Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:52

Ёш қаламкашлар фестивали


Ҳакимбек 12 декабрь куни Тошкентда болалар журналистикаси фестивали ўтказилди. Ўзбекистонда иккинчи марта ўтказилаётган мазкур тадбир “Янги авлод” болалар медиа маркази ва БМТ Болалар жамғармаси (Юнисеф) томонидан ташкил этилди.

Фестивалда журналистикага иштиёқи баланд бўлган мактаб ўқувчилари иштирок этди. Унда навоийлик Нафисанинг “Китобга асосланмаган ҳаёт” мақоласи “Энг яхши мақола” номинациясида ғолиб бўлди.

Фестиваль жюри ҳайъати аъзоси журналист Гулбаҳор Азимованинг сўзларига қараганда, Нафисанинг мақоласида ёшлар ўртасидаги алкоголизм ва наркомания муаммолари қаламга олинган. Нафиса мана шу муаммоларни ўзича таҳлил қилишга уринган.

Тошкентлик Малоҳат фестивалда энг фаол ёш журналист сифатида эътироф этилди. Унинг “Озодлик” мухбирига айтишича, катталар қатори ёшлар ҳам ижодда кўплаб тўсиқларга дуч келмоқда. У муаммо кўтарилган мақолани таҳририятга олиб борса, кўпинча босилмай қолиб кетади. Таҳририятлар муаммоларни кўтариш ўрнига аллақандай тадбирлар ҳақидаги ҳисобот материалларни эълон қилишни маъқул кўради.

“Озодлик” мухбири билан суҳбатда бўлган ёш қаламкашларнинг таъкидлашича, нафақат болалар, балки катталарнинг муаммоларни ёритишда ҳам цензура мавжуд. Болаларнинг муаммолари эса турли-туман. Масалан, ногирон болалар, мактабда ўқувчи ва ўқитувчи ўртасидаги муносабат муаммолари мавжуд.

Яна бир ёш қаламкашнинг билдиришича, у “Маҳалламиз қачон обод бўлади?” сарлавҳали мақола ёзган. Мақолада маҳалла ободончилиги муаммолари кўтарилган. Лекин мақола газетага чиққанида “маҳалламиз обод бўлишига ишонаман”, деганга ўхшаш бутунлай бошқача талқин кўриниб қолган. Яъни мақола ғояси таҳририят томонидан буткул ўзгартирилган.
XS
SM
MD
LG