Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:08

Арафат саломатлиги атрофидаги хавотирлар


Арол Оммавий ахборот воситалaри Фаластин раҳбари Ясир Арафат саломатлиги тўғрисида зиддиятли хабарлар тарқатишда давом этмоқда. Пайшанба куни¸ бир ҳафтадан буëн Франциядаги ҳарбий госпиталда даволанаëтган 75 ëшли Арафатнинг клиник ўлими ҳақида хабар тарқалди. Орадан кўп ўтмай унинг кома ҳолатида эканлигини Фаластин расмийлари ҳам тасдиқлади. Арафат аҳволи оғирлашгани ҳақидаги хабарлар тарқалиши билан дарҳол Фаластин расмийлари Рамаллоҳдаги қароргоҳда шошилинч йиғилиш ўтказиб¸ Ясир Арафат вазифаларини вақтинча Бош вазир Аҳмад Қурей ва унинг собиқ касбдоши Маҳмуд Аббосга топширишди.

Фаласти маъмурияти юзага келган вазият туфайли Ясир Арафат вазифаларини тақсимлади. Амалдаги Бош вазир Аҳмад Қурай зиммасига Фаластин ҳукуматини бошқариш ҳамда бундан 10 йил олдин Осло тинчлик шартномаси бўйича тан олинган Фаластин мухторияти ҳудудларини назорат қилиш вазифалари топширилган. Айни пайтда Қурай Миллий хавфсизлик кенгашини ҳам бошқаради. Арафат ҳали ҳам Фаластин Президенти ва Кенгаш раиси ҳисобланади.

Фаластин расмийлари қарорига кўра¸ собиқ Бош вазир Маҳмуд Аббос "Фаластин озодлик ташкилоти" ҳамда "Фатаҳ" сиëсий ҳаракатини бошқариб боради. Арафат ҳар иккала ташкилотнинг ҳам раисидир.
Фаластинликлар орасида Арафат ўрнига тайинланган ушбу икки шахс Фаластин рамзи бўлган Ясир Арафат ўрнини боса олмайди¸ деган фикр бор. Улар фикрича¸ Фаластин жамоасидаги турли фракция ва гуруҳларни бирлаштириш қобилияти Арафатдан бошқа ҳеч кимда йўқ.

Аммо "Фатаҳ" ҳаракати аъзоси Жамол ал-Тиравий жума куни Рамаллоҳда фаластинликларни якдил бўлишга чақириб¸ жумладан бундай дейди: "Ҳозир бирлашадиган ва гурурҳлар ўртасидаги зиддиятларни унитадиган вақт. Биз Ясир Арафат истагига биноан Фаластин келажагини қурамиз".

Арафатнинг собиқ маслаҳатчиси ҳозирда Исроил парламенти¸ Кнессет аъзоси Аҳмад Тибига кўра¸ фаластинликлар Арафатни нафақат президент ëхуд раис сифатида¸ балки¸ миллат отаси деб ҳисоблашади. Унинг айтишича¸ мустақил ва эркин Фаластин байроғини кўтаришга фақат Арафат ҳақлидир.

Лекин фаластин ҳукумати вакили Саейб Эрекатнинг айтишича¸ Фаластин расмийларининг учрашувлари ва маъмурият ичидаги ўзгаришлар Арафат йўқлигида ҳеч қандай бўшлиқ пайдо бўлмагани ва Фаластин идоралари фаолиятини тўхтатиб қўймаганини кўрсатмоқда.

Фаластинда юзага келган сиëсий вазият хусусида фикр билдирган Исроилнинг собиқ Бош вазири Шимон Перес Фаластин ҳукумати аллақачон тартиб ўрнатишга киришган¸ дейди: "Менимча¸ Маҳмуд Аббос ва Аҳмад Қурайлар муносиб шахслар. Улар жиддий ва масъулиятли одамлардир. Улар Исроил жосуслари эмас¸ биздан буйруқ ҳам олмайди. Аммо улар террор якун топишида асосий рол ўйнайди".
Кузатувчиларга кўра¸ Арафатдан кейин турли гуруҳлар орасида зиддиятлар вужудга келмаслиги учун Арафат ташкилотидаги турли фракциялар ҳамда "Фатаҳ" ва "Ҳамас" каби гуруҳлар сўзлашувлар натижасида вақтинчалик келишувга эришишлари мумкин. "Ҳамас" турли ташкилот ва гуруҳ вакилларидан иборат муштарак раҳбариятни тузишга чақирмоқда.

Яқин Шарқ бўйича мутахассис Надим Шиҳодийнинг Озодлик радиоси мухбири билан суҳбатида Арафат ўлими бирданига зўравонликларга етакламайди¸ деб ҳисоблайди.
"Арафат оламдан ўтганидан кейин ҳамма ўйлаганидек саросима бўлмайди. Бошқа томондан¸ Фаластин мухторияти ичида ва ташқарида Арафат каби ҳурматга эга бўлган етакчи ҳали узоқ вақт бўлмайди"¸ - дейди мутахассис Шиҳодий.

Унинг фикрича¸ Арафатсиз Яқин Шарқ тинчлик жараëнини амалга ошириш мураккаблашади.
Арафат вафот этганидан кейин уни васияти бўйича Қуддус ëки Ғазога дафн қилиш масаласи ҳозирча савол остида. Қуддус ҳам мусулмонлар¸ ҳам яҳудийлар учун муқаддас бўлган шаҳардир. Исроил ҳукуматини Арафатни Қуддусда дафн этишга рухсат бермаслигини маълум қилди. Айрим маълумотларга кўра¸ ҳозирда бу масала АҚШ¸ Исроил ва Фаластин расмийлари ўртасида муҳокама этилмоқда.
XS
SM
MD
LG