Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 17:44

Халқаро ПЕН клуби фаоллари Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси олдида норозилик тадбири ўтказди


Аввал хабар берганимиздек, Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси жаноб Крейг Мюррейнинг ўз раҳбарларига ёзган мактубида Ўзбекистонда қийноқлар остида олинган кўрсатмалардан терроризмга қарши курашда фойдаланаётгани учун АҚШ ва Британия ҳукуматларини танқид қилган. Душанба куни эса Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси биноси олдида халқаро ёзувчилар ташкилоти – ПЕН клуб фаоллари Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоқ жазоларини ўтаётган ёзувчи ва мухолифат фаоллари Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродовлар озод этилишини талаб қилиб тадбир ўтказди.

Халқаро ПЕН клубнинг Қамоқдаги ёзувчилар бўйича қўмитаси раҳбари Люси Попеску Озодлик мухбири билан суҳбатда, Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси олдида тадбир ўтказишдан мақсад ҳақида шундай деди:

“Биз фикр билдириш ҳуқуқи бузилиб, қамоққа ташланган ёзувчилар номидан норозилик акцияси ўтказдик. Айни пайтда, биз Ўзбекистонда жуда кўп фуқароларнинг оддий инсоний ҳуқуқлари бузилаётганини ҳам биламиз. Шу сабабли ҳам биз Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишни давом эттирмоқчи бўлдик“.

Халқаро ПЕН ташкилоти уюштирган тадбирда биртаниялик ёзувчилар, ПЕН ташкилотининг Непал ва сиерра леонлик вакиллари, жами элликка яқин одам иштирок этган.

ББС тарқатган маълумотга кўра, Ўзбекистон элчихонаси аввалроқ пикетчиларни йиғилишни бекор қилишга чақирган ва бу каби ҳаракатни Ўзбекистонга қарши “сиёсий иғво” сифатида баҳолаши ҳақида огоҳлантирган. Ўша ернинг ўзида элчихона вакили тадбир қатнашчиларига тарқатган расмий баёнотда Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродовларнинг “террорист”лар экани айтилади ва ПЕН клубни “террористларни ҳимоя қилишдан эҳтиёт бўлишга” чақирилади.

Аммо Ўзбекистондаги Демократик ташаббус нодавлат ташкилоти раиси Искандар Худойберганов Озодлик мухбири билан суҳбатда бунга шундай муносабат билдирди:

“Энг аввало шуни айтиш керакки, тилга олинган кишилар хеч қачон расман террорчилар қаторига қўшилмаган. Уларнинг террор ташкилотлари билан алоқаси борлигини хеч ким аниқлаган эмас. Бу иккинчи. Учинчидан, уларнинг фаолияти, мутлақо сир эмас. Улар сиёсий арбоблардир. Улар мухолифатдаги ЭРК партиясига аъзо бўлган кишилардир“, - дейди инсон ҳуқуқлари фаоли.

Искандар Худойберганов сўзида давом этиб, ҳукуматлар ўзининг сиёсий рақибларига қарши “террор” иборасини ишлатиши ҳақида шундай деди:

“Қачонки ҳукумат ўзининг сиёсий рақибларини озод қилишни хоҳламаса, қачонки ўзини оқлаш учун гап бўлмаса, ана шунда “террор”, “террорчилар”, деган сўзлар пайдо бўлади. “Халқаро терроризм” тушунчаси рақибларни бостириш учун бир восита сифатида ишлатилади“, - дейди ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари фаоли Искандар Худойберганов.

Тошкентдаги мухбиримиз ёзувчиларнинг халқаро ПЕН ташкилоти фаоллари Ўзбекистоннинг Лондондаги элчихонаси олдида ўтказган намойишга айрим ўзбек зиёлиларининг муносабатини ўрганишга ҳаракат қилди.
XS
SM
MD
LG