Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:46

Рушайлони сайлов натижаси қизиқтирмайди


Шайбон 29 ноябрь куни МДҲ ижроия қўмитаси раиси Владимир Рушайло бошчилигидаги ушбу ташкилот миссияси Тошкентга келди. Миссия Ўзбекистондаги парламент сайловини кузатиб бориш учун ўз штабини ташкил қилди.

Миссия штаби Ўзбекистон банклари уюшмаси биносида жойлашган. Мазкур штаб очилиши муносабати билан 30 ноябрь куни В.Рушайло матбуот анжумани ўтказди.

Маълум бўлишича, 29 ноябрь куни В.Рушайло бошчилигидаги миссия аъзолари Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Содиқ Сафоев билан учрашган. Мулоқот чоғида халқаро террорчиликка қарши ҳамкорликдаги кураш ҳамда МДҲ истиқболи билан боғлиқ масалалар муҳокама қилинган. 30 ноябрда эса миссия Марказий сайлов комиссиясида бўлиб, сайловолди жараёни билан қизиққан.

В.Рушайлонинг сўзларига қараганда, 30 ноябрь куни МДҲ ижроия қўмитаси сайловда кузатувчилик қилиш учун Ташқи ишлар вазирлигида махсус аккредитациядан ўтган. Миссия, аввало, сайловга тайёргарлик жараёни ва бевосита сайлов ўтишини мониторинг қилади. Бунда бошқа кузатувчилар билан ҳамкорликда иш олиб борилади.

“Сайлов натижаси миссияни қизиқтирмайди. Бу миссиянинг умумий позициясидир. Миссия холислик принципидан келиб чиқиб иш юритади. У бирор партия ёки жамоат бирлашмасига хайрихоҳлик қилмайди. Яъни бу жараёндан қандайдир манфаат кўзламайди. Айни пайтда МДҲдан сайловга нечта кузатувчи қатнашиши аниқ эмас. Аммо улар сони тахминан 70 нафар бўлиши мумкин”, деди В.Рушайло.

В.Рушайлонинг билдиришича, миссия сайловолди кампаниясининг дастлабки босқичи ҳақида маълумотларга эга. Аммо бу ҳақда тўлиқ якуний хулоса билдиришга ҳали эрта. Чунки миссия штаби эндигина иш бошлаган ва ҳали ўрганилиши керак бўлган ҳолатлар талайгина. Рўйхатдан ўтмаган партиялар ва бирлашмалар масаласи Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ва МСКдаги учрашувларда муҳокама қилинган.

Мен ўйлайманки, бу борада, аввало, сайлов ўтаётган мамлакатнинг ички қонунларидан келиб чиқиб фикр юритиш лозим. Биз айнан шу жиҳатга асосланиб иш юритамиз. Шунинг учун миссия қандайдир қатъий маслаҳатлар бериш ҳуқуқига эга эмас”, деди МДҲ ижроия қўмитаси раиси.

МДҲ кузатувчилари Қозоғистон, Чеченистон ва Украинадаги сайловларда ҳам иштирок этган. Аммо уларнинг бу сайловлар тўғрисидаги хулосалари Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти хулосаларидан тубдан фарқ қилади.

В.Рушайлонинг бу ҳолатга изоҳ беришича, хулосалардаги фарқланиш масалага қай жиҳатдан ёндашишдан келиб чиққан. Шунга қарамай, МДҲ кузатувчилари миссияси барча ҳолатлар юзасидан ЕХҲТ кузатувчилари билан маълумотлар алмашиш йўлини танлаган ва доимо шу йўлда собитдир.
XS
SM
MD
LG