Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:38

Бухорода фуқароларнинг велосипедлари тортиб олинмоқда


Басира Хабарларга қараганда, сўнгги вақтларда Бухорода ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари шаҳарда велосипед миниб юрган фуқароларнинг транспорт воситасини зўрлик билан олиб қўймоқда.

Маълум бўлишича, фуқароларнинг велосипедларини тортиб олиш 12 ноябрдан бошланган. Милиционерлар тортиб олинган велосипедлар 20 ноябрдан кейин қайтариб берилишини айтмоқда.

Ҳуқуқ-тартибор органлари ходимининг таъкидлашича, бу тадбир Ўзбекистон ва Туркманистон Президентларининг Бухорода бўлиб ўтиши кутилаётган учрашуви олдидан кўрилаётган хавфсизлик чоралари сирасига киради.

“Велосипедлар олий мартабали меҳмонлар тушган машиналар кортежи йўлига чиқиб кетишининг олдини олиш мақсадида олиб қўйилмоқда. Чунки илгари шундай воқеа бўлган эди. Учрашув тугагандан кейин велосипедлар эгаларига қайтариб берилади”, деди у.

Велосипед Бухорода анча оммавий транспорт воситаси ҳисобланади. Деярли харажат талаб қилмайдиган бу транспортдан ёшу қари фойдаланади.

Мустақил кузатувчиларнинг сўзларига қараганда, жорий йил баҳорида ҳам бухороликларнинг велосипед ва от-эшак аравалари мажбуран олиб қўйилган эди. Бу тадбир вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси томонидан махсус кўрсатма орқали амалга оширилганди. Бироқ ҳозир велосипедларни мажбуран олиб қўйиш ҳақида ҳеч қандай кўрсатма берилмаган.

Айни кунларда ҳам Бухорода фуқаролардан велосипедларни мажбуран олиб қўйиш тадбири давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG