Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:42

МДҲ давлатлари ўз фуқароларини денгиз тўфони юз берган Жанубий Осиё минтақасидан эвакуация қилмоқда.


Жанубий Осиё мамлакатларида якшанба куни юз берган цунами, яъни, денгиз тўфони оқибатида нобуд бўлганлар сони сўнгги маълумотларга кўра, 119 мингга етди. Минтақада қутқариш ишлари давом этаётгани боис, қурбонлар сони ҳам кўпаймоқда. Табиий офатдан азият чеккан одамларга ёрдам кўрсатиш ишлари давом этар экан, мутахассислар тоза ичимлик суви етишмаётгани ва санитария ҳолати йўқ даражада бўлгани учун аҳоли орасида турли касаллик, хусусан ичбуруғ ва вабо каби ўта хавфли касалликлар тарқалиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирмоқда. БМТнинг Женева шаҳридаги Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти матбуот вакили Оливер Розенбауер бу ҳақда Озодлик радиосига шундай деди: ”Уч миллиондан беш миллионгача аҳоли уйсиз қолган. Улар одамлар билан тўла, санитария шароити ёмон бўлган вақтинчалик лагерларда яшайдилар. Бу эса аҳоли орасида турли юқумли касалликлар тарқалишига олиб келиши мумкин”. Дунёнинг ривожланган давлатлари ва турли халқаро ташкилотлар ҳозиргача цунамидан азият чеккан Жанубий Осиё давлатларига 220 миллион доллар ҳажмида ёрдам беришни ваъда қилди. Шунингдек, пайшанба куни Жаҳон банки ўндан ортиқ Осиё давлатининг табиий офат вайрон қилган минтақаларига 250 миллион доллар ёрдам маблағи ажратилишини эълон қилди. Айни пайтда, дам олиш учун Жанубий Осиё мамлакатларига борган чет элликлар, жумладан МДҲ давлатлари фуқаролари ҳам имкон қадар қисқа фурсатда ўз ватанларига қайтарилмоқда.

Шри Ланкадаги Россия фуқароларининг 21 кишидан иборат биринчи гуруҳи чоршанба куни мамлакатга самолётда қайтиб келди. Улар орасида Станислав исмли йигит ҳам бор. У Ройтер ахборот агентлиги мухбирига кўрганлари ҳақида бундай деди:

”Албатта қўрқинчли бўлди. Бундай вазиятда одам нима қилишини ҳам билмай қоларкан. Биз тепароқ жойга чиқиб олишга ҳаракат қилдик. Чунки тўлқин қанча катта бўлишини биз билмасдик”.

Шри Ланка пойтахти Коломбо шаҳридаги Россия элчихонаси россиялик туристларга озиқ-овқат ва кийим бериш билан ёрдам кўрсатди. Россияликлар сафарни уюштирган туристик ширкат вакиллари уларни тақдир тақазосига ташлаб қўйганидан шикоят қилдилар. Табиий офат натижасида россиялик фуқаролар жабрланмаган.

Таиланднинг цунами вайрон қилган Пукет оролида россиялик икки турист – москвалик бир аёл ва унинг 6 яшар ўғли нобуд бўлди. Пайшанба куни Таиландга жўнатилган самолёт ҳам Россия фуқароларини эвакуация қилади. Банкокдаги Россия элчихонаси 600 нафар россияликни рўйхатга олган. Уларнинг биронтаси табиий офатдан зарар кўрмаган. Бироқ 40дан ортиқ россиялик тақдири номаълумлигича қолмоқда.

Беларус ҳукумати маълумотига кўра, денгиз тўфони юз берган пайтда минтақада 24 нафар Беларус фуқароси бўлган. Беларуслик тадбиркор Ихар Макалович укаси бахтли тасодиф туфайлигина цунамидан омон қолгани ҳақида шундай деди:

”У маъшуқаси билан суратга тушиш учун тоққа чиққан пайтда цунами юз берган. Шунинг учун улар омон қолган. Сув тўлқини улар тўхтаган меҳмонхонани таг-туги билан ювиб кетган”.

Қозоғистон ҳукумати ҳам Жанубий Осиё мамлакатларидан 75 нафар фуқаросини эвакуация қилди. Цунами юз берган Таиланд жанубидан Қозоғистонга қайтган Лада Ли фожиани шундай тасвирлади:

”Тўфон ҳақиқатан жуда, жуда даҳшатли бўлди. Сув иккинчи қаватдан ҳам баландга кўтарилиб, деразаларни синдирди ва одамларини оқизиб кетди”.

Чоршанба куни Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги беш нафар қозоғистонлик Пукетдаги касалхонада экани, уч нафари эса бедарак йўқолганини маълум қилди.
Озарбайжоннинг Ҳиндистондаги элчиси Тамерлан Караев Жанубий Осиё давлатларига сафарда бўлган 17 нафар Озарбайжон фуқароси соғ ва омонлигига умид билдирди:


”Худога шукур, ҳозирча улар тақдири тўғрисида биронта ёмон хабар олганимиз йўқ”.

Арманистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот вакили Хамлет Гаспариян цунами оқибатида Арманистон фуқаролари нобуд бўлгани тўғрисида ҳозирча хабар олинмаганини аммо табиий офатда арманлар ҳам ўлган бўлиши мумкинлигини айтади.

Денгиз тўфонидан омон қолган миллионлаб одам ҳозирда озиқ-овқат ва тиббий дори-дармонга муҳтож. Сув тошқинидан кейин минтақада тоза ичимлик суви етишмаётгани ва санитария ҳолати бутунлай йўқ бўлгани сабабли аҳоли орасида турли юқумли касалликлар тарқалиши мумкинлигидан хавотир билдирилмоқда. Пайшанба куни Ҳиндистон ҳукумати денгиз тўфони яна қайтарилиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Айни пайтда, Ҳиндистон АҚШ, Австралия ва Япония билан бирга табиий офатдан азият чекканларга ёрдам кўрсатиш ишларини мувофиқлаштиришга розилик билдирди. Сўнгги маълумотларга кўра, цунами оқибатида Ҳиндистоннинг 10 мингдан ортиқ фуқароси нобуд бўлган. Улар сони 17 минггача етиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда.
БМТнинг ёрдам кўрсатувчи агентликлари малумотига кўра, Ҳиндистоннинг табиий офат юз берган минтақаларда яшовчи салкам 5 миллион одам халқаро ёрдамга мухтож.
XS
SM
MD
LG