Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 17:43

Грузия Россия баëнотига эътироз билдирди


Азизулло Арол Жума куни Абхазияда мухолифат тарафдорлари ҳукумат идоралари жойлашган бинога бостириб кириб¸ уни эгаллаб олди. Воқеадан кўп ўтмай Россия агар Абхазияда тартибсизликлар давом этса¸ керакли чоралар кўришини маълум қилди. Россиянинг бу тўғридаги баëнотига Грузия ҳукумати эътироз билдирди.

Маълумки¸ шу йил 3 октябр куни Абхазия республикасида ўтказилган президентлик сайловида мухолифат вакили Сергей Багапш ғалаба қозонган эди. Марказий сайлов комиссияси Багапш рақиби Бош вазир Раул Хажимбага қараганда кўпроқ овоз олганини эълон қилганидан кўп ўтмай Абхазия олий суди икки ой ичида янгидан президентлик сайлови ўтказилиши кераклигини билдирди. Ҳукуматга кўра¸ овоз бериш жараëнида сохтакорликларга йўл қўйилган. Кузатувчилар фикрича¸ суднинг бундай қарор қабул қилишига ҳукуматга таянган ва Россия тарафдори бўлган Хажимба сайловда мағлубиятга учрагани сабаб бўлган.
Шундан сўнг Абхазияда вазият таранглашиб кетди. Мухолифат сайлов натижалари бекор қилинганидан норозилик билдира бошлади. 12 ноябр куни мухолифат тарафдорлари Сухумида норозилик намойиши ўтказиб¸ президент маъмурияти ва ҳукумат идоралари жойлашган бинога бостириб кирди. Милиция ва намойишчилар ўртасида юз берган тўқнашувда бир аëл жароҳатланди ва кўп ўтмай вафот этди.
Республикада вазият таранглашган айни кунларда Абхазия президенти Владислав Ардзинба ва сайловдан кейин Раул Хажимбанинг ўрнига тайинланган Бош вазир Нодар Хашба жамоатчиликка кўриниш бермаяпти. Мухолифат номзоди Сергей Багапш эса ўз тарафдорларини вазминликка чақириб¸ бошқа сиëсий партиялар билан музокаралар олиб боришга тайëрлигини билдирди.
"Биз барчани мулоқотга чорлаймиз. Барқарорликдан манфаатдор бўлган барчани мулоқотга чорлаймиз. Мамлакатимиз осойишталиги ва гуллаб-яшнашидан манфаатдор бўлган барчани мулоқотга чорлаймиз"¸ -дейди Багапш.
Аммо ҳукумат номзоди¸ собиқ Бош вазир Раул Хажимба мавжуд муаммони ҳал қилишнинг ягона йўли қонунга риоя қилиш¸ деб ҳисоблайди.
"Муаммони бартараф этишнинг бирдан-бир йўли ҳеч бўлмаганда бугун қонунга риоя қилишдир. Бугунги қонун эса такрорий овоз бериш тўғрисидаги фармондир. Мен уларга буни таклиф этишга қодир эмасман ва уларнинг таклифини эса биз қабул қила олмаймиз"¸ - деб фикр билдирди Хажимба.
Хажимбага мойил Россия Абхазиядаги вазиятга муносабат билдираркан¸ республикада керакли чоралар кўришини маълум қилди.
Жума куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Александер Яковенко Абхазияда тартибсизликлар давом этса Россия ўз манфаатларини ҳимоя қилиши учун керакли чоралар кўриши мумкинлигидан огоҳлантирди. Унга кўра¸ Багапш тарафдорларининг ҳукумат биносига бостириб кириши давлат тўнтаришини амалга оширишга уринишдир.
Россия расмийсининг бу баëноти Тбилиси ҳукуматининг норозилигига сабаб бўлди ва дарҳол Москвага эътироз билдирди. Грузия Ташқи ишлар вазири Саломе Зурабишвили уни мамлакат ички ишларига аралашиш¸ деб баҳолади ва Россия ҳукуматининг Абхазиядаги вазиятга оид баëнотидан АҚШ ҳукумати ва БМТни хабардор қилди.
1990 йилларда Абхазия Москва ëрдами билан Грузиядан ажралиб чиққан эди. Аммо унинг мустақиллиги ҳозиргача ҳеч қайси давлат томонидан расман тан олингани йўқ. Тбилиси Абхазияни Грузиянинг бир қисми деб билади ва шундай бўлиб қолади¸ деб ҳисоблайди.
XS
SM
MD
LG