Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 11:11

Қишлоқ аёллари анемияни касаллик ҳисобламайди


Меҳрабон Маълумотларга қараганда, Қорақалпоғистонда касалланганларнинг 90 фоизини анемия, яъни камқонликка чалинганлар ташкил этади. Бу касаллик болалар ва аёлларда, айниқса, кўп учрайди.

Тўрткўл тумани марказий шифохонаси бош врачининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш бўйича ўринбосари Махсус Собировнинг сўзларига кўра, анемия ёш болалар, ўсмирлар, туғиш ёшидаги ва ҳомиладор аёллар ўртасида кўп учрамоқда. Шифохонага бошқа дард билан келаётган беморда ҳам камқонлик борлиги аниқланяпти.

М.Собировнинг таъкидлашича, мазкур касалликнинг олдини олиш мақсадида туман аҳолисига ЮНИСЕФ томонидан тақдим этилган феррум сульфат дориси тарқатилмоқда. Бироқ фақат дори ичиш билан касалликнинг олдини олиб бўлмайди. Анемияга чалинмаслик учун витаминга, оқсилга бой озиқ-овқат маҳсулотларини тез-тез истеъмол қилиш, ўз вақтида дам олиш керак.

Тўрткўллик Кумушхўжа Ниёзова ҳомиладор бўлгани учун айни пайтда камқонликдан даволанмоқда. Унинг айтишича, қишлоқ аёллари анемияни касаллик ҳисобламайди. Улар соғлиғига эътибор қаратмайди. Асосий ташвиши тирикчилик ўтказишдир.

Мутахассислар фикрича, камқонлик билан оғриганлар бир йилда 2-3 марта тиббий кўрикдан ўтиши зарур. Аммо кўпчилик шифокорга умуман мурожаат этмайди. Анемия вақтида даволанмаса, ёмон асоратларга олиб келиши мумкин. Айниқса, бу касаллик ҳомиладор аёлларга жиддий салбий таъсир кўрсатади. Зеро, анемия болаларнинг нимжон, касалванд туғилишига, уларда иммунитет тизими яхши шаклланмаслигига олиб келади.

Анемия организмда темир моддаси етишмаслиги касаллиги бўлиб, тўйиб овқатланмаслик, толиқиб ишлаш оқибатида келиб чиқиши мумкин. Оёқ-қўлларда оғриқ пайдо бўлиши, кўп уйқу келиш, ҳолсизлик, бош айланиши мазкур хасталик белгиларидир. Анемия Ўзбекистон бўйича энг кўп Қорақалпоғистон ва Хоразмда учрайди. Минтақадаги экологик вазиятнинг оғирлиги ҳам касаллик авж олишига сабаб бўляпти.
XS
SM
MD
LG