Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 01:06

“Европа жандарми” касбини ўзгартирганми?


Шайбон Куни-кеча Тожикистоннинг Душанбе шаҳрида ўтказилган Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар саммити мушоҳадага чорловчи фавқулодда баёнотларга бой бўлди.

Ушбу саммитда Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов: “Биз Россия тимсолида фақат бирор лойиҳани қўллаб-қувватловчи донор мамлакатни эмас, балки бизнинг алоқаларимизда юзага келиши мумкин бўлган можароли масалаларни ҳал қилишда иштирок этадиган давлатни ҳам кўрамиз. Келинг, яширмасдан очиқ-ойдин айтайлик, бундай ҳолатлар бизнинг ҳамкорлигимиз ва ўзаро алоқаларимиз давомида юзага келиши эҳтимоли йўқ эмас”, деди.

Яъни И.Каримовнинг сўзларига кўра, Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар ўзаро алоқаларида можароли вазият кўп учрайди. Бундай кайфиятнинг кучайиб кетмаслиги учун эса ташкилот таркибида Россиядай қудратли давлатнинг бўлиши зарур.

Маълум бўлишича, И.Каримов Душанбеда “тарихдан Россия доимо ҳар қандай муаммоларни бартараф эта олувчи мамлакат саналган”, деган.

Демократик ташаббуслар маркази раҳбари Искандар Худойберганов Ўзбекистон Президентининг бу гапини Россия томон қилинган дипломатик реверанс сифатида баҳолади.

“Чунки тарихга назар соладиган бўлсак, Россия бекорга Европа жандарми сифатида эътироф этилмаган. Демак бу сўзлар (И.Каримовники) ҳақиқатга тўғри келмайди. Агар Россия тарихига қарасак, у нафақат босиб олган, балки ўша ерда муқим қолиб, истило этилган ҳудудларни ассемиляция ҳам қилган. Мана бу Россия борасидаги энг тўғри баҳодир”, деди И.Худойберганов.

И.Худойбергановнинг таъкидлашича, Владимир Путин Тожикистондаги ҳарбий база Россиянинг Марказий Осиёдаги форпости эканини айтган. Бу Россия минтақада ўзининг Ғарбга қарши мустаҳкам позициясини яратаётганини англатади. Демак Россия Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари кутган қандайдир маслаҳатчи эмас, балки ўз манфаатлари учун жиддий ҳаракат бошлаган мамлакатдир.

Ўзбекистон Президентининг Остона саммитидаги таклифига асосан Душанбе учрашувида Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилотига аъзо давлатлар террорчи ташкилотлар ва гуруҳлар рўйхатини тузишга киришди. Бунда Россия хавфсизлик хизматларига алоҳида мажбуриятлар юклатилди.

Душанбе иқтисодий ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама этилди. Музокаралар натижасида сув энергетикаси, озиқ-овқат ва транспорт коммуникацияси консорциумини тузиш ва Марказий Осиёда умумий бозорнинг ташкил этилишини таъминловчи концепция ишлаб чиқиш тўғрисида қарорлар қабул қилинди.

Ўзбекистон Россия билан иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш учун ҳаракатларни бошлаб юборганига анча бўлди. Хусусан, Интернетда тарқатилган маълумотларга қараганда, Давлат мулки қўмитаси россиялик сармоядорларни қизиқтириб келаётган 23 та корхона акцияларини савдога қўйишга розилик билдирган. Улар орасида энергетика ва машинасозлик объектлари мавжуд.

Гарчи Давлат мулки қўмитаси бу маълумотни тасдиқламаган бўлса-да, инкор ҳам этмади.

Таниқли иқтисодчи олим Виктор Ивониннинг фикрича, россиялик сармоядорларга ён босиш ўта тўғри сиёсатдир. Зеро, ўз вақтида айнан машинасозлик секторининг Ғарб, жумладан, Америка сармоядорларига топширилиши тармоқнинг инқирозга учрашига олиб келган. Чунки америкаликлар соҳани ривожлантириш эмас, аксинча, жаҳон бозоридаги рақобатчини йўқотиш истагида бўлган. Улар фақат маълум миқдордаги акцияни сотиб олиб, корхонада юз бераётган жараёнларни кузатиб турган, холос.

“Энди ягона умид Россиянинг бизга бу масалада ёрдам беришида. Чунки Россиянинг ўзи бунда катта манфаат кўрмоқда. Демак биз Россия сармоядорлари ва ўз имкониятимизга таяниб, соҳани тиклаш, америкаликлар эгаллаб олган бозорларимизни қайтариш имконига эга бўламиз. Масалан, уларнинг қишлоқ хўжалик машиналари анча қиммат, бизники эса нисбатан арзон. Бу машиналарнинг эса имкониятлари деярли бир хил”, деди В.Ивонин.

В.Ивониннинг таъкидлашича, илгари Ўзбекистон ташқи сармоядорларга шароит яратиш устида бош қотирган бўлса, ҳозир уларнинг нима қилиб бера олиши ҳақида ўйламоқда. Шу боис, ҳар бир объект пухта ўйланган ва манфаатли режа асосида савдога қўйиляпти.
XS
SM
MD
LG