Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 13:20

Янги ҳоким, эски ҳоким, ҳаммаси бир ҳоким


Турғунбек 9 декабрь куни Андижон вилояти Шаҳрихон тумани ҳокимлиги биноси олдида юзга яқин аёл ва қария тўпланиб, табиий газ ва электр таъминотидаги узилишлар муаммосидан шикоят қилган эди.

Йиғилганлар мазкур муаммони ечишга уринмаётган туман ҳокими Муҳаммаджон Раззоқовнинг истеъфосини талаб қилганди. Хабарларга кўра, орадан бир кун ўтиб – 10 декабрь куни вилоят ҳокими Сайдулла Бегалиев туман халқ депутатлари кенгаши йиғилишини ўтказиб, туман ҳокимини вазифасидан озод этган эди.

“Озодлик” мухбири шу туманда яшовчи фуқаролар билан суҳбатлашганда улар янги ҳоким иш бошлагани билан газ ва электр муаммоси ҳамон ҳал этилмаётганини билдирди.

Шаҳрихон туманидаги Бўстон маҳалласида яшовчи 81 ёшли Собиржон Қозоқовнинг сўзларига қараганда, бу ерда газ йўқ, чироқ ҳар куни ўчади. Туманга янги ҳоким тайинлангандан кейин 3-4 кун давомида газ келган. Лекин яна тўхтаган.

Шаҳрихонликларнинг таъкидлашича, расмийлар газ ва электр танқислиги аҳолининг тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани сабабли юзага келганини айтмоқда. Аммо нафақа ва иш ҳақлари тарқатилаётганида бу тўловлар мажбурий равишда олиб қолинади. Маҳаллалар газ билан таъминланмаса ҳам аҳоли газ учун пул тўлаяпти. Газ йўқлиги сабабли аҳоли ҳовлилардаги мевали дарахтларни кесиб, ўтин қилмоқда.

Шаҳрихон туманида чоп этиладиган “Янги ҳаёт” газетаси бош муҳаррири Йўлдош Султоновнинг фикрича, газ ва электрга ҳақ тўлаш тизими нотўғри. Шунинг учун кишилар ҳақ тўлашда қийналмоқда.

Туман ҳокимининг биринчи ўринбосари Толиб Усмоновнинг айтишича, айни пайтда туманда мавжуд газ ва электр таъминоти муаммосини ҳал қилиш учун тегишли идоралар билан ҳамкорликда чора изланмоқда.
XS
SM
MD
LG