Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:33

Тожикистон элчиси Юсуф Шодиметовга эътироз билдирди


Озодбек Яқинда Россия ва Тожикистон ўртасида Тожикистон альюминий заводининг икки цехини қайта таъмирлаш ва йилига 200 минг тонна альюминий ишлаб чиқарадиган янги завод қуриш тўғрисида битим имзоланган эди.

Бу битим эколог олимлар, мутахассислар ҳамда жамоатчиликда хавотир уйғонишига сабаб бўлди.

Тошкентда “Экосан” халқаро жамғармаси томонидан мазкур масалага бағишланган учрашув ўтказилди. Унда Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Ғуломжон Мирзоев, ҳукумат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари, эколог олимлар иштирок этди.

Ўзбекистонлик расмийлар ва эколог олимлар Тожикистонда янги альюминий заводи қурилса, нафақат Ўзбекистоннинг Сурхондарё вилоятида, балки Тожикистонда истиқомат қиладиган аҳоли саломатлиги ҳам жиддий хавф остида қолишидан ташвиш билдирди.

“Экосан” жамғармаси президенти Юсуф Шодиметовнинг сўзларига қараганда, Тожикистон альюминий заводи кейинги ўн йилликлар давомида катта ҳудудда экологик вазият ёмонлашувига олиб келмоқда.

Учрашувда Тожикистон альюминий заводи ҳавога табиатни ифлослантирувчи моддалар чиқараётгани сабабли ўтган асрнинг 80-90-йилларида Сурхондарё вилоятидаги бир қанча туманларда экологик вазият кескин ёмонлашгани таъкидланди.

Маълум бўлишича, 1994 йилда Ўзбекистон ва Тожикистон ҳукуматлари ўртасида Тожикистон альюминий заводи салбий таъсир кўрсатаётган ҳудуддаги экологик вазиятни яхшилашда ҳамкорлик қилиш тўғрисида битим имзоланган. Ҳужжат асосида “Экосан” жамғармаси томонидан завод билан боғлиқ муаммоларни ечишга қаратилган бир қанча чора-тадбирлар амалга оширилган. Жумладан, жамғарма эксперт гуруҳи томонидан Сариосиё ва Узун туманларида мавжуд вазиятни ўрганиш борасида илмий-тадқиқот олиб борилган ва керакли тавсиялар ишлаб чиқилган. Амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида вазият бирмунча барқарорлашган.

Учрашувда янги завод қурилиши натижасида мазкур ҳудуд экологик ҳолати ва аҳолиси саломатлигига жиддий зарар етиши мумкинлиги бот-бот такрорланди.

Ю.Шодиметовнинг таъкидлашича, завод йилига 300 минг тонна альминий ишлаб чиқарган пайтда ҳам бу ҳудудда экология ўта даражада бузилган. Завод ҳавога чиқарадиган зарарли моддалар таъсирида кишиларнинг тишлари тушиб кетмоқда, камқонлик ва бўқоқ касаллиги кўпаймоқда.

Учрашувда кўтарилган мавзу Тожикистон элчиси Ғ.Мирзоевда норозилик уйғотди.

“Назаримда тожик мутахассислари иштирокисиз, шошмашошарлик билан бундай фавқулодда учрашув ўтказилиши маъқул эмас. Мен ҳамиша атроф-муҳит тозалаги тарафдори бўлиб келганман ва экологик вазият бузилмаслиги учун фаол курашганман. Мен профессор Шодиметовнинг ишларини қўллаб-қувватлаганман. Аммо бугун нима учун эътироз билдираётганимни у яхши билади”, деди элчи.

Элчининг билдиришича, ўзбек экологларининг хавотири тожикларни бепарво қолдиряпти, деб ўйлаш мутлақо хатодир. Тожикистон ҳукумати 70-йилларда қурилган бу заводни қайта таъмирлашни режалаштирган экан, аввало, зарарли чиқиндилар миқдорини имкон қадар камайтиришни ҳам ўйлаган. Қолаверса, янги завод қуриш фақат режалаштирилган, ҳали унинг амалий ижросига киришилгани йўқ.

Элчининг сўзларидан кейин Ю.Шодиметов йиғилишдан кўзланган мақсад Тожикистонни айблаш эмас, балки дастлабки маълумотларни муҳокама этиш учун ўтказилаётанини таъкидлади ва вазиятни юмшатишга ҳаракат қилди.

Ю.Шодиметовнинг “Озодлик” мухбирига айтишича, мазкур заводнинг атроф-муҳитга зарари муаммосини ҳал қилиш мумкин. Бунинг учун заводни замонавий тарзда қайта таъмирлаш лозим ва янги завод қуриш масаласини яна бир бор ўйлаб кўриш керак.
XS
SM
MD
LG