш мақсадида фойдаланиш мумкин. Шунингдек, бу қонун халқаро меъёрлар асосида ҳимояланган сўз эркинлиги имкониятларини чеклашга хизмат қилади.

Мониторингда “Артикл –19” ташкилоти Ўзбекистон ҳукуматини юқорида номлари зикр этилган қонунларни қайта кўриб чиқиш ва халқаро сўз эркинлиги меъёрларига мос ўзгариш ва қўшимчалар киритишга чақиради.

Мониторинг натижаларида Владимир Нурмуҳаммедовнинг 26 август куни “эркин юрт” сайтида эълон қилинган мақоласи тилга олинади. Мазкур мақолада Ўзбекистонда текширилмаган журналистлари ахборот манбасига яқинлаштирмаслик амалиёти қўлланилаётгани таъкидланади.Унда айтилишича, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари япон делегацияси ташрифи муносабати билан уюштирилган матбуот анжуманига маҳаллий журналистларнинг иштирок этишига изн бермаган.

“Озодлик” мухбири ушбу мақолада тилга олинган ҳолат юзасидан Ташқи ишлар вазирлигининг муносабатини ўрганди. Вазирлик матбуот хизмати раҳбари Илҳом Зокировнинг билдиришича, бу даъво умуман ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки бу матбуот анжуманини вазирлик эмас, балки Япония элчихонаси уюштирган. Анжуманга кимни таклиф этишни ҳам элчихона ҳал қилган. Дипломатик ваколатхона ходимлари бу масалада вазирликнинг ёрдамига эҳтиёж йўқлиги билдирган.

В.Нурмуҳаммедовнинг мақоласида Ўзбекистон Бош прокуратурасида ҳам шундай механизм йўлга қўйилгани, яъни прокуратура мутасаддиларини ноқулай ҳолга тушириб қўядиган саволлар бермайдиган ишончли шахсларгина мазкур муассаса уюштирган брифингларга қўйилиши ёзилади.

Бош прокуратура матбуот хизмати бошлиғи Светлана Ортиқова бу даъвони рад этди. Унинг айтишича, В.Нурмуҳаммедов, аввало, брифинг ва матбуот анжуманининг фарқига бориб олиши керак. Брифингда фақат бир томонлама баёнот берилади ва савол-жавоб бўлмайди.
XS
SM
MD
LG