Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:11

Ўзбекистонда АҚШ Президентлигига Жон Керри сайлади


Шайбон АҚШда Президент сайлови ўтказилгани муносабати билан мазкур мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчихонаси 3 ноябрь куни Тошкентдаги “Интерконтиненталь” меҳмонхонасида махсус йиғилиш уюштирди.

Йиғилиш иштирокчиларига сайлов тўғрисида маълумотлар берилди, шу билан бирга, улар элчихона томонидан уюштирилган муқобил сайловда қатнашишга таклиф этилди.

Йиғилиш ўтказилаётган зал эшикларида АҚШ Президентлигига номзодлар Жорж Буш ва Жон Керрининг суратлари, уларнинг сайловолди платформаларидан иқтибослар осиб қўйилганди.

Тадбирга таклиф этилган маҳаллий инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, мухолифатдаги партиялар вакиллари, сиёсатшунослар ва расмий идоралар ходимлари муқобил сайлов шартига кўра улардан бировига овоз берди.

Орадан бироз ўтгач, АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Жон Пурнелл муқобил сайлов натижаларини эълон қилди. Унинг билдиришича, Ж.Керри 230 та, Жорж Буш эса 143 та овоз тўплаган.

Аммо залдаги АҚШда ўтказилган Президент сайлови натижаларини кўрсатиб турган монитордаги рақамлар муқобил сайловда Ж.Керрига овоз берганларни бироз ранжитди. Чунки мониторда сайловда Ж.Буш олдинда бораётгани акс этиб турарди.

Аксарият маҳаллий кузатувчилар агар сайловда Ж.Керри ғалаба қозонса, Оқ уй маъмурияти Ўзбекистон билан ҳамкорлик масаласини қайта кўриб чиқиши, Ж.Буш ютса, у ҳам халқаро ҳамжамият тазйиқи остида шундай йўл тутишга мажбур бўлишини башорат қилмоқда.

Аммо элчи Ж.Пурнелл бу башоратлар бирмунча ошириб юборилганини таъкидлади

“Менимча, сайловлар натижаларидан қатъи назар Ўзбекистон билан АҚШ ўртасидаги муносабатлар яқинлигича қолади. Чунки республикачилар ва демократлар маъмуриятлари узоқ йиллар давомида жуда кучли амалий алоқаларни шакллантирган. Уларнинг ўзаро манфаатларини уйғунлаштирадиган бир неча муҳим йўналишлар бор. Ўйлайманки, бу ўзаро алоқаларимизнинг ижобий давом этишида муҳим омилдир”, деди элчи “Озодлик” мухбирига.

Йиғилишда қатнашган Ўзбекистон расмийлари АҚШ Президенти сифатида кимни маъқул кўришини айтишни истамади. Аммо таниқли сиёсий шарҳловчи Қобилбек Каримбеков бу ҳақда бажонидил фикр билдирди.

Унинг таъкидлашича, Ж.Бушнинг иккинчи муддатга сайланиши Ўзбекистон учун мақбул келади. Чунки Бушнинг Марказий Осиёга нисбатан сиёсати анча барқарор. Қолаверса, у синалган одам. Керрининг қандайлиги эса ҳозирча кўпчиликка номаълум.
XS
SM
MD
LG