Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 16:34

Марказий газеталар шарҳи


Дилнаво Ўтган ҳафтада марказий нашрларда, асосан, бўлажак парламент сайловига тайёргарлик мавзуси етакчи бўлди. Баъзи газеталар саҳифаларида партиялардан кўрсатилган номзодлар тўғрисида маълумотлар берилди.

“Ҳуррият” газетасининг 15 декабр сонида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Маъруф Отахоновнинг “Барча газеталарни ўқийдиган жой бўлса” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Унда қуйидаги сўзлар бор: “Тўртинчи ҳокимият мақомини эгаллаш учун курашадиган марказий газеталар нега камхаридор? Обуна маъракаси ҳам қийин кечади. Табиий савол туғилади: марказий газеталарнинг ижодий ходимлари, умуман Ўзбекистон журналистикаси “тўртинчи ҳокимият” мақомини эгаллаш учун бор имкониятлардан тўлақонлича фойдаланяптими? Биламиз, бу борада давлат томонидан кенг шароит яратилган. Энг муҳими, цензура бекор қилинди, нашрларда реклама, эълонлар чоп этиб, жамоанинг иқтисодий аҳволини яхшилаш имкониятлари вужудга келди ва ҳоказо. Бунга қарамасдан нега матбуотимизда бир хиллик кўзга ташланади? Обунага тўсиқ бўлаётган, муштарийларни зериктираётган нарса шу эмасмикин? Қатор нашрларнинг биринчи ва иккинчи бетлари эски услубда бир хил оҳанг, бир хил мавзу, гоҳида бир хил суратлар билан нашр этилишига ҳожат бормикин?”


“Ўзбекистон овози” газетасининг 18 декабрь сонида Ғаффор Ҳотамов ва Қуддус Аъзамовнинг “Мустақиллик майдони” сарлавҳали тарихий-ҳужжатли мақоласи эълон қилинди. Унда Мустақиллик майдонининг вужудга келиши тарихи ҳақида, жумладан, қуйидаги маълумотлар келтирилган: “1864-65 йилларда полковник Черняев бошчилигидаги чор қўшинлари Тошкент шаҳрини босиб олиш учун ҳужум қилади ва жанг давомида Ўрдага жиддий шикаст етади. Шу боис, Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил топгач, 1867 йили генерал-губернатор Кауфман Ўрда ўрнида ўзига қароргоҳ - Оқ уй барпо этади. Бу ерда, шунингдек, ҳарбий истеҳком ҳам қурилади. 1888 йили эса Спас-Преображение ҳарбий собори тикланади… Собор майдони аслида ҳарбий парад ўтказиш учун мўлжалланган, замонлар ўтиши билан у шаҳарнинг сиёсий марказига айланган… Шўро тузуми қарор топгач, 1917 йили Собор майдони Қизил майдон деб аталади. 1931 йили Оқ уй ўрнида Ҳукумат уйи қурилади. 1936 йили Ҳукумат уйи олдида Ленинга ҳайкал ўрнатилади…
1966 йили Тошкент зилизиласидан сўнг майдон қайта таъмирланди ва Ленин номи билан атала бошланди. 1974 йилнинг 20 октябрида эса бу ерда ўн саккиз метрлик, постаменти билан бирга 34 метрлик янги ҳайкал ўрнатилди… 1975 йилнинг 7 майида Москвадаги Қизил майдондан нусха олиб, бу ерда ҳам парадлар хиёбонининг кунчиқар тарафида “Номаълум солдат қабри” “барпо” этилди ва бронзадан каска ҳамда дафна бўтоғи шакли ишланиб, “Сенинг исминг номаълум, жасоратинг барҳаёт”, деб ёзиб қўйилди”.


“Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг 17 декабр кунги сонида Андижон вилояти Шаҳрихон туманидан Абдунаби Абдуҳалимовнинг “Ўсма билан ўсманинг фарқи ёхуд икки хил ў товуши ҳақида мулоҳазалар” сарлавҳали мақоласи чоп этилди. Мақолада таъкидланишича: “Ў ҳарфи она тилимизда икки хил товуш билан талаффуз қилинади. Буни мутахассислар ҳам эътироф этишади”.

Талаффузда бир-биридан кескин фарқ қиладиган ў товушини аниқроқ ажратиш учун мақола давомида муаллиф бир неча мисоллар келтиради: “Ўт (олов), ўт (ўсимлик), ўт (буйруқ феъли), ўт (ўт пуфаги). Ўсма - бу наботот, барглари қўл билан қисилиб, ҳосил бўлган шарбатини қизлар, аёллар қошларига сурадиган ўсимлик. Ўсма (буйруқ феъли), ўсма (инсон ёки ҳайвон танасида пайдо бўладиган шиш). Бу товушлар бир-биридан кескин фарқланишини биламиз. Лекин ҳамма гап шундаки, сўзлар талаффузини жойига қўямиз-у, уларнинг алоҳида белгилар билан ифодаланиши зарурлигига етарли эътибор бермаймиз”.
XS
SM
MD
LG