Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 04:58

“Тошкент пост” дунё юзини кўрди


Саида Ўзбекистонда инглиз тилида “Тошкент пост” газетаси чоп этила бошлади. 25 октябрь куни газетанинг иккинчи сони дунё юзини кўрди. Ундаги мақолаларни ўқиб, мамлакатдаги бошқа нашрлардан фарқли ўлароқ, бу газетада журъат борлигини кузатиш мумкин.

Уруш ва тинчликни ёритиш институти (Буюк Британия) мухбирининг “Тошкент пост”да эълон қилинган мақоласида бугунги кунда кўпчилик ёшларнинг ишсизликдан қочиб, армияда хизмат қилишга қизиқиши ортиб бораётгани айтилади. Мақолада Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти Қашқадарё вилояти бўлими раисининг айни мавзудаги мулоҳазалари ҳам берилган.

Газета масъул муҳаррири Бобир Собировнинг сўзларига қараганда, “Тошкент пост”, аввало, Ўзбекистоннинг ички ҳаётида рўй бераётган воқеаларни ёритиб боради. Мамлакатнинг ташқи сиёсий доиралардаги ўрни, жаҳонда рўй бераётган воқеалар ҳам газетадан ўрин олади.

Б.Собировнинг айтишича, газета инглиз тилида чоп этилаётганидан мақсад Ўзбекистонда яшаётган ёки бу ерга келган чет элликларни яна бир ахборот манбаи билан таъминлашдир. “Тошкент пост” уларга мамлакат ҳаёти ҳақида қўшимча маълумотлар олишга, хорижликларни қизиқтираётган саволларга жавоб беришга ҳаракат қилади.

Б.Собировнинг таъкидлашича, 500 нусхада чоп этилиши режалаштирилган мазкур газетага “Фикр-Медиа” хусусий фирмаси ҳомийлик қилмоқда. “Тошкент пост” жиддий ижтимоий-сиёсий газета ҳисобланади. Газета жамоаси мамлакатда рўй бераётган ижтимоий, иқтисодий, маданий, сиёсий жараёнларни имкон даражасида таҳлил қилишга интилади. “Тошкент пост” ўқувчиларга ўзбек халқининг дунёқарашини, менталитетини танитиб боришни ҳам ўз олдига мақсад қилган.

“Ҳозирча газетада қандай рукнлар бўлиши ҳақида гапиришга эрта. Чунки “Тошкент пост” инглиз тилида чоп этилаётгани боис, мутахассислар тақчиллиги сезилмоқда”, деди Б.Собиров.
XS
SM
MD
LG