Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 20:47

“Давра кенгаши” сайловга бойкот эълон қилди


Шайбон Мухолифат аъзолари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларини бирлаштирган “Давра кенгаши” норасмий ташкилоти вакиллари 12 ноябрь куни ўтказган матбуот анжуманида ташаббус гуруҳлари орқали депутатликка номзод кўрсатиш жараёнларида дуч келинаётган тўсиқлар ҳақида сўз борди.

Матбуот анжуманида “Давра кенгаши” аъзоси бўлган “Эрк”, “Бирлик халқ ҳаракати”, “Озод деҳқонлар” партиялари, сиёсатшунослар, Демократик ташаббуслар маркази вакиллари иштирок этди. Улар парламентга ўтказиладиган сайловга мухолифат вакилларидан ташаббус гуруҳлари орқали депутатликка номзод кўрсатиш жараёнида дуч келинган қаршиликларга тўхталди.

Маълум бўлишича, 86-Қўқон сайлов округи комиссияси “Бирлик” партияси вакили Исмоил Дадажоновнинг номзодини қўллаб-қувватлаган ташаббус гуруҳини рўйхатга олишдан бош тортган. Боз устига, куни-кеча И.Дадажонов учун тўпланган имзолар бошқа номзод номига расмийлаштириб юборилган.

“Давра кенгаши”нинг Андижон вилояти бўйича вакили Акбаржон Ориповнинг таъкидлашича, 15-Шаҳрихон сайлов округидан Музаффар Охуновнинг номзодини кўрсатган ташаббус гуруҳининг ҳужжатлари икки марта қайтарилган. “Истиқлол” сайлов округидан Мусажон Бобожонов ва Муҳаммадқодир Отахоновнинг номзодларини кўрсатган ташаббус гуруҳларининг комиссияга топширилган ҳужжатлари жавобсиз қолган.

“Эрк” партияси аъзоси Ойгул Маматованинг билдиришича, у 54-Оқдарё сайлов округидан ўз номзодини кўрсатмоқчи бўлган. Биров бир ойда учта ваколатли вакилини алмаштиришга мажбур бўлган. Биринчи вакилига юқори органлар томонидан тазйиқ ўтказилган. Иккинчи вакили нотариусдан ўтказилиб, округ сайлов комиссиясига келинганда бу вакил туман сайлов округи комиссияси аъзоси экани маълум бўлган. Вакил комиссияга аъзо бўлганини ўзи ҳам билмаган.

Матбуот анжуманида Сурхондарёнинг Термиз шаҳрида тузилган ташаббус гуруҳи рўйхатга олингани маълум қилинди.

Анжуман ташкилотчиларининг маълум қилишича, ташаббус гуруҳларини рўйхатга олмаслик учун кўп ҳолларда уларнинг ҳужжатлари қабул қилинмаган. Гуруҳ аъзоларига тазйиқлар ўтказилган. Баъзи жойларда эса йиғилган имзолар қалбаки экани баҳона қилинган.

“Бирлик” партияси вакили Ҳамдам Сулаймоновнинг айтишича, аслида сайлов тўғрисидаги қонуннинг 23-моддасида ташаббус гуруҳлари топшираётган ҳужжатларда имзолар бўлиши кўрсатилмаган. Балки номзодни қўлловчининг уй манзили, исм-шарифи, паспортидаги маълумотлар бўлиши белгиланган.

Маълум бўлишича, ташаббус гуруҳларига қарши турли фитналар ҳам уюштирилган. Масалан, “Бирлик” партиясининг Андижон тумани бўлими раиси ўз уйи олдида калтаклаб кетилган. “Озод деҳқонлар” партиясининг икки вакили ҳам ташаббус гуруҳи йиғилишини ўтказиш учун Фарғона вилоятига бораётганда калтакланган. Бунинг устига, улар маҳаллий милиция ходимлари томонидан безориликда айбланиб, 15 кунга қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

И.Дадажонов ташаббус гуруҳлари бўйнига савдогарларнинг Қўқон шаҳридаги норозилик чиқишини уюштириш айбини қўйишга ҳаракатлар бўлаётганини билдирди.

Матбуот анжуманида “Давра кенгаши”нинг қўшма баёноти эълон қилинди. Баёнотда “Давра кенгаши” аъзолари бўлажак парламент сайловини бойкот қилиши ўз ифодасини топган.

“Бирлик” партияси раисининг биринчи ўринбосари Пўлат Охунов “Эрк”, “Озод деҳқонлар” партиялари қатори “Бирлик” ҳам парламент сайловини бойкот қилишга қўшилишини таъкидлади.

Шу ўринда айтиб ўтиш жоизки, аввалига “Давра кенгаши”нинг матбуот анжуманини “Freedom house”нинг Тошкентдаги ваколатхонасида ўтказилишига розилик берган ваколатхона мутасаддилари сўнгги дақиқаларда ўз фикридан қайтди. Ваколатхона раҳбари ўринбосари Бранко Шесто хоним бу борада изоҳ бера олмаслигини маълум қилди.

“Давра кенгаши” вакилларининг фикрича, “Freedom house” мутасаддилари Ўзбекистон расмийларнинг кўрсатмасига кўра шундай қарорга келишга мажбур бўлган.
XS
SM
MD
LG